Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
“Онанг қорнида сенга шакл бермасимдан олдин сени билган эдим, Туғилмасингдан олдин сени Ўзим учун ажратиб олган эдим. Халқларга сени пайғамбар этиб тайинлаган эдим.” Исроил халқининг Худоси — Эгамиз менга шундай деди: “Қўлимдаги косани ол. Бу коса ғазабим шаробига тўла. Мен сени қайси халқлар олдига юборсам, бу косадаги шаробдан уларга ичир. Улар шаробдан ичадилар, гандираклаб қолиб, ақлдан озадилар. Ахир, Мен уларга қарши қилич юбораман.” Мен Эгамизнинг қўлидаги косани олдим. Эгамиз мени қайси халқлар олдига юборган бўлса, ўша халқларга шаробдан ичирдим: Қуддус, Яҳудо юртининг шаҳарлари ва у ердаги шоҳу аъёнлар хонавайрон бўлсин деб, мен уларга шаробдан ичирдим. Бугунгача уларнинг аҳволини кўриб одамлар ёқасини ушлайди, халқимнинг номини қарғишларга қўшиб ишлатишади. Сўнг мен Мисрга йўл олдим. Фиръавн, унинг хизматкорлари, аъёнлари, бутун халқи ва у ерда яшаётган мусофирларга шаробдан ичирдим. Сўнг Уз номли юртнинг шоҳларига, шунингдек, Ашқалон, Ғазо, Эхрон ва талафот кўрган Ашдодда ҳукмронлик қилган ҳамма Филист шоҳларига шаробдан ичирдим. Сўнг мен Эдом, Мўаб, Оммонга, Тир, Сидон ва денгиз ортидаги юртларнинг шоҳларига шаробдан ичирдим. Дедон, Темо, Буз ва сочини олдириб юрадиган бошқа ҳамма халқларга шаробдан ичирдим. Ҳамма Арабистон шоҳларига, саҳрода яшайдиган ҳар хил кўчманчи қабилаларнинг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим. Зимри, Элам ва Мидия юртларининг ҳамма шоҳларига шаробдан ичирдим. Шимолдаги узоқ–яқинда бўлган ҳамма шоҳларга шаробдан ичирдим. Ер юзидаги барча салтанатларга бирин–кетин бориб келдим. Охири косадаги шаробдан Бобил тахтида ўтирган шоҳ ичадиган бўлди. Эгамиз менга деди: “Уларга шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: ғазаб косамдан ичинглар! Маст бўлиб қусинглар! Турмайдиган бўлиб йиқилинглар, чунки Мен сизларнинг устингизга қилич юборяпман.» Борди–ю, улар қўлингдаги косани олишдан ва шароб ичишдан воз кечсалар, сен уларга шундай деб айт: «Сарвари Олам сизларга демоқда: ичишингиз шарт! Мана, Ўзимга тегишли Қуддус шаҳрига кулфат ёғдира бошладим. Сизлар жазодан қочиб қутулармидингиз?! Йўқ, жазодан қутула олмайсизлар! Мен ер юзидаги барча одамларни уруш балосига гирифтор этаман, — деб айтмоқда Сарвари Олам.» Шунинг учун, эй Еремиё, сен бу сўзларнинг ҳаммасини уларга айт: «Эгамиз юксакдан шердай ўкиради, Муқаддас маконидан садо беради. Юртига шиддат билан ўкиради. Узум эзувчилар каби бақиради, Ер юзидаги ҳамма инсонларга ҳайқиради. Гумбурлаши дунёнинг четигача эшитилади. Зеро, Эгамиз халқларга даъво қилмоқда, Дунёдаги одамзодни У ҳукм этмоқда, Фосиқларни қиличдан ўтказмоқда. Эгамизнинг каломи шудир. Сарвари Олам шундай демоқда: Қаранглар, фалокат келмоқда, Халқдан халққа юқмоқда! Дунёнинг тўрт бурчагидан Кучли бўрон кўтарилмоқда! Ўша куни бутун ер юзи, бу бошидан нариги четигача Эгамизнинг қудратидан нобуд бўлган одамларнинг жасадларига тўлади. Марҳумлар учун ҳеч ким марсия айтмайди, ҳеч ким уларни йиғиб кўммайди. Улар ер устида гўнгдай ётаверади. Эй чўпонлар, уввос солиб йиғланглар! Эй йўлбошчилар, кулга беланинглар! Бўғизланадиган кунингиз етиб келди, Жасадларингиз ерда сочилиб ётади, Чилпарчин бўлган қимматбаҳо кўзадай бўлади. Чўпонлар ҳеч қаерга қоча олмайди, Йўлбошчилар қутулолмайди. Эшитинг! Йўлбошчилар фарёд қилмоқда, Чўпонлар ҳўнграмоқда! Эгамиз уларнинг яйловларини нобуд қиляпти. Сўлим майсазорларини пайҳон этяпти. Ахир, Эгамизнинг ғазаби аланга олди. Ўлжа қидириб уясидан чиққан шердай, Эгамиз Ўз маконидан чиқди. Эгамизнинг алангали ғазаби туфайли, Уруш балоси туфайли Бутун юрт харобазорга айланади.»”
Выбор основного перевода