Эгам айтар: “Овозингни аямай, қаттиқ ҳайқиргин, Карнайга ўхшаб, барала бақиргин. Халқимнинг итоатсизлигини фош қилгин, Ёқуб хонадонининг гуноҳларини юзига солгин.
Эй Қуддус халқи, тур, порлагин! Ахир, нуринг келди, Эгамизнинг улуғворлиги устингга ёғилди.
Мана, ер юзини зулмат қоплади, Халқларни қуюқ зулмат босди. Аммо Эгамиз сенинг олдингга келади, Ўз улуғворлигини бошинг узра порлатади.
Энди кундузи қуёш сенга нур сочмайди, Ой ҳам ёруғлик манбаинг бўлмайди. Сенга Менинг Ўзим то абад нур манбаи бўламан, Мен, Худойинг, сенинг улуғворлигинг бўламан.