Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Улар тўйганини билмаган Очкўз итларга ўхшар, Бу чўпонлар идроксиз! Ўз фойдасини кўзлаб, Ҳар бири ўз йўлидан кетди. Ахир, чўпонлар аҳмоқ, Улар Эгамиздан маслаҳат олмадилар. Шунинг учун ҳам ишлари ўнгидан келмади, Қўйлари ҳар ёққа тарқалиб кетди. Эй чўпонлар, уввос солиб йиғланглар! Эй йўлбошчилар, кулга беланинглар! Бўғизланадиган кунингиз етиб келди, Жасадларингиз ерда сочилиб ётади, Чилпарчин бўлган қимматбаҳо кўзадай бўлади. Менинг халқим адашган қўйларга ўхшайди. Чўпонлари уларни йўлдан адаштириб, тоғларга ҳайдаб юбордилар. Улар тоғлару қирларда дарбадар кезиб, оромгоҳини унутдилар. “Эй инсон, Исроилда ўзича башорат қилиб юрган пайғамбарларга қарши башорат қил. Уларга шундай деб айт: «Эгамизнинг сўзларини эшитинг! Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй аҳмоқ пайғамбарлар, ҳолингизга вой! Сизлар ҳеч қандай ваҳий кўрмагансиз, башоратларингизни ўзингиз ўйлаб тўқигансиз.» Исроил халқига айт: «Пайғамбарларингиз шаҳар вайроналари орасида дайдиб юрган чиябўриларга ўхшайди. Мана, улар деворнинг ўпирилиб тушган жойларини қўриқламадилар, деворни тузатмадилар. Энди Менинг ғазаб кунимдаги жангда сизлар ўзингизни муҳофаза қила олмайсиз. Пайғамбарларингизнинг кўрган ваҳийлари сохта, кароматлари ёлғондир! Мен уларни юбормаганман, аммо улар ‘Эгамиз шундай демоқда’, деб гапирадилар. Яна ўз гаплари амалга ошишини кутадилар! Кўрган ваҳийлари сохта эмасми?! Айтган кароматлари ёлғон эмасми?! Мен уларга гапирмасам ҳам, ‘Эгамиз шундай демоқда’, деб айтишади! Пайғамбарларингиз ёлғон гаплар айтиб юрибдилар, сохта ваҳийлар кўряптилар. Шунинг учун уларга қаршиман, — деб айтмоқда Эгамиз Раббий. — Бу ёлғончи пайғамбарларга қўл кўтараман, уларни кенгашингиздан йўқ қиламан. Номларини Исроил халқи рўйхатидан ўчириб ташлайман, улар ҳеч қачон Исроил юртига қайтиб келмайдилар. Ўшанда Эгангиз Раббий Мен эканлигимни билиб оласизлар.» Эй инсон, нотинч пайтларда, бу пайғамбарлар «тинчлик», дея халқимни йўлдан урадилар. Халқим заиф девор кўтарганда, пайғамбарлар уни оҳак билан оқлайдилар. Шунинг учун деворни оқлаётганларга айт: «Бу девор қулайди. Унинг устига жала ёғади, катта–катта дўл тушади, унга қарши довул туради. Девор қулаганда одамлар сизларга: ‘Деворни оқлаганингиздан нима фойда чиқди?!’ деб айтмайдими? Эгамиз Раббий шундай демоқда: Мен ғазаб устида довул турғизаман. Қаҳр устида жала ёғдираман. Жаҳл устида дўл юбориб, деворни қулатаман. Сизлар оҳак билан оқлаган бу деворни Мен йиқитаман. Уни пойдеворигача очиб ташлайман. Қулаган девор сизларни босиб қолади, сизлар ҳаммангиз ҳалок бўласизлар. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар.» Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: шу йўсинда Мен ғазабимни девор ва деворни оқлаган одамлар устига ёғдираман. Мен сизларга: ‘Девор ҳам, уни оқлаган одамлар ҳам йўқ бўлди’, деб айтаман. Ҳа, бу пайғамбарлар нотинч дамларда Қуддус аҳолисига башорат қилиб, тинчлик ваҳийларини берган эдилар.» Исроил халқига айт: «Эгамиз Раббий шундай деб айтмоқда: шу йўсинда Мен ғазабимни девор ва деворни оқлаган одамлар устига ёғдираман. Мен сизларга: ‘Девор ҳам, уни оқлаган одамлар ҳам йўқ бўлди’, деб айтаман. Ҳа, бу пайғамбарлар нотинч дамларда Қуддус аҳолисига башорат қилиб, тинчлик ваҳийларини берган эдилар.» “Эй инсон, Исроил чўпонларига қарши башорат қилиб айт: «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Исроил чўпонлари, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар қўйларни боқиш ўрнига ўзингизни боқиб юрибсизлар! Энг семиз қўйларни сўйиб, ёғини ейсизлар. Жундан тўқилган кийимлар киясизлар. Қўйларни эса боқмайсизлар. Эй Исроил халқи, сизлар Менинг сурувим, яйловимдаги қўйларимсизлар, Мен эса сизнинг Худойингизман. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»” Қўйларни сотиб олганлар уларни ўлдириб, жазосиз юрибдилар. Қўйларни сотганлар эса: “Худога шукур! Биз боймиз”, дейдилар. Қўйларга ҳатто ўз чўпонларининг ҳам раҳми келмайди. Эй сурувни тарк этадиган қадрсиз чўпоним, Ҳолингга вой! Қилич сенинг қўлингни чопиб, Ўнг кўзингни ўйиб ташласин! Сенинг қўлинг бутунлай қуриб қолсин, Ўнг кўзинг кўр бўлсин!” Ёлланган одам эса қўйларнинг на чўпони, на эгасидир. У бўрининг келганини кўргач, қўйларни ташлаб қочади. Бўри эса қўйларни талаб, тумтарақай қилади. Ёлланган одам шунчаки ёлланган бўлгани учун ва қўйлар ҳақида қайғурмагани учун қочади.
Выбор основного перевода