Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Қулоқ солинг, эй халқим, ўгитларимга, Қулоқ тутинг оғзимдан чиққан сўзларга. Оғзимни очаман масалга, Ўтмишнинг сирли сабоқларин ўргатаман сизга. Буларни айтган эди ота–боболаримиз, Улардан эшитганмиз, биламиз. Эгамизнинг ҳамдга лойиқ ишларини, Унинг қудратини, У қилган ажойиботларни Биз яширмай айтамиз ота–боболаримиз наслига, Ҳикоя қиламиз болаларимизга. Ёқуб наслига У фармон берди, Исроилга қонун тайинлади. Ота–боболаримизга амр бериб: “Болаларингизга ўргатинг”, деди. Токи келажак насллар буларни билсин, Билсин ҳатто туғилмаган болалар, Ўз навбатида болаларига айтсин улар. Болалари ҳам умидини боғласин Худога, Худонинг ишларини унутиб қўймай, Риоя этсин Унинг амрларига. Токи улар ота–боболарига ўхшаб, Ўжар, исёнкор насл бўлмасин. Юрагида Худога садоқати бўлмаган, Руҳан беқарор насл бўлмасин. Ўқ–ёй билан қуролланган Эфрайим жангчилари Жанг кунида ортига қайтди. Улар Худонинг аҳдига риоя қилмадилар, Унинг қонунлари бўйича юришни рад этдилар. Улар унутдилар Худонинг қилган ишларини, Худонинг уларга кўрсатган мўъжизаларини. Миср диёридаги Зўван текислигида, Уларнинг ота–боболари кўз ўнгида Худо мўъжизалар кўрсатганди. Денгизни ёриб, ўртасидан уларни ўтказди, Сувларни девор каби тик қилиб қўйди. Кундузи уларни булут орқали етаклади, Тун бўйи аланга ёруғи орқали етаклади. У саҳродаги қояларни парчалади, Денгиз сувидай мўл сувни уларга берди. Қоядан ирмоқларни чиқарди, Сувларни дарёлардай оқизди. Улар саҳрода Худойи Таолога қарши исён кўтариб, Унга қарши гуноҳ қилавердилар. Улар атайлаб Худони синадилар, Кўнгли тусаган овқатни талаб қилдилар. Улар Худога қарши сўзлаб, дедилар: “Саҳрода Худо бизга дастурхон ёза олармиди?! Мана, У қояга урганда, Сув дарё–дарё бўлиб оқди, Ирмоқлар тўлиб–тошди. Энди У Ўз халқига нон бера олармикан? Халқини гўшт билан таъминлай олармикан?” Эгамиз уларнинг гапини эшитиб, Қаттиқ ғазабга минди. Ёқуб наслига қарши ғазаб алангасини пуркади, Ҳа, Исроил наслига қарши қаҳрини сочди. Улар Худога ишонмадилар, Унинг нажотига таянмадилар. Худо самолардан туриб амр берди, Осмон қопқаларини очиб юборди. Улар есин деб, манна ёғдирди, Осмоннинг донини уларга берди. Одамзод фаришталар нонидан еди, Худо уларга мўл–кўл таом юборди. У самолардан шарқ шамолини эстирди, Қудрати билан жануб шамолига йўл кўрсатди. У чангдай мўл қилиб, халқига гўшт ёғдирди, Ҳа, денгиздаги қумдай мўл қилиб қушлар ёғдирди. Буларни уларнинг қароргоҳига ёғдирди, Уларнинг чодирлари атрофига туширди. Улар тўйгунларича едилар, Худо уларга кўнгиллари тусаганини берди. Бироқ ҳали кўнгли тусаганига тўймаган, Луқмалари ҳали уларнинг оғизларида экан, Худо ғазабини уларга сочди, Уларнинг кучлиларини ўлдирди, Исроилнинг гулдай йигитларини ер тишлатди. Шуларга қарамай, улар гуноҳ қилавердилар, Худонинг мўъжизаларига ишонмадилар. Худо уларнинг кунларини бир нафасдай битирди, Уларни ваҳимага солиб, умрларини барбод қилди. Баъзиларини Худо ўлдирди, Шундагина қолганлари Унга интилди, Тавба қилиб, яна Худога қайтди. Улар шундай деб эсладилар: “Ҳа, Худо суянган қоямиз, Бизнинг қутқарувчимиз Худойи Таоло.” Аммо Худога хушомад қилардилар, Унга тиллари билан ёлғон сўзлашарди. Юракларида эса Худога содиқ эмас эдилар, Унинг аҳдига бевафолик қилдилар. Худо–чи, шафқат қилди, Кечирди уларнинг гуноҳларини, Қириб ташламади уларни. Кўпинча У ғазабини босди, Бутун ғазабини сочмади. Худо эслади: “Улар шунчаки бандалардир, Эсиб, бошқа қайтиб келмас шамолдир.” Саҳрода Худога қанчалар кўп исён қилдилар! Дашту биёбонда Уни хафа қилдилар. Худони улар такрор–такрор синадилар, Исроил халқининг Муқаддас Худосини ранжитдилар. Улар Худонинг қудратини, Уларни душмандан қутқарган кунни эсдан чиқардилар. Худо Мисрда кўрсатган мўъжизаларни, Ҳа, Зўван текислигида кўрсатган ажойиботларни унутдилар. Мисрдаги дарёларни Худо қонга айлантирди, Мисрликлар ирмоқлардан сув ичолмай қолди. Уларни еб битирсин дея, пашшалар галасини юборди, Юртни вайрон қилсин дея, қурбақалар юборди. Уларнинг ҳосилини Худо чигирткаларга ем қилди, Уларнинг меҳнати маҳсулини чигирткаларга берди. Узумзорларини дўл билан яксон қилди, Шикамора–анжир дарахтларини жалада нобуд этди. Уларнинг чорвасини дўлга дучор қилди, Уларнинг подасини яшин алангасига берди. Кулфат элчиларини юборгандай Худо уларга алангали ғазабини, қаҳрини, Нафратини ҳамда мусибатни сочди. У Мисрдан ғазабини қайтармади, Уларнинг жонларига шафқат қилмади, Уларни вабога дучор қилди. Мисрнинг ҳамма тўнғич ўғилларини нобуд қилди, Ҳа, Хом авлодининг фахри, Қут–барака тимсолини йўқ қилди. Ўз халқини эса Худо қўйдай етаклаб чиқди, Уларни саҳро бўйлаб сурувдай бошлаб борди. Эгамиз эсон–омон бошлаб борди, Улар қўрқмадилар, Уларнинг ғанимларини эса денгиз ютди. Эгамиз халқини Ўз муқаддас юртига, Ўз кучи билан қўлга киритган тоққа олиб келди. Ўз халқининг олдидан бошқа халқларни қувди, Уларнинг юртини мулк қилиб бўлиб берди, Исроил қабилаларини уларнинг чодирларида ўрнаштирди. Улар ҳамон Худойи Таолони синардилар, Унга қарши исён кўтариб, фармонларига бўйсунмадилар. Оталари каби бевафолик қилиб, хоинлик қилдилар, Яроқсиз камонга ўхшаб ишончсиз чиқдилар. Саждагоҳлари билан улар Худони ғазаблантирдилар, Бутлари билан Унинг рашкини қўзғатдилар. Буларни эшитганда Худо, ғазабга минди, Шундан сўнг Исроилни тамом рад этди. У Шилўдаги Ўз масканини, Инсонлар орасида тиккан Чодирини тарк этди. Душманга асир қилиб берди Аҳд сандиғини, Ўзининг қудратию шуҳрати рамзини. Ўз халқини У қиличга рўпара қилди, Ғазабини танлаган халқига сочди. Йигитларини аланга ямламай ютди, Қизлари никоҳ қўшиқларини айтолмай қолди. Руҳонийлари қилич тиғидан йиқилди, Руҳонийларнинг бевалари аза тутолмай қолди. Шунда Раббий қўзғалди уйқудан уйғонгандай, Шаробдан ҳайқираётган баҳодирдай. Душманларини У тирқиратиб қувди, Уларни абадий шармандаликка дучор қилди. Юсуф наслини Худо рад этди, Эфрайим қабиласини танламади. Унинг ўрнига Яҳудо қабиласини, Ўзи севган Сион тоғини танлади. Абадий ўрнатган ер курраси каби, Самолар каби, Ўз муқаддас масканини қурди. Худо Ўз қули Довудни танлаб олди, Қўй қўрасидан уни чақириб олди. У Довудни совлиқ қўй, қўзиларга чўпонликдан олди. Ўзининг халқи Исроилга, Ёқуб наслига чўпон қилиб тайинлади. Довуд уларга ҳалоллик билан чўпонлик қилди, Моҳирлик билан уларни етаклаб борди. Чўпон каби, У Ўз сурувини боқади, Қўзиларни қўлларида кўтаради. Уларни кўтариб, бағрига босади, Қўзилари билан бирга она қўйни Эҳтиётлаб ҳайдаб боради. Мен улар устидан бошқа чўпонларни тайинлайман. Чўпонлар қўйларимни боқадилар. Шунда қўйларим ҳеч нарсадан қўрқмайди, саросимага тушмайди. Уларнинг биронтаси ҳам йўқолмайди.” Эгамизнинг каломи шудир. Эгамиз демоқда: “Шундай кунлар келадики, Мен Довуд наслидан солиҳ бир новдани етиштираман. Бу Шоҳ донолик билан ҳукмронлик қилади. Адолат ва тўғрилик билан иш тутади. Қулим Довуд уларнинг шоҳи бўлади. Ҳа, ҳаммасини бир чўпон бошқаради. Улар қонун–қоидаларимга риоя қилиб, фармонларимни битта қолдирмай бажаришади. Бундан кейин улар қайтадан Эгаси Худога ва Довуд наслидан бўлган шоҳга юз буришади. Келажакда Эгамизга қўрқув билан бўйин эгишади. Худонинг баракасидан баҳраманд бўлишади. Эгамизнинг қудрати ила ўша ҳукмдор сурувини боқади, Ўз Эгаси Худонинг улуғворлиги ила уларни бошқаради. Исроил халқи хатарсиз яшайди, Ахир, ҳукмдорининг довруғи бутун дунёга ёйилади. Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун жонини фидо қилади. Тинчлик берадиган Худо Раббимиз Исони ўликдан тирилтирди. Исо Ўз қони билан абадий аҳдни муҳрлагани учун, Худо Уни Ўз халқининг улуғ Чўпони қилиб тайинлади.
Выбор основного перевода