Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
“Исроил халқи орасидан левиларни ажратиб олиб, қуйидаги йўл билан уларни покла: левиларга гуноҳдан поклайдиган сувни сеп. Улар устара билан бутун баданларини қириб тозалашсин, кийимларини ювишсин. Шундан сўнг улар пок бўлишади. Сўнгра улар буқани ва буқага қўшиб назр қилинадиган зайтун мойи аралаштирилган сифатли унни олиб келишсин. Бундан ташқари, бошқа бир буқани гуноҳ қурбонлиги қилиш учун олиб келишсин. Сўнг бутун жамоани тўпла, левиларни Учрашув чодири олдига олиб кел. Левиларни Мен, Эгангизнинг ҳузурига олиб келганингда, Исроил халқи левиларга қўлларини қўйсин. Ҳорун левиларни Исроил халқидан махсус назр сифатида Мен, Эгангизга бағишласин, токи левилар Менга хизмат қилишсин. Левилар қўлларини буқаларнинг бошига қўйишсин. Ҳорун бир буқани гуноҳ қурбонлиги, иккинчи буқани эса куйдириладиган қурбонлик қилиб, левиларни гуноҳлардан покласин. Кейин левиларни Ҳорун ва унинг ўғиллари рўпарасига турғизиб қўй. Левиларни махсус назр сифатида Мен, Эгангизга бағишла. Шундай қилиб, левиларни Исроил халқи орасидан ажратиб ол. Левилар Меники бўлади. Левиларни поклаб, махсус назр сифатида Менга бағишлаганингдан сўнг, улар хизмат қилиш учун Учрашув чодирига кира оладилар. Мен левиларни Исроил халқи орасидан Ўзим учун олганман. Уларни Ўзим учун Исроил аёлларидан туғилган барча тўнғич ўғиллари ўрнига олганман. Чунки Исроил халқининг ҳамма тўнғичлари — одамнинг тўнғич ўғлидан тортиб, молларнинг биринчи эркак боласигача Меникидир. Мисрда ҳамма тўнғичларни нобуд қилган куним Мен Исроил халқининг тўнғич ўғилларини Ўзим учун ажратиб олганман. Исроил халқи орасидаги ҳамма тўнғич ўғиллар ўрнига эса левиларни олганман. Левиларни Исроил халқи орасидан ажратиб олиб, Ҳорун ва унинг ўғиллари ихтиёрига топширганман. Левилар Исроил халқи номидан Учрашув чодирида хизмат қиладилар. Исроил халқи Чодирга яқин келиб қолганда, юз берадиган кулфатдан левилар уларни ҳимоя қилади.” Мусо, Ҳорун ва бутун Исроил жамоаси левиларни Эгамизга бағишладилар. Хуллас, Эгамизнинг левилар ҳақида Мусога берган амрларини бажардилар. Левилар покланишди, кийимларини ювишди. Ҳорун уларни махсус назр сифатида Эгамизга бағишлаб, поклаш маросимини ўтказди. Шундан кейин левилар Ҳорун ва унинг ўғиллари назорати остида Учрашув чодирида хизмат адо этиш учун у ерга кирдилар. Шундай қилиб, Эгамиз левилар ҳақида Мусога қандай амр этган бўлса, Исроил халқи унинг амрларини адо этди. Эгамиз Ҳорунга деди: “Сен, ўғилларинг ва бутун Леви қабиласи Муқаддас чодирга нисбатан қилинган ҳар қандай айб учун жавобгар бўласизлар. Руҳонийлик хизматида йўл қўйилган айблар учун эса фақатгина сен ва ўғилларинг жавобгар бўласизлар. Қабиладош леви биродарларингни ёнингга ол. Сен ўғилларинг билан Муқаддас аҳд чодирида хизмат қилаётганингда, улар сизларга ёрдам беришади. Левилар сизларнинг назоратингиз остида хизмат қилиб, Муқаддас чодирга оид барча юмушларни бажаришади. Лекин улар муқаддас жиҳозларга ва қурбонгоҳга зинҳор яқинлашмасинлар, акс ҳолда, улар ҳам, сизлар ҳам ҳалок бўласизлар. Левилар сизларга қўшилишиб, Учрашув чодиридаги барча вазифаларни бажаришсин. Левилардан бошқа бирортаси сизлар билан бирга хизмат қилмасин. Менинг ғазабим Исроил халқига қарши яна авж олмаслиги учун Чодирнинг Муқаддас хоналарида ва қурбонгоҳда фақатгина сен ўғилларинг билан хизмат қилгин. Леви биродарларингни Мен Ўзим сенга ёрдамчи қилиб, Исроил халқи орасидан танлаб олганман. Улар Учрашув чодирида хизмат қилишлари учун Мен, Эгангизга бағишланган. Шундай бўлса–да, қурбонгоҳ ва ички парда орқасидаги Энг муқаддас хона билан боғлиқ бўлган барча руҳонийлик хизматини фақат сен ўғилларинг билан бажар. Руҳонийликни Мен сизларга ҳадя қилиб бердим. Муқаддас буюмлар олдига келган бошқа ҳар қандай одамнинг жазоси ўлимдир.”
Выбор основного перевода