Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Кейин Исроил халқи Амор халқининг шоҳи Сихўнга шу гапни айтиш учун чопарлар жўнатди: “Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Биз экинзорларингизга, узумзорларингизга кирмаймиз, қудуқларингиз сувидан ичмаймиз. Сизнинг юртингиздан ўтиб кетгунча, фақат Шоҳ йўлидан юрамиз.” Лекин Сихўн Исроил халқига ўз юртидан ўтиб кетишга ижозат бермади. У жамики лашкарини йиғиб, саҳродаги Яхаз шаҳри ёнида Исроил халқига ҳужум қилди. Жангда Исроил халқи Сихўнни мағлуб этди ва Арнон сойлигидан тортиб, Явоқ дарёсигача бўлган ҳамма ерларини эгаллаб олди. Лекин Оммон халқининг чегарасидан у ёғига ўтмади, чунки Оммон юртининг чегараси мустаҳкам эди. Исроил халқи Амор халқининг ҳамма шаҳарларини, хусусан, Хашбон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, ўша шаҳарларда ўрнашиб олди. Хашбон шаҳри Амор шоҳлигининг пойтахти эди. Амор шоҳи Сихўн Мўабнинг олдинги шоҳи билан жанг қилиб, унинг Арнон сойлигигача бўлган ҳамма ерларини босиб олган эди. Сўнг улар Башан ўлкасига йўл олишди. Башан шоҳи Ўг жамики лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида Исроил халқи билан жанг қилгани чиқди. Шунда Эгамиз Мусога деди: — Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Сен Ўгнинг бошига Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг кунини соласан. Исроил халқи Ўгни, унинг ўғилларини, бутун халқини битта қолдирмай қириб ташлади. Сўнг улар Ўгнинг юртини қўлга киритишди. Иорданнинг ғарбида — шимолдаги Лубнон водийсида жойлашган Баал–Гаддан тортиб, жанубдаги Сеир ёнида жойлашган Халак тоғигача бўлган жойларда яшаган шоҳларни Исроил халқи Ёшуа бошчилигида мағлуб қилди. Ўша шоҳларнинг ерларини Ёшуа Исроил қабилаларига мулк қилиб бўлиб берди. Қирларни, ғарбдаги қир этакларини, Иордан водийсини, унинг ғарбидаги қир ён бағирларини, Яҳудо адирларидаги ва Нагав чўлидаги ерларни бўлиб берди. Бу ерларда Хет, Амор, Канъон, Париз, Хив ва Ёбус халқлари яшашарди. Исроил халқи мағлуб қилган шоҳлар қуйидагилардир: Ерихо шоҳи, Байтилнинг ёнидаги Ай шоҳи, Қуддус шоҳи, Хеврон шоҳи, Ярмут шоҳи, Лахиш шоҳи, Эглон шоҳи, Гезер шоҳи, Давир шоҳи, Гедер шоҳи, Хўрмах шоҳи, Арод шоҳи, Либна шоҳи, Адуллам шоҳи, Маккедо шоҳи, Байтил шоҳи, Таппух шоҳи, Хафер шоҳи, Офоқ шоҳи, Шарон шоҳи, Мадон шоҳи, Хазор шоҳи, Шимрон–Марон шоҳи, Ахшоф шоҳи, Танах шоҳи, Магидў шоҳи, Кедеш шоҳи, Кармилдаги Ёхнаём шоҳи, Нафўт–Дўрдаги Дўр шоҳи, Гилгалдаги Гўйим шоҳи, Тирза шоҳи. Исроил халқи ҳаммаси бўлиб ўттиз битта шоҳни мағлуб қилди.
Выбор основного перевода