Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Улуғворлигинг, кайфу сафолар товуши Улоқтирилди ўликлар диёрига! Остингдаги қуртлар кўрпачангдир, Чувалчанглар сенинг тўшагингдир. Қандай қилиб тушиб кетдинг самодан, Эй Зуҳра юлдуз, Тонг ўғли?! Халқларни ерга улоқтирган эдинг! Ерга қулаб тушдинг–ку ўзинг! Ҳа, ўзингча айтган эдинг: «Мен чиқиб бораман самоларга, Тахтимни кўтараман Худонинг юлдузлари тепасига. Ўтираман худолар йиғиладиган тоғда, Шимолнинг энг чеккасида. Булутлар тепасига чиқиб бораман, Худойи Таолодай бўламан.» Аммо сен улоқтирилгансан ўликлар диёрига, Чуқурликнинг туб–тубига. Кўрганлар сенга тикилиб қолади, Кўнгилларида шундай ўй кечади: «Ўша одамми бу заминни титратган, Шоҳликларни ларзага солган?! Шуми оламни саҳрога айлантирган?! Шаҳарларни ер билан яксон қилган, Асирларни қўйиб юбормаган?!» Халқларнинг шоҳи бўлганларнинг ҳаммаси Муҳташам қабрларида ётибди. Аммо сен улоқтирилгансан Жирканч чирик новдадай қабрингдан. Тош чуқурга тушадиган жасадлар, Қиличдан қулаган жасадлар Бўлар сенинг кафанинг. Сен мусофирлар қўлида суннатсизлар каби ўласан. Буларни Мен айтдим. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»” “Эй инсон, Миср фиръавни ва унинг тўдасига шундай деб айт: «Буюклигингда сенга тенг келадиган ким бор?! Эй фиръавн, сенинг шон–шуҳратингу салобатингни Адандаги қайси дарахтга қиёсласам бўлар экан–а? Сен ҳам Адандаги бошқа дарахтлар сингари, ер қаърига тушасан. Қиличдан ҳалок бўлган суннатсизлар билан бирга гўрда ётасан. Сен ва тўдангнинг қисмати худди Оссурияникидай бўлади. Эгамиз Раббийнинг каломи шудир.»” Элам ҳам ўша ерда, бир тўда сипоҳларининг қабрлари орасида ётибди. Уларнинг ҳаммаси жангда ҳалок бўлган. Бу суннатсизлар нариги дунёга кетган. Улар тириклар дунёсига даҳшат солишган эди, энди эса гўрдаги марҳумлар сингари иснодга қолишди. Қадимда қаҳрамонларни қурол–аслаҳалари билан бирга дафн қилишар эди. Марҳумларнинг боши остига қилич қўйиб, танасини қалқон билан ёпишар эди. Бироқ Мешех билан Тувал бундай ҳурмат–эҳтиромларга сазовор бўлмади, чунки улар тириклигида бутун жаҳонга даҳшат солишган эди. Эдом ҳам ўз шоҳларию раҳнамолари билан ўша ердадир. Улар ўз қудратига қарамай, ўлдирилганлар орасига дафн қилинганлар. Гўрдаги суннатсизлар билан бирга ётишибди.
Выбор основного перевода