Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Еттинчи йили руҳоний Ёҳайидо Харёллик қўриқчиларнинг лашкарбошиларига ва сарой қўриқчиларининг лашкарбошиларига хабар бериб, уларни чақиртирди. Ҳаммаларини Эгамизнинг уйига йиғиб, улар билан аҳд тузди. Ҳаммаларига Эгамизнинг уйида онт ичиргандан кейин, шоҳнинг ўғли Йўшни уларга кўрсатди. Ёҳайидо уларга шундай буюрди: “Энди сизлар бундай қиласизлар: Шаббат куни хизматда бўлган қўриқчиларнинг учдан бири шоҳ саройини қўриқлашади. Учдан бири Сур дарвозасини, учдан бири эса сарой дарвозасини қўриқлашади ва сарой қўриқчилари ўрнига туришади. Шаббат куни хизматда бўлмаган бошқа икки қисм сипоҳларингиз эса Эгамизнинг уйи атрофида туриб шоҳни қўриқласин. Ҳамма қўлида қуроли билан шоҳни ҳар томондан ўраб олсин, ким сафга яқинлашса, ўлдирилсин. Шоҳ кирганда ҳам, чиққанда ҳам, унга ҳамроҳ бўлинглар.” Юзбошилар руҳоний Ёҳайидонинг амрларини сўзсиз бажардилар. Ҳар бир юзбоши Шаббат куни хизматини бошлаган ва хизматини тугатган қўриқчиларини олиб, Ёҳайидонинг ёнига борди. Руҳоний Эгамизнинг уйида турган шоҳ Довуднинг найзаларию қалқонларини юзбошиларга тарқатди. Шоҳни қўриқлаш учун уйнинг жануб томонидан шимол томонигача, қурбонгоҳнинг ва уйнинг атрофига соқчилар жангга шай ҳолда қўйилди. Ёҳайидо Йўшни ташқарига олиб чиқиб, бошига тож кийдирди. Унга шоҳлик қонунларини берди. Йўш шоҳ деб эълон қилинди. Унинг бошига мой суртишди, сўнгра: “Шоҳимизнинг умрлари узоқ бўлсин!” дея олқишлаб, қарсак чалдилар. Оталиё қўриқчилар билан халқнинг шовқин–суронини эшитгач, Эгамизнинг уйига, у ерда йиғилганларнинг ёнига борди. Қарасаки, одатга кўра, Эгамизнинг уйига кираверишдаги устун олдида шоҳ турибди, шоҳнинг атрофини лашкарбошилар, карнайчилар ўраб олган. Юртнинг бутун халқи шод–хуррам, карнай чаляпти. Шунда Оталиё ғазабдан либосларини йиртиб: “Хоинлик! Хоинлик!” деб бақирди. Руҳоний Ёҳайидо юзбошиларга: “У хотинни бу ердан олиб чиқиб кетинглар, кимки унга эргашса, қиличдан ўтказинглар”, деб буйруқ берди. Руҳоний ўша аёлнинг Эгамиз уйида ўлдирилишини истамади. Оталиё ушланди ва саройнинг От дарвозасига келтирилиб, ўша ерда қатл қилинди. Руҳоний Ёҳайидо халқ, шоҳ ва Эгамиз орасида “Биз Эгамизнинг халқи бўламиз” деб аҳд тузди. Ундан кейин халқ билан шоҳ орасида ҳам аҳд тузди. Сўнг бутун халқ Баалнинг уйига бориб, уни бузиб ташлади, у ердаги қурбонгоҳларни ва Баалнинг тасвирларини синдирди, Баалнинг руҳонийси Маттонни эса қурбонгоҳларнинг рўпарасида ўлдирди. Руҳоний Ёҳайидо Эгамизнинг уйига қўриқчилар тайин қилди. Сўнгра юзбошиларни, Харёллик қўриқчиларни, сарой қўриқчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар қўриқчилар дарвозасидан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар. Оталиё шоҳ саройида ўлдирилгани учун юрт халқи севинди. Қуддус осойишта бўлиб қолди.
Выбор основного перевода