Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Олий руҳоний Хилқиё котиб Шофонга: “Эгамизнинг уйидан Таврот китобини топиб олдим”, деб китобни Шофонга берди. Шофон китобни ўқиди. Кейин шоҳнинг ҳузурига бориб: “Хизматкорларингиз Эгамизнинг уйидаги бор кумушни ўша ердаги ишбошиларга бердилар”, деб ҳисобот берди. Кейин у шоҳга: “Руҳоний Хилқиё менга китоб берди”, деди–да, овоз чиқариб шоҳга китобни ўқиб берди. Шоҳ Тавротда ёзилган сўзларни эшитгач, қайғудан либосларини йиртиб ташлади. Кейин руҳоний Хилқиёга, Шофон ўғли Охихамга, Михиё ўғли Ахборга, котиб Шофонга ва ўзининг мулозими Осоёҳга шундай фармон берди: “Боринглар, топилган бу китобдаги сўзларга мувофиқ, мен тўғримда ҳам, бутун Яҳудо халқи тўғрисида ҳам Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билинглар. Оталаримиз бу китобдаги сўзларга қулоқ солмаганлари, ҳаммамиз учун ёзилган бу сўзларга риоя қилмаганлари учун, Эгамизнинг даҳшатли ғазаби бизга қарши ғоятда аланга олган.” Руҳоний Хилқиё, Охихам, Ахбор, Шофон ва Осоёҳ Хулда исмли пайғамбар аёл ҳузурига бориб, унга маслаҳат солдилар. Хулда пайғамбар Эгамизнинг уйидаги муқаддас либослар посбони Шаллумнинг хотини эди. Шаллум Тихвонинг ўғли, Хархаснинг набираси эди. Хулда Қуддуснинг Янги даҳасида яшарди. Жамики Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси, руҳонийлар, пайғамбарлар, зодагонлару авом халқ шоҳ бошчилигида Эгамизнинг уйига борди. Шоҳ Эгамизнинг уйидан топилган Таврот китобини бошидан охиригача уларнинг олдида ўқиди. Шоҳ Эгамизнинг уйи эшиги олдидаги устун ёнида туриб: “Эгамиз кўрсатган йўлдан юраман, амрларига итоат этаман, шартларига, фармонларига бутун қалбим билан, жону дилим билан қулоқ соламан, бу китобда ёзилган аҳд сўзларини адо этаман”, деб Эгамиз билан қайта аҳд қилди. Бутун халқ бу аҳдга қўшилди.
Выбор основного перевода