Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
чунки Эдомликлар яна Яҳудо юртига ҳужум қилиб, кўп асирларни олиб кетган эдилар. Эй Эгам, Қуддус қулаган кунда Эдомликлар нима қилганини ёдда тутгин. Ахир, улар: “Қулатинг, йиқитинг уни! Пойдеворигача қулатиб ташланг!” деб бақирган. Сарвари Олам Эдом ҳақида шундай демоқда: “Темонда фаросатли киши қолмадими? Оқилона насиҳат берадиган топилмадими? Ақлларини моғор босдими? Эй Дедонликлар, қочинглар, Чуқур ғорларда бекиниб олинглар! Вақт келди Эсов наслини жазолашга, Фалокат келтираман унинг бошига. Боғингизда узум терган одамлар Бир–икки бош бўлса–да, узум қолдиради–ку! Кечаси уйга тушган ўғри Фақат хоҳлаган нарсасини олади–ку! Мен эса Эсовнинг бор–йўғини тортиб оламан, Унинг пана жойларини ошкор қиламан, У ҳеч қаерга яширина олмайди. Унинг болалари ҳалок бўлади, Оға–ини, қўшнилари ўлади. Ундан асар ҳам қолмайди. Етимларингизни қолдиринг, Уларнинг жонини асрайман. Беваларингиз Менга инониб яшасин.” Эгамиз шундай демоқда: “Айбсиз одамлар жабр тортса–ю, сен, эй Эдом, жазосиз қоласанми?! Йўқ, сен жазодан қочиб қутулолмайсан. Жазо косасидан албатта ичасан. Ўз номим билан қасам ичиб айтаманки, Бозрах шаҳри вайрон бўлади. Унинг аянчли аҳволи одамларни ваҳимага солади. Ўтган–кетганлар уни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатади. Ён–атрофидаги ҳамма шаҳарлар ҳам то абад ташландиқ бўлиб қолади.” Эгамизнинг каломи шудир. Эгамиз барча халқларга жарчи юборди, Мен, Еремиёга шундай хабар етиб келди: “Тўпланинг! Эдомга ҳужум қилинг, Қани, жангга отланинг!” Эгамиз дейди: “Эй Эдом, сени халқлар орасида арзимас қилиб қўяман, Бутун одамзод сендан ҳазар қиладиган бўлади. Важоҳатинг сени алдади, Такаббурлигинг сени аҳмоқ қилди. Сен–ку тик қояда яшайсан, Азим чўққиларни эгаллагансан. Бургут каби инингни баланд қурган бўлсанг ҳам, Сени у ердан тортиб тушираман.” Эгамизнинг каломи шудир. Эгамиз шундай демоқда: “Эдомнинг бошига тушадиган кулфатлар шу қадар даҳшатли бўладики, бу юртнинг олдидан ўтган ҳар бир киши унинг аянчли аҳволидан ваҳимага тушиб, қотиб қолади. Садўм, Ғамўра ва уларнинг атрофидаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Эдом ҳам худди шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди. Эгамиз шундай демоқда: “Эдомнинг бошига тушадиган кулфатлар шу қадар даҳшатли бўладики, бу юртнинг олдидан ўтган ҳар бир киши унинг аянчли аҳволидан ваҳимага тушиб, қотиб қолади. Садўм, Ғамўра ва уларнинг атрофидаги шаҳарлар қандай вайрон бўлган бўлса, Эдом ҳам худди шундай вайрон бўлади. У ерда ҳеч ким яшамайди. Мен, Иордан чакалакзоридаги арслондай, яйловдаги қўйларга ҳужум қиламан. Бир зумда Эдом халқини ўз юртидан ҳайдаб чиқараман. Ўзим хоҳлаган инсонни у ерга бош қиламан. Ахир, ким Менга тенг кела олади?! Ким Мендан ҳисобот сўрай олади?! Қайси чўпон Менга қарши тура олади?! Шундай экан, Эдом халқига қарши тузган режаларимни эшитиб қўйинг. Темон аҳолисига қилган ниятларимга қулоқ тутинг: йиртқичлар сурувдаги қўзичоқларни судраб кетади. Қилмишлари дастидан ям–яшил яйловлари пайҳон бўлади. Эдом гурсиллаб қулаганда, ер юзи ларзага келади. Халқнинг доду войлари Қизил денгизгача эшитилади. Қаранглар! Душман бургутдай Бозрахга ҳужум қилмоқда. Қанот кериб шаҳар узра парвоз этмоқда. Ўша куни Эдом лашкари дард тутган аёл каби ваҳимага тушади.” Эй Уз юртида яшовчи қиз Эдом, Хурсанд бўл, шодлан! Бироқ сен ҳам жазо косасидан ичасан, Маст бўлиб кийимингни ечасан. Эй қиз Қуддус, жиноятларинг учун Сен жазоингни тортиб бўлдинг. Энди Эгамиз сени сургунда ушлаб турмайди. Эй қиз Эдом, сенинг гуноҳларингни эса Эгамиз фош қилади, Жиноятларинг учун У сени жазолайди. «Эгамиз Раббий шундай демоқда: эй Сеир тоғлари, Мен сизларга қаршиман. Мен сизларга қарши қўлимни кўтариб, сизларни ташландиқ харобазор қиламан. Шаҳарларингизни вайрон қилиб, юртингизни ташландиқ жойга айлантираман. Ўшанда Эгангиз Мен эканлигимни билиб оласизлар. Халқимга бўлган қадимги адоватингиз туфайли сизлар Исроил халқининг тақдирини қилич билан ҳал қилган эдингизлар. Улар шусиз ҳам охирги жазосини тортиб, бошларидан оғир дамларни кечираётган эдилар–ку! Шу қилганларингиз учун, Мен, Эгангиз Раббий, барҳаёт Худо бўлганим ҳақи онт ичиб айтаманки, сизларни қонга белайман, қон кетингиздан қувади. Сизлар қотилликдан ҳазар қилмаганингиз учун қотиллик сизларни доим таъқиб қилади. Эгамиз шундай демоқда: “Эдом аҳолиси гуноҳ устига гуноҳ қилди! Мен уларни жазосиз қолдирмайман. Ахир, улар қардоши Исроил халқига раҳм қилмадилар. Уларни қилич билан таъқиб қилиб, Қаҳрини чексиз сочдилар, Ғазабидан ҳеч тушмадилар. Шундай экан, Мен Темон шаҳрига олов ёғдираман, Бозрах қалъаларини олов куйдириб ташлайди.” Қуйидагилар Ободиёнинг башоратидир. Эгамиз барча халқларга жарчи юборди, Бизга шундай хабар етиб келди: “Тайёрланинглар! Қани, келинглар, Эдомга қарши урушга борайлик!” Эдом халқи ҳақида Эгамиз Раббий қуйидагиларни айтмоқда: “Эй Эдом халқи, халқларнинг орасида Мен энг арзимаси қилиб қўяман сизни, Ҳамма сизлардан нафратланади. Такаббурлигингиз сизларни алдади. Қоядаги қўрғондир пойтахтингиз, Баланд тепаликдадир уйларингиз, Шунинг учун айтасиз ўзингизча: «Ким бизларни тушира олар ерга?!» Бургутдай баланд парвоз қилсангиз ҳам, Инингиз юлдузлар орасида бўлса ҳам, Сизларни у ердан тортиб тушираман, — деб айтмоқда Эгамиз. — Уйингизга ўғри тушса, Кечаси босқинчилар келса, Фақат хоҳлаган нарсасини олади–ку! Боғингизда узум терган одамлар Бир–икки бош бўлса–да, узум қолдиради–ку! Душманларингиз эса сизни тамоман йўқ қилади! Эй Эсовнинг авлоди — Эдом, Ёвлар ҳамма нарсангизни талон–тарож қилишар, Қадрли буюмларингизни топиб, тортиб олишар. Барча иттифоқчиларингиз сизга қарши чиқиб, Сизни ўз юртингиздан ҳайдаб юборар. Тинчлик ваъда қилиб алдайди улар, Аммо сизларни мағлуб қиларлар. Сизларга тузоқ қўяр нонингизни еганлар. Сизлар эса буни билмай қоласизлар.” Эгамиз шундай айтмоқда: “Эй Эдом халқи, ҳукм қилинадиган кунда, Мен донишмандларингни ҳалок қиларман, Эсов тоғидаги ақл–идроклиларин йўқ қиларман. Эй Темон шаҳри, жангчиларинг даҳшатга тушар, Эсов тоғидаги ҳар бир инсон йўқ қилинар. Сизлар қондошингиз Ёқуб авлодига зулм қилиб, Уларни ўлдирдингиз. Шу боис то абад шарманда бўлиб, Бутунлай ҳалок бўласиз. Уларнинг бойликларин бегоналар олиб кетган кун Сизлар бир четда қараб турдингиз. Ёт халқлар Қуддус шаҳрига кириб, Шаҳар учун қуръа ташлаганларида, Сизлар ҳам улар каби ёвуз ишлар қилдингиз. Қондошларингизга келган бахтсизликни кўриб, Хушнуд бўлмаслигингиз керак эди. Яҳудо халқи хароб бўлган кун Севинмаслигингиз керак эди. Бошларига тушган кулфатни кўриб, Мазах қилмаслигингиз керак эди. Менинг халқимга фалокат келган куни Шаҳар дарвозаларидан кирмаслигингиз керак эди. Яҳудо халқининг бошига фалокат тушган куни, Хушнуд бўлганларга қўшилмаслигингиз керак эди. Уларнинг бошига фалокат тушган куни, Буюмларини ўлжага олмаслигингиз керак эди. Қочиб кетаётганларни кутиб чорраҳаларда, Пистирмалар қўймаслигингиз керак эди. Ўша кулфат куни тирик қолганларни Душман қўлига бермаслигингиз керак эди. Мен, Эгангиз, барча халқларни ҳукм қиладиган кун яқинлашиб қолди. Эй Эдом халқи! Нима қилган бўлсангиз бошқаларга, Ўзингиз ҳам тушарсиз ўша кўйга, Қилмишларингиз қайтар ўз бошингизга. Эй Яҳудо халқи, муқаддас тоғимда Ғазаб шаробин ичиб бўлдингиз. Шу сингари, барча халқлар ҳам Бу шаробдан тўхтамасдан ичарлар. Ҳеч қачон ер юзига келмаган каби, Ичиб–ичиб, йўқ бўлиб кетарлар. Лекин Сион тоғида нажот топарлар Исроил халқининг омон қолганлари. Бу тоғ муқаддас бўлар. Ёқуб насли ҳайдаб чиқарар ёвларини, Унинг мулкини тортиб олганларни Ва яна эгаллар ўз ерларини. Ёқуб авлоди бўлар оловдай, Юсуфнинг авлоди бир алангадай. Эсовнинг авлоди эса Бўлиб қолар қуруқ поядай. Менинг халқим Исроил Эсовнинг авлодини ёндирар, Ёндириб, уларни йўқ қилар. Эсов авлодидан тирик қолмас ҳеч бири.” Зотан, бу сўзларни Эгамиз айтди. Исроил халқининг Нагав чўлида яшайдиганлари Эсов тоғини эгаллаб оладилар, Яҳудо қир этакларида яшайдиганлари эса Филистларнинг ерларига эгалик қиладилар. Исроил халқи Эфрайим ерларини ва Самария шаҳрини қўлга киритади, Бенямин авлоди эса Гиладга эгалик қилади. Шимолий Исроилдан асирликка олиб кетилганлар қайтиб келади. Улар шимолдаги Зорафат шаҳригача бўлган Финикия ерларини оладилар. Қуддусдан Сафарадга асирликка олиб кетилганлар эса Нагав чўлидаги шаҳарларни қўлга киритадилар. Ғолиблар Сион тоғига чиқадилар. Ўша ерда туриб, Эсов тоғи устидан ҳукмронлик қиладилар. Эгамизнинг Ўзи Шоҳ бўлади.
Выбор основного перевода