Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Ҳатто фарзандларингиз ҳам баланд қирлардаги ва серсоя дарахтлар остидаги қурбонгоҳларга бориб, Ашеранинг устунларига сажда қилишади. Бутун юртда қилган гуноҳларингиз эвазига Мен Ўз тоғимни, сизнинг ҳамма бойликларингизни, хазиналарингизни ва барча саждагоҳларингизни душманга ўлжа қилиб бераман. Сизларга Мен мулк қилиб берган юртдан ўз айбингиз туфайли айриласизлар. Мен сизларни ўзингиз билмаган бир юртга жўнатаман, душманларингизга ҳаммангизни қул қилиб бераман. Сизлар Мени ғазаблантирдингиз, ғазабим сўнмас олов каби ёнмоқда.” Эгамиз шундай демоқда: “Умидини инсонга боғлаган, Фоний банданинг кучига ишонган, Юраги Мендан узоқлашган одам лаънатидир. Бундай одам саҳродаги бутадай бўлади, Фаровон ҳаёт кўрмайди. Чўлнинг қақроқ жойларида, Шўр босган бўм–бўш ерларда яшайди. Эгасидан умид қилган киши бахтлидир, Ёлғиз Худога инонган зот саодатлидир! Бундай киши сув бўйига ўтқазилган дарахтга ўхшайди, Оқар сувлар томон илдиз отади. Куннинг жазирамасидан қўрқмайди, Барглари доим ям–яшил бўлади. Қурғоқчилик келганда ҳам безовта бўлмайди, Мева беришдан тўхтамайди. Одамнинг юраги шунчалик айёрки, Унинг давоси йўқ! Унинг ичидагини ким билади?! Аммо Мен, Эгангиз, одамнинг юрагини биламан, Унинг ўй–фикрларини текшираман. Қилмишига яраша жазолайман, Қилган ишига яраша тақдирлайман.” Ноҳақлик билан бойлик орттирган киши, Ўзи қўймаган тухумларни босиб ётган какликка ўхшайди. Бундай киши умрининг ярмида Бойликларидан маҳрум бўлади, Ҳаёти охирлаб қолганда аҳмоқ эканини билади. Муқаддас маконимиз Азалдан юксалтирилган улуғвор тахтдир! Эй Эгамиз, Сен Исроилнинг ёлғиз умидисан! Сени тарк этганларнинг ҳаммаси шарманда бўлар, Сендан юз ўгирганларнинг исмлари тупроққа ёзилар. Эй Эгамиз, улар Сени тарк этдилар. Ҳа, ҳаётбахш сув булоғидан воз кечдилар. Эй Эгам, менга шифо бер, соғайиб кетай. Мени қутқаргин, нажот топай. Ахир, ёлғиз Сени олқишлайман. Қара, бу одамлар устимдан кулишяпти, “Эгамизнинг таҳдидли сўзлари қани?! Айтганлари бажо бўлсин–чи энди!” деб айтишяпти. Мен эса халқингга чўпон бўлдим, Хизмат қилишдан бош тортмадим. Офат куни келишини хоҳламаганимни биласан. Оғзимдан чиққан ҳар бир сўз Сенга аёндир. Мени ваҳимага солмагин, Кулфат кунида паноҳим Сенсан. Мени қувғин қилганлар шарманда бўлсин, Мени эса шарманда қилма. Душманларим саросимага тушсин, Мени эса довдиратиб қўйма. Уларнинг бошларига кулфат келтир, Жазосини икки баробар оғирроқ қилгин. Эгамиз менга шундай деди: “Яҳудо шоҳлари кириб чиқадиган Халқ дарвозаси олдига бориб тур, сўнг Қуддуснинг бошқа дарвозалари олдига ҳам бор. Борганингда халққа шундай деб айт: «Эй Яҳудо шоҳлари, эй Яҳудо халқи, бу дарвозадан ўтиб юрган бутун Қуддус аҳолиси, Эгамизнинг сўзини эшитинглар! Эгамиз шундай деб айтмоқда: Шаббат куни юк ташиманглар, Қуддус дарвозаларидан юкни кўтариб кирманглар. Ҳушёр бўлинглар, тағин ҳаётингизга ўзингиз зомин бўлиб қолманглар. Шаббат куни уйингиздан бирон юкни кўтариб чиқманглар, ҳеч қандай иш қилманглар. Мен ота–боболарингизга амр қилганимдек, Шаббат кунини муқаддас деб билинглар. Ота–боболарингиз гапларимга эътибор бермаган, Менга қулоқ солмаган эдилар. Улар қайсарлик қилиб, сўзларимни тингламагандилар, гапимга кирмагандилар. Борди–ю, сизлар гапларимга қулоқ солсангизлар, Шаббат куни шаҳар дарвозаларидан юк ташимасангизлар, ўша муборак кунни муқаддас деб билиб, ҳеч қандай иш қилмасангизлар, Қуддус тахтида доим Довуд наслидан бўлган шоҳ ўтиради. Жанг араваларию отларни миниб олган шоҳлар ва аъёнлар шаҳар дарвозаларидан киришади. Яҳудо халқи ва Қуддус аҳолиси улар билан бирга кирадилар. Қуддусдан то абад одам аримайди. Шунда Яҳудо шаҳарларидан, Қуддус атрофидаги қишлоқлардан, Бенямин ҳудудидан, қирлардан, ғарбдаги қир этакларидан, Нагав чўлидан одамлар келади. Улар Эгасининг уйига куйдириладиган ва бошқа қурбонликларни, шукрона ва дон назрларини, хушбўй тутатқиларни олиб келадилар. Борди–ю, сизлар гапимга қулоқ солмасангизлар, Шаббат кунини муқаддас деб билмай, юк ташиб, дарвозалардан кириб чиқсангизлар, Мен шаҳар дарвозаларини ёндириб юбораман. Олов Қуддус саройларини йўқ қилади, бу оловни ҳеч ким ўчира олмайди.»” У суянган Қоям, Унинг ишлари комил, Ҳамма йўллари адолатлидир. Худо садоқатлидир, Унда ёлғон йўқ, У ҳақ ва одилдир. Эгамиз Ўз халқининг қудратидир, Ўзи танлаган шоҳнинг нажот қўрғонидир. Қулоқ тут менга, дарров халос қилгин, Менинг паноҳ қоям бўлгин. Нажот топай, мустаҳкам қўрғоним бўлгин. Менинг паноҳ қоям бўлгин, Ҳар доим Сенга бора олай. Мени қутқармоқ учун амр бердинг. Чиндан ҳам, Сен суянган қоямсан, қалъамсан. Мен Эгамга шундай дейман: “Сен паноҳимсан, қалъамсан, Мен умид боғлаган Худойимсан.” Эгам доим менга содиқдир, У менинг қалъам, қўрғоним, халоскоримдир. Ҳа, Эгам менинг қалқоним, Унда мен паноҳ топаман, Халқларни У менга бўйсундиради.
Выбор основного перевода