Худонинг Сандиғи у ерда уч ой турди. Обидадомнинг хонадонига ва жамики мол–мулкига Эгамиз барака берди.
Худо Обидадомни баракалаб, унга саккиз ўғил берган эди: тўнғич ўғли — Шамаё, иккинчиси — Ёҳузабад, учинчиси — Йўх, тўртинчиси — Сохор, бешинчиси — Натанил, олтинчиси — Омиёл, еттинчиси — Иссахор ва саккизинчиси — Фуллатай.
Марори наслидан бўлган Хўсахнинг тўрт ўғли бор эди. Унинг Шимри деган ўғли йўлбошчи эди. Шимри тўнғич ўғил бўлмаса ҳам, отаси уни йўлбошчи қилган эди.