Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Эгамизнинг сўзи Еремиёга аён бўлди. Эгамиз Бобил юрти, Бобилликларнинг диёри хусусида Еремиё пайғамбар орқали шундай сўзларни айтди: “Халқларга эълон қилинг, хабар етказинг! Байроқ кўтариб, янгиликни айтинг. Ҳеч нарса яширмай шундай жар солинг: «Бобил қулайди, Уларнинг худоси Бэл шарманда бўлади, Худоси Мардух парча–парча қилинади. Бобил бутлари хор бўлади, Санамлари синдириб ташланади.» Шимолдаги бир халқ Бобил устига бостириб келади. Улар бутун юртни вайрон қилишади. У ерда ҳеч ким яшамайдиган бўлади. Одамлар ва ҳайвонлар у ердан қочиб кетади.” Эгамиз шундай демоқда: “Ўша кунлар келганда, Исроил халқи Яҳудо халқи билан бирга кўз ёш тўкиб, Эгаси Худога интиладиган бўлади. Улар юзларини Қуддус томон бурадилар, у ерга олиб борадиган йўлни сўраб–суриштирадилар. Эгасига боғланиб қоладилар, У билан унутилмас, абадий бир аҳд тузадилар. Менинг халқим адашган қўйларга ўхшайди. Чўпонлари уларни йўлдан адаштириб, тоғларга ҳайдаб юбордилар. Улар тоғлару қирларда дарбадар кезиб, оромгоҳини унутдилар. Қўйларимга дуч келган одам уларни еди. Душманлар шундай деди: «Бизнинг айбимиз йўқ. Уларнинг ўзлари Эгасига қарши гуноҳ қилди. Эгаси улар учун асил яйловдай эди, ота–боболари Эгасига умид боғлаган эди.» Эй Исроил халқи, Бобилдан қочиб чиқинг! Бобилликларнинг юртини тарк этинг! Сурувни бошқариб кетаётган серкадай биринчи бўлиб чиқинг. Мана, Мен шимолдаги қудратли халқларни Бобилга қарши қўзғатяпман. Улар саф тортиб, Бобилга ҳужум қиладилар. Бобил жангда мағлуб бўлади. Душман ўқларининг ҳаммаси тўғри нишонга тегади, уларнинг ўқлари мерганларнинг ўқларидайдир. Бобил талон–тарож қилинади, ҳамма талончилари ўлжага тўяди.” Эгамизнинг каломи шудир. Эй Худонинг халқини талаган Бобилликлар! Сизлар севиниб, хурсанд бўляпсизлар, Яйловдаги бузоқдай шодон сакраяпсизлар, Отлар каби кишнаяпсизлар. Аммо билиб қўйинг, она юртингиз хор бўлади, Сиз туғилган юрт оёқ ости қилинади. Юртингиз халқлар орасида арзимас бўлиб қолади, Чўл, қақроқ ер, саҳрога айланади. Эгамиз Бобилга қаҳрини сочади, У ерда ҳеч ким яшамайди. Бутунлай ташландиқ бўлиб қолади. У ердан ким ўтса ёқасини ушлайди, Бобил харобаларини кўриб қотиб қолади. Эй мерганлар! Бобил атрофига саф тортинг! Унга қарши ўқ узинг! Ўқингизни сира аяманг. Ахир, Бобил Эгамизга қарши гуноҳ қилди. Ҳар ёқдан Бобилга шундай деб хитоб қилинг: “Бобил таслим бўляпти, Истеҳкомлари йиқиляпти, Деворлари ўпирилиб тушяпти.” Эгамизнинг қасосидир бу. Сизлар ҳам Бобилдан ўч олинг, Қилмишларини ўз бошига қайтариб солинг. Бобилдаги уруғ сепувчиларни йўқ қилинг, Ўрим мавсумида ўроқчиларни ўлдиринг. Душман қиличидан ҳамма қочсин, У ердаги асирлар ўз халқи орасига қайтсин, Она юртига қочиб борсин. Исроил халқи шерлар ҳар ёққа тумтарақай қочириб юборган қўйларга ўхшайди. Илк бор Исроилга Оссурия шоҳи ташланган эди, Исроилнинг суякларини эса Бобил шоҳи Навухадназар ғажиган эди. Шу сабабдан Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Оссурия шоҳини қандай жазолаган бўлсам, Бобил шоҳини ва унинг юртини ҳам худди шундай жазолайман. Исроилни ўз яйловига қайтариб олиб келаман, улар Кармил тоғининг ён бағирларида ва Башанда ўтлаб юрадилар. Эфрайим қирларида ва Гиладда юриб, қоринларини тўйғизадилар. Ўша кунлар келганда Исроилдан бирон гуноҳ топилмайди, Яҳудо ҳам бенуқсон бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз. — Зеро, Мен асраган халқимнинг гуноҳларини кечираман.” Эгамиз шундай демоқда: “Маротайим юртига бостириб боринглар, Пахўд аҳолисига ҳужум қилинглар, Уларни тамомила қириб битиринглар. Сизларга Мен буюрган ҳамма ишни бажаринглар. Бобилдан жанг шовқин–сурони кўтарилмоқда, Ҳамма ёқ харобага айланмоқда. Бобил бутун дунёни болғадай парча–парча қилди, Эҳ, энди ўзи синиб парчаланиб кетди! Бобилнинг аҳволи халқларни ваҳимага солди. Эй Бобил, Мен сенга тузоқ қўйгандим, Билмасдан тузоғимга тушиб қолдинг. Сени фош қилдим, қўлга олдим. Ахир, сен Менга қарши чиққан эдинг.” Эгамиз Ўз аслаҳахонасини очди, Ғазаб қуролларини олиб чиқди. Сарвари Олам — Раббий Бобилликлар юртида бир иш қилишга шайланди. Узоқ юртлардан Бобилга ҳужум қилинг! Омборхона эшикларини бузинг! Бобилни дон уюмларидай йиғинг, Ҳаммасини йўқ қилинг. Ундан асар ҳам қолмасин! Ёш жангчиларини ўлдиринг, Ҳаммасини қириб ташланг. Бобилнинг ҳолига вой, унинг куни битди, Жазо оладиган вақти етди. Бобилдан қочиб келганларнинг гапларини эшитинг. Улар Қуддусга келиб, Эгамиз Худо Ўз Маъбади учун қасос олганини эълон қилишмоқда. Эгамиз шундай демоқда: “Бобилга ҳужум қилиш учун камонкашларни йиғинглар. Шаҳарни қуршовга олинглар, биронта одам қочиб кета олмасин. Бобилликларнинг қилган ишига яраша жазосини беринглар, қилмишларини ўз бошига қайтариб солинглар. Зеро, улар Менга, Исроил халқининг Муқаддас Худосига нисбатан такаббурлик қилдилар. Ўша куни Бобилликларнинг йигитлари майдонларда ўлиб кетади, ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади.” Эгамиз шундай демоқда: “Бобилга ҳужум қилиш учун камонкашларни йиғинглар. Шаҳарни қуршовга олинглар, биронта одам қочиб кета олмасин. Бобилликларнинг қилган ишига яраша жазосини беринглар, қилмишларини ўз бошига қайтариб солинглар. Зеро, улар Менга, Исроил халқининг Муқаддас Худосига нисбатан такаббурлик қилдилар. Ўша куни Бобилликларнинг йигитлари майдонларда ўлиб кетади, ҳамма сипоҳлари ҳалок бўлади.” Сарвари Олам — Раббий шундай демоқда: “Эй такаббур Бобил, Мен сенга қарши чиқяпман! Сенинг кунинг битди, Сени жазолайдиган вақт етди. Бу такаббур халқинг қоқилиб тушади, Сени ҳеч ким турғизиб қўймайди. Мен ҳамма шаҳарларингга ўт қўяман, Олов атрофдаги ҳамма нарсани ёндириб юборади.” Сарвари Олам шундай демоқда: “Исроил ва Яҳудо халқлари зулм исканжасида қолишди. Душманларнинг ҳаммаси уларни қаттиқ тутиб турибди. Уларни қўйиб юборишдан бош тортяпти. Аммо Мен уларнинг қудратли Қутқарувчисиман, Менинг номим Сарвари Оламдир. Мен халқимни астойдил ҳимоя қиламан, уларнинг юртига ором бераман. Бобилликларни эса тинчликдан маҳрум қиламан.” Эгамиз шундай демоқда: “Бобилликларга ўлим! Бутун Бобил аҳолисига, Аъёнларию донишмандларига ўлим! Фолбинларига ўлим! Нақадар аҳмоқдир улар! Жангчиларига ўлим! Нақадар ваҳимага тушган улар! Отларию жанг араваларига ўлим! Ёлланган жангчиларига ўлим! Аёлларга ўхшаган заифдир улар! Зеб–зийнату бойликларини йўқ қилинг, Таланг, ўлжа қилиб олинг. Бутун юртга қурғоқчилик келсин! Дарёлари қуриб кетсин. Зеро, бу юрт бутлар макони бўлди, Ваҳимага солган ўша бутлар дастидан Одамлари ақлдан озди. Шунинг учун Бобилда сиртлонлару туяқушлар яшайди. У ер ёввойи дашт ҳайвонларининг маконига айланади. Инсон зоти энди у ерда ҳеч қачон яшамайди, Бобил то абад бўм–бўш бўлиб қолади. Садўм, Ғамўра ва уларнинг атрофидаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Бобил ҳам шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди.” Эгамизнинг каломи шудир. Ана, шимолдан оломон келмоқда. Дунёнинг четидан Буюк бир халқу кўп шоҳлар қўзғалмоқда. Камону найзалар билан қуролланган улар, Шафқат қилмайдиган золимдир бу одамлар. Улар отларини елдиради, Денгиздай гувиллаб келади. Эй қиз Бобил, улар сенга қарши чиқади, Жанг қилгани саф тортишади. Бобил шоҳи бу хабарни эшитди, Қўлларида мадор қолмади. Дард тутган аёл каби Азобу изтиробда қолди. Эгамиз шундай дейди: “Мен, Иордан чакалакзоридаги арслондай, яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Бобил халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрайди?! Қандай чўпон Менга қарши тура олади?! Шундай экан, Бобил юртига қарши Мен тузган режаларни эшитинглар. Бобил халқи тўғрисида қилган ниятларимга қулоқ тутинглар: йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари дастидан ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади. Бобил гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади, халқнинг доду войлари олисдаги элларга эшитилади.” Эгамиз шундай демоқда: “Мен Бобилга ва унинг аҳолисига қарши, Ҳалокат келтирадиган шамол қўзғатаман. Бобилга ажнабийларни жўнатаман. Улар буғдойни совургандай, Бобилни совуриб ташлайдилар. Унинг бор–йўғини шилиб оладилар. Кулфат куни унга ҳар ёқдан ёпириладилар. Бобил камонкашларининг совут кийишига, Ўқ узишларига имкон берманг. Бобил йигитларига раҳм қилманг! Лашкарини тамомила қириб битиринг. Улар Бобил юртида чопиб ташланадилар, Кўчаларида оғир яраланиб ётадилар.” Исроил ва Яҳудо халқлари Сарвари Олам олдида гуноҳ қилган бўлсалар ҳам, Худоси уларни тарк этмади. Исроил халқининг Муқаддас Худоси улардан юз ўгирмади. Бобилдан қочиб чиқинглар! Жонингизни қутқариб қолинглар! Бобилнинг гуноҳи туфайли қирилиб кетманглар, Зотан, Эгамиз Бобилдан ўч олмоқда, Қилган қилмишларига яраша жазосини бермоқда. Бобил Эгамизнинг қўлидаги олтин косадай эди, Бобил бутун дунёни маст қилди. Дунё халқлари косадаги шаробдан ичди, Ҳаммаси ақлдан озди. Бобил бирданига қулайди, вайрон бўлади. У учун фарёд қилинг! Яраларига малҳам суртинг, Зора тузалиб қолса! Бобилда яшаган ажнабийлар айтишади: “Бобилни тузатмоқчи эдик, аммо у тузалмади. Энди уни ташлаб кетайлик, Ҳар биримиз юртимизга қайтиб кетайлик. Ахир, Бобилнинг жазоси бошидан ошди, Кўкдаги булутларгача етиб борди.” Исроил халқи дейди: “Эгамиз бизни оқлади. Юринглар, Қуддусга борайлик, Эгамиз Худонинг буюк ишларини У ерда эълон қилайлик.” Эгамиз Ўз Маъбади учун Бобилликлардан ўч олмоқчи бўлди. У бутун Бобил юртини вайрон қилишни режалаштириб қўйган эди. Режасини амалга ошириш учун Мидия шоҳларини Бобилга қарши қўзғатиб, шундай деган эди: “Ўткирланг ўқларни! Тўлдиринг ўқдонларни!” Бобилга қарши байроқ кўтаринг. Қўриқчилар сафини кучайтиринг, Соқчилар қўйинг. Пистирма қўйишга тайёр туринг. Эгамиз режаларини амалга оширади, Бобилга қарши айтганларини бажаради. Эй сероб сувлар бўйидаги шаҳар, Бой хазинага эга бўлган шаҳар! Сенинг кунинг битди. Ҳаётинг ипи узилди. Сарвари Олам Ўз номи билан қасамёд қилиб деди: “Чигирткадай гала–гала душманни сенга қарши юбораман. Улар юртинг узра ғолибона ҳайқиради.” Эгамиз қудрати ила ерни яратди, Донолиги ила дунёни бунёд этди, Идроки ила осмон гумбазини ўрнатди. Унинг овозидан осмондаги сувлар гулдурайди, У дунёнинг тўрт бурчидан булутларни олиб келади. Ёмғир ёғдирганда чақмоқ чақтиради, Омборларидаги шамоллардан эстиради. Унинг олдида ҳамма одамлар аҳмоқ ва нодондир. Заргарлар ясаган бутлари туфайли шарманда бўлишади. Ясаган санамлари сохтадир, уларнинг жони йўқ. Бу бетайин бутлар алдамчидир. Уларни жазолаганим заҳоти йўқ бўлишади. Ёқубнинг Худоси эса ундай эмас. Бутун борлиқни У яратган, Исроил қабиласини Ўзига мулк қилган. Унинг номи Сарвари Оламдир. Эгамиз шундай дейди: “Эй Бобил, сен Менинг болғам, уруш қуролимсан. Сен билан эздим Мен халқларни, Сен билан парчаладим шоҳликларни. Сен билан пачақладим отлару чавандозларни, Мажақладим жанг араваларию аравакашларни. Сен билан эздим эркагу аёлларни, Сен билан урдим ёшу қариларни, Сен билан ўлдирдим йигиту қизларни, Сен билан эздим чўпонлару уларнинг сурувларини, Сен билан урдим деҳқонлару уларнинг ҳўкизларини, Сен билан ўлдирдим ҳокимлару аъёнларни.” Эгамиз шундай демоқда: “Қуддусга қилган барча ёвузликлари учун Бобилликларни ва бутун Бобил юртини сизнинг кўзингиз олдида жазолайман. Эй Бобил, сен тоғдай бўлиб, Бутун дунёни вайрон қилдинг. Шу боис Мен сенга қаршиман! — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен сенга қарши қўл кўтараман, Сени қоялардан пастга думалатиб юбораман, Куйиб хароб бўлган тоққа айлантираман. Сендан на тамал тоши, На пойдевор учун тош олинади. Сен то абад ташландиқ бўлиб қоласан.” Эгамизнинг каломи шудир. Байроқни кўтаринг! Халқларга бурғу чалинг! Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг. Арарат, Миннах ва Ашканоз шоҳликларини Унга қарши тўпланг. Бобилга қарши жанг қиладиган лашкарбошини тайинланг, Чигиртка галасидай кўп отлар келтиринг. Халқларни Бобилга қарши урушга тайёрланг. Мидия шоҳларини, уларнинг ҳокиму аъёнларини, Уларнинг қўли остидаги ҳамма юртларни Бобилга қарши сафарбар қилинг. Бутун дунё дағ–дағ титрамоқда, Зеро, Эгамиз Ўз режасини амалга оширмоқда. Бобил вайрон бўлади, Эвоҳ, кимсасиз ҳувиллаб қолади. Бобил сипоҳлари жангдан воз кечишади, Қалъаларида писиб ётишади. Уларнинг мадори қолмайди, Аёллардай заиф бўлиб қолишади. Бобилнинг душмани шаҳар биноларига ўт қўяди, Шаҳар дарвозаларини бузади. Чопар кетидан чопар югурар, Хабарчи кетидан хабарчи келар. Бобил шоҳига шундай хабар етказмоқчи улар: “Шаҳрингиз қулади, Дарёнинг кечув жойлари қўлга олинди, Тўқайларга ўт қўйилди, Сипоҳлар саросимага тушди.” Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Қиз Бобил хирмондаги буғдойга ўхшайди. Тез орада ўрим вақти етиб келади, Ҳадемай у янчилади.” Қуддус аҳолиси шундай деди: “Бобил шоҳи Навухадназар бизни ғажиди, эзди, Бизни бўм–бўш идишдай қилиб қўйди. У аждарҳодай бизни ямлади, Лаззатли нарсаларимиз билан қорнини тўйғизди, Кейин эса бизни тупуриб ташлади.” Қуддус аҳолиси айтсин: “Мажақланган танам учун Бобилдан ўч олинсин”, дея. Сион аҳолиси айтсин: “Тўкилган қоним учун Бобилликлар жазолансин”, дея. Эгамиз шундай демоқда: “Мен даъвоингизни эшитиб, Сизни ҳимоя қиламан. Сизлар учун ўч оламан. Бобилнинг булоғини қуритаман, Дарёларини сувсиз қолдираман. Бобилни бир уюм тошга айлантираман, Чиябўриларнинг макони қиламан. Бобилнинг аҳволидан одамлар даҳшатга тушади, Уни кўрганлар қотиб қолади. У ерда бирон кимса яшамайди. Бобилликлар шер каби ўкиришади, Шер болаларидай бўкиришади. Айни қизишган пайтларида Уларга ўткир ичимликдан ичираман. Уларни масту шодон қиламан. Сўнг улар абадий уйқуга кетишади, Ҳеч қачон уйғонишмайди, — деб айтмоқда Эгамиз. — Мен уларни қўзичоқ, қўчқор ва такалардай Қассоб олдига олиб бораман. Эҳа, Бобил шаҳри қулади–я! Бутун дунё ғурури мағлуб бўлди–я! Унинг қисматидан халқлар даҳшатга тушди! Денгиз сувлари Бобилни босди, Шовқин тўлқинлар уни қоплаб олди. Ана, шаҳарлари хароб бўлди, Улар чўлу саҳрога айланди. Энди у ерда ҳеч ким яшамайди, Инсон қадами у ерга етиб бормайди. Бобил худоси Бэлни Мен жазолайман, Ютганларини оғзидан чиқараман. Энди халқлар унинг олдига оқиб бормайди, Бобил деворлари қулаб тушади. Эй халқим, чиқиб кет у ердан! Қочиб қол Менинг қаҳримдан! Жонингни қутқаргин! Юртдаги миш–мишлар сизни қўрқитмасин, Юрагингизга ғулғула солмасин. Бир йил бир миш–миш бўлади, Кейинги йили бошқаси чиқади. Ҳа, юртдаги зўравонлик ҳақида миш–миш чиқади, Шоҳлар орасидаги уруш ҳақида миш–миш тарқалади. Мана, шундай кун келяптики, Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман. Бутун Бобил юрти шарманда бўлади, Кўчаларида жасадлар ётади. Ҳа, Бобилга қарши шимолдан Қирғин келтирувчи келади. Шунда Бобилнинг ҳалокатидан Еру осмон шодланади, У ердаги барча мавжудот хурсанд бўлади, — деб айтмоқда Эгамиз. — Ахир, Бобил Исроил халқининг умрига зомин бўлди, Ер юзидаги кўп халқларнинг бошини еди, Ана энди унинг қилмишлари ўзининг бошига етди.” Эй қиличдан омон қолганлар! Ўйланмасдан қочинглар! Олис юртда Эгамизни эсланглар. Қуддус ҳақида ўйланглар. Сизлар айтасиз: “Шарманда бўлдик. Ҳақоратлар эшитдик. Юзимиз шувут. Ахир, Эгамиз уйининг муқаддас хоналарини Ажнабийлар оёқ ости қилди.” Эгамиз эса шундай демоқда: “Мана, шундай кунлар келяптики, Мен Бобилнинг сохта худоларини жазолайман. Бутун юрт узра Ярадорларнинг фарёдлари эшитилади. Бобил осмонга чиқиб олса ҳам, Баланд қалъасини мустаҳкам қилса ҳам, Мен унга қарши қирғин келтирувчини юбораман.” Эгамизнинг каломи шудир. Ана, Бобил халқидан доду фарёд кўтарилмоқда, Бобил юртидан вайрон–талқон садолари келмоқда. Эгамиз Бобилни вайрон қилади, Шанғиллаган товушини ўчиради. Душманлар шиддатли тўлқинлардай ўкиради, Қулоқни тешгудек қилиб бақиради. Қирғин келтирувчи Бобилга қарши чиқади, Сипоҳларини асирликка олади. Камонларини синдиради. Ахир, Эгамиз жазолайдиган Худодир, У роса Бобилнинг жазосини беради. Худо Шоҳдир, Сарвари Оламдир Унинг номи. У шундай демоқда: “Маст қиламан Бобил амалдорларию донишмандларини, Ҳокимларини, аъёнларию жангчиларини. Улар абадий уйқуга кетадилар, Ҳеч қачон уйғонмайдилар.” Сарвари Олам шундай демоқда: “Бобилнинг қалин деворлари ер билан яксон қилинади, Баланд дарвозалари ёндириб ташланади. Эллар беҳуда тинкасини қуритади. Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади.” Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўртинчи йили. Шоҳ Зидқиё Бобилга бормоқчи бўлиб йўлга отланганда, Еремиё пайғамбар Нериёнинг ўғли, Махсиёнинг невараси Сараёга кўрсатмалар берди. Сараё бу сафарда жавобгар бир шахс эди. Еремиё ўрама қоғозга Бобилнинг бошига тушадиган барча кулфатларни батафсил баён қилиб ёздирган эди. У Сараёга шундай тайинлади: — Бобилга борганингдан кейин, ўрама қоғоздаги ҳамма сўзларни халққа баланд овозда ўқиб бер. Кейин эса шундай хитоб қил: “Эй Эгам, Сен Ўзинг бу жойни вайрон қиламан, дегансан. Бу ерда на одамлар, на ҳайвонлар яшайди, бу жой то абад ташландиқ бўлади, деб айтгансан.” Ўрама қоғозни ўқиб бўлганингдан кейин, унга бир тош боғлагин–да, Фурот дарёсининг ўртасига улоқтириб юбор. Кейин шундай деб айт: “Бобил ҳам шунга ўхшаб чўкиб кетади. Эгамиз Бобилга ёғдирадиган кулфатлар туфайли Бобил ҳеч қачон ўнгланмайди. Унинг бутун аҳолиси ўлади.” Еремиёнинг башоратлари тугади.
Выбор основного перевода