Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Шунда Эгамиз: — Нима қилиб қўйдинг?! — деди. — Эшитиб ол: укангнинг қони Менга ердан фарёд қилмоқда. Эй эллар, Унинг халқи билан бирга шодланинг, У қулларининг ўлими учун ўч олади. Душманларидан қасос олиб, Юрти ва халқини гуноҳдан поклайди. Сен ҳукмдоринг Ахабнинг хонадонини қириб ташлайсан, токи пайғамбар қулларим ва бошқа ҳамма қулларимнинг тўкилган қонлари учун Мен Изабелдан ўч олай. Эй Эгам, қачонгача мени унутасан? Наҳотки мени то абад унутсанг?! Қачонгача мендан юз ўгирасан? Эй Эгам, қачонгача биздан ғазабланасан? То абадми? Қачонгача рашкинг алангадай ёнади? Нима учун бегона халқлар: “Қаерда экан–а уларнинг Худоси”, дея айтмоғи керак?! Халқлардан ўч олганингни биз кўрайлик, Ахир, улар бизнинг қонимизни тўккан. Шунда Эгамизнинг фариштаси шундай деб ёлворди: — Эй Сарвари Олам, қачонгача Қуддус ва Яҳудо шаҳарларидан Ўз меҳр–шафқатингни дариғ тутасан?! Ахир, Сен етмиш йилдан бери улардан ғазабланиб келяпсан! Чунки сўраган ҳар бир одам олади, излаган топади, тақиллатганга эшик очилади. Орангиздан қайси бир ота, ўғли балиқ сўраганда, унга балиқ ўрнига илон беради? Ёки тухум сўраганда, унга чаён беради? Сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера олар экансиз, осмондаги Ота ҳам Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни беришга қанчалар тайёр.” Бир куни Исо соқов одамдан ёвуз руҳни қувиб чиқарди. Жин чиққандан сўнг, соқов тилга кирди, халқ эса ҳайратда қолди. Аммо ораларидан баъзилари: “У инс–жинслар ҳукмдори Баалзабулнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаряпти!” дедилар. Бошқалар эса Исонинг Худодан келганини синаб кўрмоқчи бўлиб, мўъжизали аломат кўрсатишини талаб қилдилар. Исо эса уларнинг нима ҳақида ўйлаётганини билиб турарди. У ўша одамларга деди: “Низо туфайли ўз ичидан бўлиниб кетган ҳар бир шоҳлик хароб бўлади, низо туфайли бўлинган хонадон барбод бўлади. Шу сингари, шайтон шоҳлиги ҳам ўзаро бўлиниб кетса, унинг шоҳлиги қандай тура олади?! Сизларнинг гапингизга кўра, инс–жинслар ҳукмдори — Баалзабул ато этган қудрат билан Мен жинларни қувиб чиқараётган эмишман. Агар Мен жинларни Баалзабулнинг кучи билан қувиб чиқараётган бўлсам, у ҳолда ўз шерикларингиз кимнинг кучи билан жинларни қувиб чиқаришяпти? Шу сабабдан ҳам шерикларингиз сизларни ҳукм қилади. Агар Мен жинларни Худонинг қудрати билан қуваётган бўлсам, демак, Унинг Шоҳлиги сизларга ҳам келган. Бошдан–оёқ қуролланган кучли одам уйини қўриқлаганда, унинг мол–мулки бехатар бўлади. Аммо ундан кучлироғи ҳужум қилиб уни енгса, унинг таянган барча қуролларини тортиб олади ва ўлжасини истаганига тақсимлаб беради. Ким Мен томонда бўлмаса, Менга қаршидир. Ким Мен билан бирга йиғмаса, сочади. Ёвуз руҳ инсондан чиққандан кейин, ҳузур–ҳаловат излаб, сувсиз ерларни кезади ва топмагач: «Чиққан уйимга қайтиб бораман», дейди. Уйига келганда, уйни супурилган ва йиғиштирилган ҳолда кўради. Шунда бориб, ўзидан ҳам ёвузроқ бошқа еттита руҳни чақиради ва улар билан уйга кириб, жойлашиб олади. Охир–оқибат ўша одамнинг аҳволи олдингидан ҳам баттар бўлади.” Исо шу гапларни айтаётганда, оломон орасидан бир аёл баланд овозда Исога деди: — Сизни қорнида кўтариб юрган, Сизни эмизган аёл бахтлидир! Исо эса жавобан шундай деди: — Тўғри, лекин Худонинг каломини тинглаб, унга риоя қиладиганлар бахтлироқдир! Исонинг олдига катта оломон йиғилгандан кейин, Исо сўз бошлади: “Ҳозирги насл қабиҳ бир наслдир. Бу насл аломат сўрайди, аммо уларга Юнуснинг аломатидан бошқа аломат берилмайди. Юнус Найнаво аҳолисига аломат бўлгани сингари, Инсон Ўғли ҳам ҳозирги насл учун аломат бўлади. Жануб маликаси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслнинг одамларини маҳкум этади. Чунки Сулаймоннинг доно таълимотини тинглагани малика дунёнинг у четидан келган эди. Бу ерда эса Сулаймондан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! Найнаво аҳолиси қиёмат кунида ўрнидан туриб, бу наслни маҳкум этади. Чунки Найнаволиклар Юнуснинг ваъзидан кейин тавба қилганлар. Бу ерда эса Юнусдан ҳам буюкроқ бир Зот турибди! Ҳеч ким чироқни ёқиб, уни кўринмас ерга қўймайди. Аксинча, кирганлар ёруғликни кўрсин деб, уни чироқпояга қўяди. Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. Агарда кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зимзиё зулмат бўлади. Шунинг учун эътибор беринг: сиздаги нур зулмат бўлмасин. Агар танангиз ёп–ёруғ бўлиб, биронта қоронғи жойи бўлмаса, чироқнинг нури сизни ёритиб тургандай, баданингиз тамомила ёп–ёруғ бўлади.” Исо буларни гапириб турганда, бир фарзий Уни меҳмонга таклиф қилди. Исо унинг уйига кириб, дастурхон ёнига ёнбошлади. Исо овқатдан олдин қўлларини ювмаганини фарзий кўриб, ажабланди. Раббимиз Исо унга деди: “Эй фарзийлар, сизлар пиёлаю идишнинг сиртини тозалайсизлар–у, аммо ичингиз очкўзлик ва ёвузликка тўла! Ҳой бефаҳмлар! Нарсанинг сиртини яратган унинг ичини ҳам яратган эмасми?! Яхшиси, идишингиз ичидагини камбағалларга хайр–садақа қилиб беринглар. Шунда ҳамма нарса сиз учун ҳалол бўлади. Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар ялпиз, заъфарон ва ҳар хил ошкўкдан ушр берасизлар–у, аммо адолат ва Худонинг севгисини писанд қилмайсизлар! Буларнинг бирини бажара туриб, иккинчисини ҳам ташлаб қўймаслигингиз керак эди. Эй фарзийлар, ҳолингизга вой! Сизлар синагогаларнинг тўрида ўтиришни ва бозорларда сизларга салом беришларини яхши кўрасизлар. Ҳолингизга вой! Сизлар белгиси йўқ қабрларга ўхшайсизлар. Одамлар билмай туриб ўша қабрлар устидан босиб ўтадилар.” Таврот тафсирчиларидан бири Исога деди: “Устоз, бу сўзларингиз билан бизни ҳақорат қилдингиз!” Исо эса деди: “Эй тафсирчилар, сизларнинг ҳам ҳолингизга вой! Сизлар кўтариб бўлмайдиган оғир юкни одамларга юклайсизлар–у, уларга ёрдам бергани ўзларингиз ҳатто бармоғингизни ҳам қимирлатмайсизлар. Ҳолингизга вой! Сизлар ота–боболарингиз ўлдирган пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар. Шу тариқа ота–боболарингизнинг қилмишларини маъқуллаганингизни тасдиқлаяпсизлар. Улар пайғамбарларни ўлдиришган бўлса, сизлар пайғамбарларга мақбаралар қуряпсизлар! Шунинг учун ҳам Худо Ўз ҳикматларида шундай деган: «Мен уларга пайғамбарлар ва ҳаворийлар юбораман. Улардан баъзиларини ўлдирадилар, баъзиларини эса қувғин қиладилар.» Дунё яратилгандан бери ҳамма пайғамбарларнинг тўкилган қони учун бу насл жазоланади. Улар Ҳобилнинг тўкилган қонидан тортиб, қурбонгоҳ билан Маъбад орасида ўлдирилган Закариёнинг қонигача жавоб беришади. Ҳа, сизларга айтиб қўяй, бу насл ҳамма қотилликлар учун жавобгар бўлади. “Филаделфиядаги имонлилар жамоатининг фариштасига ёз: Шоҳ Довуднинг калити муқаддас ва ҳақ Зотдадир. У эшикни очганда, уни ҳеч ким бекита олмайди. У бекитганда, ҳеч ким очолмайди. Ўша Зот шундай демоқда: Зотан, У тўғри ва адолатли ҳукм қилади. Ер юзини фаҳш–зино ила булғаган ашаддий фоҳишани У маҳкум этди, Ундан Ўз қулларининг хунини олди.”
Выбор основного перевода