Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирибсиз. Хомат билан Арпад шаҳарларининг худолари қани?! Сефарвайимнинг, Хана ва Иввахнинг худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни менинг қўлимдан қутқара олмади–ку! Санхарив: “Ҳабашистон шоҳи Тирхоқо сен билан уруш қилгани отланди” деган хабарни эшитди. У Ҳабашистонга қарши жанг бошлашдан олдин Яҳудо шоҳи Ҳизқиёга яна одамлари орқали шу гапни етказди: “Умид қилган худойинг сени алдамасин: «Қуддус Оссурия шоҳига таслим бўлмайди», деб сени лақиллатмасин. Ахир, ўзинг эшитгансан–ку! Оссурия шоҳлари ҳамма юртларни ер билан яксон қилган. Энди сен қутуламан, деб ўйлаяпсанми?! Оталарим қанча халқларни хонавайрон қилди. Уларни худолари қутқармади–ку! Гозан, Хорон, Разаф аҳолиси, Талассарда яшаган Эден халқлари қутула олдими?! Қани, айт–чи, Хомат шаҳрининг шоҳи қани энди?! Арпад, Сефарвайим, Хана, Иввах шаҳарларининг шоҳлари қаерда?!” Ҳизқиё хабарчиларнинг қўлидан мактубни олиб ўқигач, Эгамизнинг уйига кирди. Мактубни Эгамизнинг олдида очиб, ерга ёйди ва ёлвориб ибодат қилди: “Эй икки каруб орасида тахт қурган Исроил халқининг Худоси — Эгамиз! Бутун ер юзидаги шоҳликларнинг танҳо Худоси Сенсан. Осмонни ва ерни Сен яратгансан. Эй Эгамиз! Қулоқ солиб, эшит. Эй Эгамиз, кўзларингни очиб, қара. Санхарив нималар айтганини, у барҳаёт Худони қандай ҳақоратлаганини билиб қўй. Эй Эгамиз! Биз биламизки, Оссурия шоҳлари бир қанча халқларни ва уларнинг юртларини вайрон қилганлар. Ўша халқларнинг худоларини оловда ёқиб, йўқ қилганлар. Чунки ўша нарсалар худолар эмас, балки инсон қўли билан ёғочдан, тошдан ясалган нарсалар эди. Эй Эгамиз Худо! Энди Сен бизни Санхаривнинг қўлидан қутқаргин, токи бутун ер юзидаги шоҳликлар Сенинг танҳо Худо эканингни билишсин, эй Эгамиз!” Омиз ўғли Ишаё Ҳизқиёга шундай хабар юборди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз айтмоқда: «Оссурия шоҳи Санхарив ҳақида қилган илтижоларингни эшитдим.» Эгамиз унга қарши шу сўзларни менга аён қилди: «Бокира қиз Қуддус сендан нафратланади, Устингдан кулади. Гўзал Сион орқангдан масхара қилади, Бошини чайқайди. Кимни ҳақорат қилдинг ўзи? Кимни таҳқирладинг? Кимга қўрс гапирдинг? Киборларча боқдинг, ҳей? Исроил халқининг Муқаддас Худосига! Хабарчиларинг орқали Мен, Раббийни ҳақорат қилдинг. Ўзинг ҳақингда айтдингки: ‘Кўплаб жанг араваларим билан Тоғ чўққиларини забт этдим. Лубнондаги инсон қадами етмаган жойларга етиб бордим. Энг баланд садр дарахтларини, Энг аъло сарв дарахтларини қўпордим. Лубноннинг энг кимсасиз масканларига, Ҳатто энг қалин ўрмонларига етиб бордим. Бегона юртларда мен қудуқлар қазиб, Сувларидан ичдим. Мисрнинг ҳамма дарёларини Оёғим кафти билан қуритдим.’ Эшитмаганмисан, эй Санхарив, Анча олдин мўлжаллаб қўйган эдим, Буни азалдан режа қилган эдим. Энди амалга оширдим. Қалъаларни вайронага айлантирсин деб, Мен сенга куч бердим. Қўлу қаноти қирқилди шаҳар аҳлининг, Ваҳимага тушиб, уятга қолдилар. Улар далада ўсган ўт, янги майсалар кабидир. Томларда ўсган майсаларга ўхшаб, Етилмасдан олдин қуриб қолдилар. Сени ҳар томондан биламан, эй Санхарив! Қачон урушга чиқиб, Уйингга қачон қайтишингни ҳам биламан. Биламан: Мендан ғазабдасан. Мендан қаттиқ ғазабдасан. Манманлигинг қулоғимга етиб келди. Энди мен бурнингдан ҳалқамни, Оғзингдан сувлиғимни ўтказаман. Келган йўлингдан сени қайтариб олиб кетаман.» Эй Ҳизқиё, мана булар сен учун нишона бўлади: бу йил ўз–ўзидан ердан ўсиб чиққанларини тановул қиласиз. Иккинчи йили ҳам ўрнидан ўсиб чиққанини ейсиз. Учинчи йил эса уруғ экиб, ҳосил ўрасиз. Узумзорлар барпо қилиб, мевасин тановул қиласиз. Яҳудо халқининг қутулиб қолганлари яна илдиз отиб, мева беради. Халқнинг қолгани Қуддусдан, қутулганлари Сион тоғидан келади. Сарвари Олам Ўз ғайрати билан буни амалга оширади. Оссурия шоҳи тўғрисида Эгамиз шундай айтмоқда: Санхарив бу шаҳарга киролмайди, ўқлар отолмайди. Қалқони билан шаҳарга яқинлашмайди, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдирмайди. Келган йўлидан қайтиб кетади, шаҳарга кирмайди, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ўзимнинг ҳақи–ҳурматим, қулим Довуднинг ҳақи–ҳурмати бу шаҳарни ҳимоя қилиб, сақлайман.” Ўша кечаси Эгамизнинг фариштаси Оссурияликларнинг қароргоҳига бориб, 185.000 кишини ўлдирди. Эртасига уйғониб қарасалар, қароргоҳ жасадга тўлиб кетибди. Оссурия шоҳи Санхарив қароргоҳни ташлаб, орқага қайтди. У Найнавога қайтиб, ўша ерда қолди. Бир куни Санхарив ўз худоси Нисрохнинг уйида сажда қилаётган эди, ўғиллари Одраммалек билан Саризар унга қилич уриб ўлдирди. Иккови ҳам Арарат юртига қочиб кетди. Санхаривнинг ўрнига ўғли Исархаддўн шоҳ бўлди. — Шунинг учун Мен, Раббий, халқимга қарши Оссурия шоҳини ва унинг шонли лашкарини бошлаб келмоқдаман. Улар Фурот дарёсининг баҳайбат тўлқинлари кабидир. Ҳамма ирмоқлардан ошиб, ҳамма қирғоқлардан тошиб кетади.
Выбор основного перевода