Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
“Эгам суянган қоямдир, менинг қалъам, қутқарувчимдир. Ҳа, Худодир менинг қоям, Унда паноҳ топаман. Удир менинг қалқоним, қудратли нажоткорим, Қўрғониму бошпанам. Халоскорим, зулмдан мени Сен қутқарасан! Эгамга илтижо қиламан, Ғанимларимдан У мени халос қилади. Эгамизга ҳамду санолар бўлсин! Ўлим тўлқинлари мени қуршаб олганди, Бало–қазо селлари даҳшат ила босганди, Ҳа, ўликлар диёрининг тўрлари мени ўраб олганди, Ўлим ўз тузоғига мени асир қилганди. Кулфатда қолганимда Эгамга илтижо қилдим, Ҳа, Худойимга илтижо қилдим. Маъбадидан туриб У овозимни эшитди, Оҳу нолам қулоғига етиб борди. Ўша замон ер юзи титраб, тебранди, Осмон пойдевори ларзага келди, Эгам ғоят ғазабга минган эди. Бурнидан тутун буруқсаб чиқарди, Оғзидан оташ пишқирарди, Олдидан қип–қизил чўғ ёғиларди. У кўкларни ёриб, пастга тушди, Оёқлари остида — қора булут. Эгам бир карубга миниб учиб келди, Ел қанотлари узра кўринган эди. Атрофини зулмат билан ўради, Атрофидаги қора булутларни Ўзига чайла қилди. Улкан нур Эгамнинг олдидан чиқди, Қип–қизил чўғ ёғилиб турди. Эгамнинг овози кўклардан гулдиради, Худойи Таолонинг садоси эшитилди. Ўқлар отди, чақмоқ чақтириб, ёвларини тирқиратди, Уларни саросимага солди. Эгамнинг таҳдидларидан, Унинг қаҳрли нафасидан Денгизнинг туби кўриниб қолди, Замин пойдевори яланғоч бўлиб қолди. Эгам юқоридан қўл узатиб, мени тутди, Баҳайбат сувлардан мени чиқариб олди. Мени кучли ғанимларим қўлидан, Мендан нафратланган ёвларимдан қутқарди, Улар мендан кучли эдилар. Қора кунимда улар менга ҳамла қилдилар, Аммо Эгам менга таянч бўлди. Мени бехавотир жойга чиқариб қўйди, Мендан мамнун бўлиб, нажот берди. Эгам солиҳлигим учун мени мукофотлайди, Айбсизлигим учун мени тақдирлайди. Зеро, мен Эгамнинг йўлидан юрдим, Ахлоқсизлик қилмадим, Худойимдан юз ўгирмадим. Унинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилдим, Фармонларидан бўйин товламадим. Унинг олдида бенуқсон бўлдим, Гуноҳ қилишдан ўзимни сақладим. Шу сабабли Эгам мени пок деб билди, Солиҳлигимга яраша мукофот берди. Эй Эгам! Сенга содиқ бўлганга Сен содиқ бўласан, Яхши инсондан яхшилигингни аямайсан. Пок кишига поклигингни кўрсатасан, Эгрининг айёрлигини ўз бошига соласан. Аҳли камтарга эса нажот берасан, Димоғдорни кузатиб, ерга урасан. Эй Эгам! Сен Ўзинг чироғимсан, Зулматни мен учун ёруғликка айлантирасан. Эй Худойим! Сенга суяниб лашкарни йўқ қиламан, Сенга суяниб деворлардан ошиб ўтаман. Худонинг йўли комилдир, Эгамизнинг каломи чин ҳақиқатдир, Паноҳ излаб борганга У қалқондир. Эгамиздан бошқа Худо ким экан?! Худойимиздан бўлак суянчиқ Қоя бормикан?! Менинг мустаҳкам қалъам Худодир, Йўлимни Ўзи бехатар қилади. У оёқларимни кийик оёғидай қилади, Чўққилар узра мени бехатар юргизади. Қўлларимни жанг қилишга ўргатади, Бармоқларим бронза ёйни бука олади. Эй Эгам, Сен менга зафар қалқонингни бергансан, Мададинг эса мени юксалтиради. Оёқларим учун йўлимни кенг қилгансан, Оёқларим сира оғиб кетмайди. Ғанимларимни қувлаб, ҳалок қилдим, Уларни йўқ қилмай ортга қайтмадим. Уларни шундай эздимки, ҳеч ҳам тура олмадилар. Оёқларим остида чўзилиб қолдилар. Сен менга қувват бериб, жангга юбординг, Менга қарши отланган ёвни олдимда бош эгдирдинг. Ғанимларимни мендан қочирдинг, Мендан нафратланганларни мен йўқ қилдим. Улар мадад сўраб фарёд қилдилар, Нажоткорни эса тополмадилар, Эй Эгам, ғанимларим Сенга ёлвордилар, Аммо Сен жавоб бермадинг. Ердаги тупроқ сингари уларни эздим, Йўлдаги лойдек тепкилаб босдим. Сен мени халқим ғийбатидан халос қилдинг, Мени элларга йўлбошчи қилиш учун сақладинг. Ўзим танимаган элат менга қарам бўлди. Ёт эллар менга бўйин эгдилар, Овозимни эшитибоқ қулоқ тутдилар. Ёт эллар ҳолсизланиб йиқилдилар, Қалтираб манзилидан чиқиб қочдилар. Эгам барҳаётдир! Суянган Қоямга олқишлар бўлсин! Нажотим қояси — Худойим юксалсин! Қасдимни олган Худодир, Халқларни менга У тобе қилган. Мени ғанимларимдан У қутқарган, Босқинчилардан мени устун қилган, Мени зўравонлар қўлидан халос этган. Шу боис, эй Эгам, халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтаман! Сени куйлаб сано айтаман! Эгамиз Ўз шоҳини улуғ зафарларга эриштиради, Ўзи танлаган шоҳ Довуд ва унинг наслига То абад содиқ севгисини кўрсатади.”
Выбор основного перевода