Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
4 Шоҳлар
Параллельные места
Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусга қарши бор лашкарини тортиб келиб, шаҳарни қамал қилди. Шаҳар девори атрофида қамал иншоотлари ясатди. Шоҳ Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йилигача шаҳар қамалда қолди. Тўртинчи ойнинг тўққизинчи куни шаҳарда очарчилик шу қадар кучайдики, халқ бир бурда нонга зор бўлди. Бобилликлар Қуддус деворини ёриб кирдилар. Улар Қуддусни ҳар томондан қуршаб олишган бўлсалар–да, Яҳудо сипоҳлари шоҳ билан бирга қочиб кетдилар. Улар тунда саройнинг боғи яқинидаги икки девор орасидаги дарвозадан чиқиб, Иордан водийси томонга қочган эдилар. Аммо Бобил сипоҳлари шоҳнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида унга етиб олдилар. Бутун лашкар эса шоҳни ташлаб қочиб кетди. Бобил сипоҳлари шоҳ Зидқиёни ушлаб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келдилар. Бобил шоҳи Зидқиёни ҳукм қилди. Ривлода Зидқиёнинг кўзи олдида ҳамма ўғилларини, сўнг Яҳудо аъёнларини қатл қилди. Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, уни кишанлаб қўйди. Бобил шоҳи уни ўзи билан Бобилга олиб кетди. Зидқиё умрининг охиригача зиндонда ётди. Бобил шоҳи Навухадназар ҳукмронлигининг ўн тўққизинчи йили бешинчи ойининг ўнинчи кунида Бобил шоҳи хизматидаги қўриқчилар сардори Набизарадон Қуддусга кирди. У Эгамизнинг уйига, шоҳ саройига, ҳар бир ҳашаматли иморатга, Қуддусдаги ҳамма уйларга ўт қўйди. Қўриқчилар сардори бошчилигида бутун Бобил лашкари Қуддус деворларини йиқитди. Набизарадон баъзи қашшоқларни, шаҳарда тирик қолганларни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқлару қолган–қутган ҳунармандларни асир қилиб олиб кетди. Узумчилик ва деҳқончилик билан машғул бўлсинлар дея, ҳеч вақоси йўқ, қашшоқ одамлардан баъзиларинигина қолдирди, холос. Бобилликлар Эгамизнинг уйидаги бронза устунларни, араваларни, бронза ҳовузни парчаладилар, бронзанинг ҳаммасини Бобилга олиб кетдилар. Эгамизнинг уйида хизмат пайтида ишлатиладиган буюмларни — қозонларни, куракларни, қайчиларни, тоғорачалар ва куракчаларни, барча бронза ашёларни ҳам олиб кетдилар. Қўриқчилар сардори Набизарадон олтин ва кумушдан ясалган тоғораларни, оловкуракларни, тоғорачаларни, товоқларни, чироқпояларни, куракчаларни ва шароб назри учун ишлатиладиган идишларни ҳам олиб кетди. Эгамизнинг уйи учун шоҳ Сулаймон ясаттирган иккита устунга, ҳовузга, ҳовуз остидаги ўн иккита буқага ва араваларга беҳисоб бронза сарф қилинган эди. Ҳар бир устуннинг баландлиги 18 тирсак, тевараги 12 тирсак эди. Устунларнинг ичи кавак бўлиб, деворларининг қалинлиги тўрт энли эди. Иккала устуннинг тепасида биттадан устунқош бор эди. Устунқошларнинг баландлиги 5 тирсакдан, атрофлари бронзадан ясалган тўрсимон безак ва анор тасвири билан безатилган эди. Устунқошнинг ҳар бир томонига тўқсон олтита анор тасвири туширилган эди. Тўрсимон безакдаги анорларнинг сони ҳаммаси бўлиб юзта эди. Қўриқчилар сардори Набизарадон олий руҳоний Сараёни, ундан кейинги руҳоний Зафаниёни ва учта дарвозабонни ҳам асирга олди. Қуддусда қолган сипоҳларнинг лашкарбошисини, шоҳнинг еттита шахсий маслаҳатчисини, халқни лашкар сафига ёзган лашкарбошининг котибини ва халқдан шаҳарда қолган олтмиш кишини ҳам банди қилди. Уларнинг ҳаммасини Ривлога, Бобил шоҳи ҳузурига олиб келди. Бобил шоҳи уларни Хомат юртида — Ривлода қатл қилди. Шундай қилиб, Яҳудо халқи ўз юртидан сургун бўлди. Яҳудо шоҳи Зидқиё ҳукмронлигининг тўққизинчи йили ўнинчи ойида Бобил шоҳи Навухадназар ўзининг жамики лашкари билан Қуддусга келиб, шаҳарни қамал қилди. Зидқиё ҳукмронлигининг ўн биринчи йили тўртинчи ойининг тўққизинчи кунида Бобилликлар Қуддус деворини ёриб, шаҳарга кирдилар. Шаҳар қўлга олингач, Бобил шоҳининг ҳамма аъёнлари шаҳарнинг Ўрта дарвозасидаги маҳкамаларда қўмондонлик қароргоҳини жойлаштирдилар. Аъёнларнинг орасида Наргал–Шаразар, Самгарнаву, бош маслаҳатчи Сарсаҳим ва амалдор Наргал–Шаразар бор эдилар. Яҳудо шоҳи Зидқиё ва унинг жамики лашкари уларни кўрдилар–у, қочдилар. Улар ярим кечаси шоҳнинг боғи орқали ўтиб, икки девор орасидаги дарвозадан чиқдилар–да, Иордан водийсига қараб кетдилар. Аммо Бобил сипоҳлари уларнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида Зидқиёга етиб олдилар. Улар Зидқиёни қўлга олиб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи Навухадназарнинг ҳузурига олиб боришди. Шоҳ Навухадназар Зидқиёни ҳукм қилди, Ривлода Зидқиёнинг ўғилларини кўзи олдида ўлдирди, сўнг ҳамма Яҳудо аъёнларини қатл қилди. Зидқиёнинг эса кўзларини ўйиб, Бобилга олиб кетиш учун кишанлади. Шоҳ Навухадназар Зидқиёга Худонинг номи билан садоқат онтини ичдирган бўлса ҳам, Зидқиё Навухадназарга қарши исён кўтарди. У қайсарлик қилиб, Исроил халқининг Худосига — Эгамизга тавба қилишдан бош тортди. Эгамиз уларга қарши Бобил шоҳини тортиб келди. Бобил шоҳи Маъбадда уларнинг ёшларини қиличдан ўтказди, на ёш эркакка, на аёлга, на кексага, на хастага шафқат қилди. Худо Яҳудо халқининг ҳаммасини Бобил шоҳининг қўлига берган эди. Бобил шоҳи Худонинг уйидаги каттаю кичик буюмларни, жамики хазинани, шоҳ ва унинг аъёнлари хазиналарини, хуллас, ҳамма нарсани Бобилга олиб кетди. Худонинг уйига эса ўт қўйди, Қуддус деворини бузиб ташлади, барча ҳашаматли биноларни ёндирди, Қуддусдаги ҳамма қимматбаҳо ашёларни йўқ қилиб ташлади. Қиличдан омон қолганларини эса Бобилга сургун қилди. Форс шоҳлиги қарор топгунга қадар Яҳудо халқи Бобил шоҳига ва унинг авлодларига қул бўлиб қолди. Бобил шоҳи Навухадназар ўз лашкари, қўли остидаги барча шоҳликлару халқлар билан бирга Қуддусга ва унинг ён–атрофидаги шаҳарларга қарши жанг қилаётган эди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди: У ўнг қўли билан «Қуддус» деб ёзилган ўқни чиқаради. Қуддус атрофига девортешар қуролларни ўрнаштиради. Лашкарига, ўлдир, дея буйруқ беради, уларни жангга даъват қилади. Дарвозани бузадиган қуролларни ўрнаштиради, шаҳар деворига қиялатиб тупроқ уйдиради, қамал иншоотларини қурдиради.
Выбор основного перевода