Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Исроил халқининг бутун жамоасига етказинглар: шу ойнинг ўнинчи кунида оила бошлиқлари битта қўзи ёки улоқча танлайди. Буни хонадондагилар тановул қилади. Битта жонлиқ бир оилага кўплик қиладиган бўлса, оила аъзоларининг сони ва бир одам тановул қиладиган гўшт миқдори ҳисоблаб чиқилади. Сўнгра ўша оила жонлиқ гўштини ёнидаги қўшниси билан бўлишади. Нуқсонсиз, бир яшар эркак жонлиқни танлаб олинглар. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурунгача қўзиларни алоҳида сақланглар. Сўнгра Исроил халқи жамоасининг ҳар бир хонадони ўзининг қўзисини сўйиши лозим. Сўнг улар қурбонликнинг қонидан олиб, қурбонлик гўшти тановул қилинадиган уйнинг эшиги кесакиси ёнларига ва тепасига суртишсин. Ўша куни кечқурун гўштни оловда пиширишсин ва ўша гўштни, хамиртурушсиз нон ҳамда тахир ўтларни тановул қилишсин. Қурбонлик гўштининг сувда қайнатилганини ёки хомини тановул қилишмасин. Калла–поча ва ичак–човоқларини оловда пишириб ейишсин. Гўштдан эрталабгача қолмасин. Агар ортиб қолса, эрталабга қолдирмай оловда куйдиринглар. Гўштни тановул қилаётганингизда, шай туринглар. Чориғингиз оёғингизда, таёғингиз қўлингизда бўлсин, тез–тез енглар. Мен, Эгангизга бағишланган Фисиҳ қурбонлиги шудир. “Исроил халқига айт, улар Фисиҳ зиёфатини белгиланган вақтда, шу ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун нишонлашсин. Байрамнинг ҳамма қонун–қоидаларига риоя қилишсин.” Шундай қилиб, Мусо Исроил халқига: “Фисиҳ зиёфатини нишонланглар”, деб буйруқ берди. Эгамиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойга боринглар, мол ва қўйларингиздан Эгангиз Худога Фисиҳ қурбонлигини келтиринглар. Қурбонлик гўштига хамиртурушли нон қўшиб еманглар. Сизлар Мисрдан шошилинч чиқиб кетганингизда хамиртурушсиз нон еган эдингизлар, шунинг учун етти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Бу нонни машаққатли кунларда ейиладиган нон деб аташади. Ўша нонни енглар, шунда Мисрдан чиққан кунингизни бир умр ёдингизда тутасизлар. Етти кун давомида юртингизнинг бирор жойида хамиртуруш бўлмасин. Байрамнинг биринчи куни кечқурун келтирган қурбонлигингиз гўштидан эрталабгача ҳеч нима қолмасин. Эгангиз Худо сизларга бераётган шаҳарларнинг биронтасида Фисиҳ қурбонлигини келтириш мумкин эмас. Фисиҳ қурбонлигини фақатгина Эгангиз Ўзи улуғланиши учун танлайдиган жойда келтиринглар. Буни қуёш ботадиган пайтда, сизлар Мисрдан чиққан соатларда қилинглар. Эгангиз Худо танлайдиган жойда қурбонлигингизни пишириб еб, эрталаб чодирларингизга қайтиб кетаверинглар. Кейинги олти кун давомида хамиртурушсиз нон енглар. Еттинчи кун Эгангиз Худога бағишланган муқаддас йиғин бўлади. Шу куни ҳеч қандай иш қилманглар. Шоҳ Йўшиё Қуддусда Эгамизнинг шарафига Фисиҳ зиёфатини нишонлади. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни Фисиҳ қўзилари қурбонлик қилинди. Йўшиё руҳонийларни хизматга тайинлаб, Эгамизнинг уйидаги хизматга уларни рағбатлантирди. Сўнг Эгамизга бағишланган ва халққа таълим берган левиларга деди: — Муқаддас Сандиқни Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймон қурган Эгамизнинг уйига олиб киринглар. Сандиқни бундан буён елкангизда кўтариб юришга ҳожат йўқ. Энди Эгангиз Худога ва Унинг халқи Исроилга хизмат қилинглар. Шоҳ Довуднинг ва ўғли Сулаймоннинг ёзиб қолдирган кўрсатмаларига мувофиқ, хонадонингиз ва гуруҳларингиз бўйича хизматга тайёрланинглар. Муқаддас масканга шундай тартибда жойлашингларки, Исроил халқининг бирорта хонадони эътиборингиздан четда қолиб кетмасин. Фисиҳ қўзисини сўйиб, ўзингизни покланглар. Сўнг юртдошларингиз учун Фисиҳ қўзиларини тайёрлаб беринглар. Хуллас, Эгамизнинг Мусо орқали берган кўрсатмаларига риоя қилинглар. Шоҳ Йўшиё бу ерда ҳозир бўлган халққа Фисиҳ қурбонликлари учун 30.000 та қўзи ва улоқчани, 3000 та буқани берди. Буларнинг ҳаммаси шоҳнинг шахсий мулкидан эди. Шоҳнинг аъёнлари ҳам халққа, руҳоний ва левиларга қурбонликлар учун кўнгилдан чиқариб ҳайвонларни бердилар. Худонинг уйида хизмат қилувчиларнинг бошлиқлари Хилқиё, Закариё ва Ёхиёл руҳонийларга Фисиҳ қурбонликлари учун 2600 та қўзи билан улоқча ва 300 та буқа бердилар. Хонаниё, унинг укалари Шамаё ва Натанил, левиларнинг йўлбошчилари Хашавиё, Явиёл ва Йўзабад Фисиҳ қурбонликлари учун левиларга 5000 та қўзи билан улоқча ва 500 та буқа бердилар. Фисиҳ маросимига оид тайёргарликлар тугагач, руҳонийлар билан левилар шоҳнинг буйруғига биноан ўз жойларини эгалладилар. Левилар Фисиҳ қўзиларини бўғизлаб, қонини руҳонийларга бердилар. Руҳонийлар қонни қурбонгоҳга сепдилар. Левилар эса қўзиларнинг терисини шилишга киришдилар. Улар сўйилган қўзи, улоқча ва буқаларнинг қурбонгоҳда куйдириладиган қисмларини ажратиб қўйдилар. Сўнг буларни одамларга хонадонлари бўйича тақсимлаб бердилар. Токи ҳар бир хонадон ўзига тегишли қурбонлигини Эгамизга бағишлаб, Мусонинг қонунидаги кўрсатмаларга биноан келтирсин. Левилар қонун–қоидага мувофиқ, Фисиҳ қўзиларини оловда пиширдилар, муқаддас қурбонликлар гўштини эса тоғораларда, қозонларда ва товаларда қайнатдилар. Гўшт тайёр бўлгач, уни дарров халқнинг олдига дастурхонга тортдилар. Шундан сўнггина левилар ўзлари учун ва руҳонийлар учун Фисиҳ таомини тайёрлашга киришдилар. Негаки, Ҳорун наслидан бўлган руҳонийларнинг қўли кечгача бўшамади, улар куйдириладиган қурбонликларни ва ёғларни куйдириш билан овора эдилар. Осиф наслидан бўлган қўшиқчилар шоҳ Довуднинг, Осиф, Хаман ва шоҳнинг валийси Ёдутуннинг кўрсатмасига биноан ўз жойларида турдилар. Маъбад дарвозабонлари ҳам ўз жойларидан силжимадилар. Леви биродарлари уларга Фисиҳ таомини тайёрлаганлари учун хизматларини тўхтатишга зарурат бўлмади. Шундай қилиб, ўша куни шоҳ Йўшиёнинг фармонига кўра, Эгамизга бағишланган ҳамма хизматлар бажарилди. Фисиҳ зиёфати нишонланиб, Эгамизнинг қурбонгоҳида куйдириладиган қурбонликлар келтирилди. Исроил халқи Фисиҳ зиёфатини ва етти кун давомида Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлади.
Выбор основного перевода