40
Зеро, эй Исроил, бутун хонадонинг фақат Менинг муқаддас тоғимда, Исроилнинг баланд тоғида, ўша юртда Менга сажда қилади, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Ўша ерда сизларни қабул қиламан. Ҳадялару аъло инъомларингизни, муқаддас тортиқларингизни келтиришни буюраман.
Ўша куни катта карнай чалинади. Оссурия юртида йўқолганлар, Миср юртига қувилганлар келиб, Қуддусдаги муқаддас тоғда Эгамизга сажда қилади.
“Мен сизларни муқаддас тоғимга олиб келаман. Маъбадимда сизларни мамнун қиламан. Куйдириладиган қурбонликлару назрларингиз Қурбонгоҳимда қабул бўлади. Менинг уйим барча халқларнинг ибодат уйи деб аталади.”
Кедарнинг ҳамма қўй сурувлари сенга келади, Наваётнинг қўчқорлари сенга хизмат қилади. Эгамизнинг қурбонгоҳида Улар қурбонлик деб қабул қилинади. Эгамиз Ўз уйини янада улуғвор қилади.
Ҳа, Исроил тоғининг чўққисига экаман. Новда бутоқ чиқариб, ҳосилга киради, кўркам садр дарахти бўлиб етишади. У ерда ҳар хил қушлар яшайди, турли паррандалар дарахтнинг шохлари соясида паноҳ топади.
Уларни ўша юртда ягона бир халқ қиламан. Ҳа, Исроил тоғларида улардан ягона давлат яратаман. Устиларидан бир шоҳ тайинлайман, улар ҳеч қачон икки шоҳликка ажралмайдилар.
Эгамиз Раббий шундай демоқда: “Мана энди Мен Ёқуб наслини яна фаровонликка эриштираман. Бутун Исроил халқига шафқат кўрсатаман. Обрўйим тўкилишига йўл қўймайман!
Шундай кунлар келадики, Эгамизнинг уйи турган тоғ Тоғларнинг энг юксаги бўлиб қарор топади. Бу тоғ ҳаммасидан ҳам баланд бўлади, Халқлар у ерга дарёдай оқиб келади.
Кўп эллар ва кучли халқлар Сарвари Оламдан илтифот сўрагани ва Унга сажда қилгани Қуддусга келадилар.
Қуддусга қарши уруш очганлардан тирик қолганлари эса ҳар йили Шоҳ — Сарвари Оламга сажда қилишга ва Чайла байрамини нишонлашга келишади.
Кейин Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси келтирган назрлар Эгамизга олдингидай маъқул бўлади.