Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Қонунлар
Параллельные места
Кейин Исроил халқи Амор халқининг шоҳи Сихўнга шу гапни айтиш учун чопарлар жўнатди: “Бизга юртингиз орқали ўтиб кетишга ижозат берсангиз. Биз экинзорларингизга, узумзорларингизга кирмаймиз, қудуқларингиз сувидан ичмаймиз. Сизнинг юртингиздан ўтиб кетгунча, фақат Шоҳ йўлидан юрамиз.” Лекин Сихўн Исроил халқига ўз юртидан ўтиб кетишга ижозат бермади. У жамики лашкарини йиғиб, саҳродаги Яхаз шаҳри ёнида Исроил халқига ҳужум қилди. Жангда Исроил халқи Сихўнни мағлуб этди ва Арнон сойлигидан тортиб, Явоқ дарёсигача бўлган ҳамма ерларини эгаллаб олди. Лекин Оммон халқининг чегарасидан у ёғига ўтмади, чунки Оммон юртининг чегараси мустаҳкам эди. Исроил халқи Амор халқининг ҳамма шаҳарларини, хусусан, Хашбон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, ўша шаҳарларда ўрнашиб олди. Хашбон шаҳри Амор шоҳлигининг пойтахти эди. Амор шоҳи Сихўн Мўабнинг олдинги шоҳи билан жанг қилиб, унинг Арнон сойлигигача бўлган ҳамма ерларини босиб олган эди. Шунинг учун достончилар айтишарди: “Хашбонга келинглар, қайта қуринглар уни, Мустаҳкам этинглар Сихўн шаҳрини. Олов чиқиб кетди–ку Хашбон шаҳридан, Аланга чиқди шоҳ Сихўннинг шаҳридан. Ёнғин яксон қилди Мўабдаги Ор шаҳрини, Йўқ қилди Арнон қирлари шоҳларини. Ҳолингга вой, эй Мўаб халқи! Тамом бўлдингиз, Хамўш ихлосмандлари! Хамўш қочқин қилди ўғилларингизни, Амор халқининг шоҳи Сихўнга асир қилди Сизнинг қиз–жувонларингизни. Қириб ташладик биз уларни, Хашбондан Дибонга қадар йўқ қилдик ҳаммасини. Нўфахдан Мидавога қадар хонавайрон қилдик уларни.” Шундай қилиб, Исроил халқи Амор халқининг юртида ўрнашиб олди. Мусо Язир шаҳрига айғоқчилар жўнатди. Исроил халқи Язир ва унинг атрофидаги қишлоқларни босиб олиб, у ерда истиқомат қилаётган Амор халқини ҳайдаб чиқарди. Сўнг улар Башан ўлкасига йўл олишди. Башан шоҳи Ўг жамики лашкарини бошлаб, Эдрей шаҳри яқинида Исроил халқи билан жанг қилгани чиқди. Шунда Эгамиз Мусога деди: — Ўгдан қўрқма. Мен унинг ўзини, лашкарини ва бутун юртини сенинг қўлингга берганман. Сен Ўгнинг бошига Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўннинг кунини соласан. Исроил халқи Ўгни, унинг ўғилларини, бутун халқини битта қолдирмай қириб ташлади. Сўнг улар Ўгнинг юртини қўлга киритишди.
Выбор основного перевода