Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
2 Шоҳлар
Параллельные места
Шайтон Исроилга қарши қўзғалиб, Довудни Исроил халқини санаб чиқишга ундади. Довуд Йўабга ва лашкарбошиларга шундай буйруқ берди: — Боринглар, Бершебадан Дангача бўлган жойларни кезиб, Исроил халқини санаб чиқинглар. Менга натижасини олиб келинглар, токи қанча аҳоли борлигини мен билайин. Лекин Йўаб шундай деди: — Эгам халқнинг ҳозирги сонини юз карра кўпайтирсин! Эй шоҳ ҳазратлари, бу халқнинг ҳаммаси сизнинг қулларингиз эмасми?! Нечун ҳазратим халқни санашга эҳтиёж сезиб қолдилар?! Нечун Исроилга гуноҳ орттирмоқчилар?! Лекин Йўаб сўзидан шоҳнинг сўзи устун келди. Йўаб бориб, бутун Исроил юртини кезиб чиқди. Сўнгра Қуддусга қайтиб келди. Йўаб рўйхат натижасини Довудга маълум қилди. Бутун Исроилда жанг қилишга қодир 1.100.000 одам, Яҳудода эса жанг қилишга қодир 470.000 одам бор экан. Йўаб Леви қабиласи билан Бенямин қабиласини рўйхатга киритмаган эди, чунки шоҳнинг бу буйруғидан у тамом норози эди. Халқ рўйхатга олингани Худога ҳам маъқул келмади. У Исроил халқини жазолади. Шунда Довуд: — Бу ишни қилиб оғир гуноҳга ботдим, ақлсизларча иш тутдим. Ўтинаман, бу қулингнинг гуноҳини кечир, — деб Худога илтижо қилди. Довуднинг хизматида бўлган валий Гадга Эгамиз деди: — Бориб Довудга шу гапларни етказ: “Эгам шундай деб айтмоқда: Мен сенга учта жазони таклиф қиламан, шулардан биттасини танла, кейин сенга ўша жазони юбораман.” Гад Довуднинг ҳузурига бориб, унга шундай деди: — Эгамиз айтмоқда: “Оладиган жазоингни ўзинг танла. Уч йил очарчилик бўлсинми? Ёки уч ой давомида душманларинг сени таъқиб қилиб, қирсинми? Ёки Эгамнинг Ўзи сенга уч кун давомида қиличи билан ҳужум қилиб, Ўз фариштаси орқали бутун юртни ўлатга гирифтор қилсинми?” Мени Юборганга нима деб жавоб берайин? — Мен жуда оғир аҳволда қолдим–ку, — деди Довуд Гадга. — Нима бўлса ҳам, одамзоднинг қўлига тушмайин. Майли, Эгамнинг Ўзи мени жазоласин, чунки У ғоят раҳмдил. Шундай қилиб, Эгамиз Исроил юртига ўлат юборди. Натижада Исроил халқидан 70.000 одам нобуд бўлди. Худо Қуддусни вайрон қилиш учун бир фариштани юборди. Лекин фаришта шаҳарни вайрон қилмоқчи бўлиб турганда, Эгамиз раҳм қилиб, бало–қазо жўнатмайдиган бўлди. Халқни қираётган фариштага: — Бўлди, бас! Етади! — деб амр берди. Эгамизнинг фариштаси ўша пайтда Қуддусда — Ёбус халқидан бўлган Аравно исмли одамнинг хирмонида турган эди. Довуд қараса, Эгамизнинг фариштаси ер билан осмон ўртасида, қўлидаги яланғочланган қиличини Қуддус томонга чўзиб турган экан. Шунда қанор кийган Довуд ва оқсоқоллар мук тушдилар. — Халқни санашга амр берган менман–ку, — дея ёлворди Худога Довуд. — Гуноҳ қилган менман, мен айбдорман! Қўйдай беозор бу инсонлар нима айб қилибди? Эй Эгам Худо, ғазабингни менга ва отам хонадонига соча қол! Халқингни эса ўлатдан халос эт. Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси Гадга буюрди: — Довудга бориб айт: “Ёбус халқидан бўлган Аравнонинг хирмонига бориб, ўша ерда Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қур.” Гад бориб, Довудга Эгамизнинг буйруғини етказди. Довуд унинг айтганини қилиб, хирмонга борди. Ўша пайти Аравно билан унинг тўрт ўғли буғдой янчаётган эдилар. Бирданига улар фариштани кўриб қолдилар. Ўғилларнинг тўрталаси ҳам қочиб яшириниб олдилар. Худди ўша заҳоти Довуд ҳам хирмонга яқинлашиб қолган эди. Аравно Довудни кўриши биланоқ хирмондан чиқиб, ерга мук тушиб таъзим қилди. Довуд Аравнога айтди: — Менга хирмонингни тўлиқ нархига сот, мен Эгамга атаб қурбонгоҳ қурмоқчиман, токи ўлат халқдан даф бўлсин. — Хирмонимни олаверинг, — дея жавоб берди Аравно. — Шоҳ ҳазратлари нимани маъқул кўрсалар, шуни қилсинлар. Мана, куйдириб қурбонлик қилишлари учун ҳўкизларимни бераман, ўтин учун хўптирим бор, дон назри учун буғдойим ҳам тайёр. Ҳаммасини олаверинг. — Бўлмайди! — деди шоҳ Довуд. — Сендан бу нарсаларни тўлиқ нархига сотиб оламан. Сенинг мулкингни Эгамга бағишламайман. Текин тушган қурбонликларни Эгамга куйдириб назр қилмайман. Довуд Аравнога ўша ер учун олти юз олтин танга берди. Довуд у ерда Эгамизга атаб қурбонгоҳ қуриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини атади. Сўнгра Эгамизга илтижо қилди. Эгамиз унинг илтижосига жавоб бериб, қурбонгоҳ устига осмондан олов туширди. Шундан сўнг Эгамиз фариштага: “Қиличингни қинига қайтариб солиб қўй!” деб амр берган эди, фаришта итоат этди. Довуд қилган илтижосига Эгамиздан жавоб олганини кўргач, Аравнонинг хирмонида яна қурбонликлар келтирди. Шоҳ ҳазратлари! Марҳамат қилиб мен, қулингизнинг сўзларига қулоқ солинг. Агар сизни менга қарши қўзғатган Эгамиз бўлса, назр атанг, У тинчлансин. Агар бу ишни инсонлар қилган бўлса, Эгамиз олдида лаънати бўлсинлар. Чунки улар Эгамизнинг еридан мени ҳайдаб: “Бор, бегона худоларга хизмат қил”, деяётгандай бўляпти. Ўша пайтда Бенямин қабиласидан Шеба деган ярамас бир одам шу ерда — Гилгалда эди. У Бихри деганнинг ўғли эди. Шеба бурғу чалиб, шундай хитоб қилди: “Эссай ўғли Довуднинг бизга ўтказиб қўйган жойи йўқ, Бизнинг ҳам ундан қарзимиз йўқ! Эй Исроил эрлари, ҳамма ўз уйига қайтсин!” Шундан кейин жамики Исроил одамлари Довудни тарк этиб, Шебага эргашиб, кетиб қолишди. Яҳудо халқи эса ўзларининг шоҳига содиқ қолиб, Иордан дарёсидан Қуддусгача унга ҳамроҳ бўлишди. Довуд Исроил халқини санаб чиққанда, йигирма ёшдан пастини рўйхатга киритмаган эди, чунки Эгамиз: “Исроил халқини осмондаги юлдузлар каби кўпайтираман”, деб ваъда берган эди. Зеруя ўғли Йўаб халқни санашни бошлаганди–ю, лекин охирига етказмаганди. Халқ саналгани учун Эгамиз Исроилга ғазабини сочганди. Шу сабабдан бу саноқнинг натижаси шоҳ Довуднинг йилномасига киритилмади. Васвасага тушганингизда Худони айбламанг! Чунки Худо ҳеч қачон васвасага тушмайди ва ҳеч кимни васвасага солмайди.
Выбор основного перевода