Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Эгамиз буюк қудрати билан Мисрликларни мағлуб қилганини Исроил халқи кўргач, Ундан қўрқадиган бўлдилар. Улар Эгамизга ва Унинг қули Мусога ишондилар. Шундан кейин Мусо ва Исроил халқи Эгамизга қуйидаги қўшиқни куйлади: “Эгамизни мадҳ этиб куйлайман. У буюк ғалаба келтирди. Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди. Эгамиз менинг куч–қудратимдир. У менинг қутқарувчимдир. У менинг Худойимдир, мен Уни олқишлайман, Отамнинг Худосидир, мен Уни улуғлайман. Ҳа, У жангчидир, У Эгамиздир. Фиръавннинг лашкарини, жанг араваларини Эгамиз денгизга улоқтирди. Унинг сара лашкарбошиларини Қизил денгизга чўктирди. Денгиз қаъри уларни кўмди. Улар тош сингари тубсизликка тушиб кетдилар. Эй Эгамиз, Сенинг қудратинг азимдир. Эй Эгамиз, Сенинг ўнг қўлинг душманни роса эзди. Сен буюк ғалаба қозондинг. Душманларингни йиқитиб, Уларга ғазабингни сочган эдинг, Ғазабинг уларни хас–чўп сингари ёндириб ташлади. Қаҳрли нафасингдан сув бир жойга йиғилиб, Девор каби тик туриб қолди, Денгизнинг қаъри қаттиқ ер бўлиб қолди. Шунда душман гердайиб айтди: «Орқаларидан тушаман, қувиб етаман. Ўлжани баҳам кўраман. Булардан кўнглим қониқади. Қиличимни яланғочлаб, уларни яна қул қиламан.» Қаҳрли нафасингдан денгиз уларни кўмиб юборди. Улар баҳайбат сувда қўрғошиндай ғарқ бўлдилар. Худолар орасида Сенга ўхшагани борми, эй Эгамиз?! Ким Сенга ўхшар?! Муқаддаслигинг билан улуғворсан Сен, Қўрқинчли ишларинг билан ҳамду санога илҳомлантирасан, Сен ажойиботлар кўрсатасан. Сен ўнг қўлингни узатган эдинг, Ғанимларни ер ютди. Ўзинг қутқарган ўша халқни Сен содиқ севгинг билан олиб борасан. Муқаддас маконингга қудратинг билан уларни етаклаб борасан. Халқлар эшитиб буни, титрашади: Филист халқи ваҳимага тушиб қолади. Эдом уруғбошилари қўрқувга тушади–ку, Мўаб бекларини титроқ босади–ку! Канъондаги халқлар умидсизликка тушади–ку! Уларни қўрқув ва даҳшат қамраб олар. Эй Эгамиз, Сенинг халқинг ўтиб кетгунча, Ўзинг эга бўлган бу халқ ўтиб кетгунча, Улар билагинг кучи олдида тошдай қотиб қолади. Халқингни Ўз тоғингга олиб келасан, Уларни жойлаштирасан уйинг учун танлаган ерга, эй Эгамиз! Қўлларинг ўрнатган муқаддас масканингга Олиб кириб жойлаштирасан, эй Раббий! Эгамиз абадулабад шоҳ бўлиб ҳукмронлик қилади.” Фиръавннинг отлари, аравакашлари ва жанг аравалари денгиз ўртасига тушди. Шунда Эгамиз уларнинг устига денгиз сувларини қайтариб олиб келди. Исроил халқи эса денгиз ўртасидаги қуруқ ердан ўтиб кетди. Шу боис Мусо ва халқ қўшиқ куйлади. Ҳоруннинг синглиси Марям пайғамбар чилдирмани қўлига олди. Ҳамма аёллар унга эргашиб, чилдирмаларини қўлларига олиб, ўйнадилар. Марям қуйидаги нақоратни куйлаб, уларга бошчилик қилди: “Эгамизни мадҳ этиб куйланг. У буюк ғалаба келтирди. Отларни, аравакашларни денгизга улоқтирди.”
Выбор основного перевода