Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Шу пайт Шоулнинг аъёнлари ёнида турган Эдомлик Доег айтди: — Эссайнинг ўғли Довудни кўрдим, у Нав шаҳридаги Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекнинг ёнига келган эди. Охималек “Довуд нима қилсин?” деб Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўради. Унга ҳам озиқ–овқат берди, ҳам Филист Гўлиётнинг қиличини тақдим қилди. Шоҳ Шоул аъёнларига: “Охитобнинг ўғли руҳоний Охималекни ва унинг Навда яшайдиган ота уруғларининг ҳаммасини — барча руҳонийларни олиб келинглар”, деб буюрди. Ҳаммаларини шоҳнинг олдига олиб келишди. — Эй Охитобнинг ўғли, гапларимни эшит! — деди Шоул Охималекка. — Лаббай, ҳазратим, — деди Охималек. — Нимага сен Эссайнинг ўғли билан бирга менга қарши тил бириктирдинг? — деди Шоул. — Довудга нон, қилич берибсан, унинг учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрабсан. Мана бугун Довуд менга қарши қўзғалиб, пистирмада пойлаб турибди. Охималек шундай жавоб берди: — Бутун аъёнларингиз орасида Довуд сингари, ишончли ким бор?! Довуд — сизнинг куёвингиз, соқчиларингизнинг сардори, хонадонингизда ҳурматли киши–ку. Тўғри, ўша куни Довуд учун Худонинг хоҳиш–иродасини сўрадим. Аммо бу биринчи марта эмас эди–ку! Шоҳ мени ва ота хонадонимни айбламасинлар, чунки мен Довуднинг ёмон ниятидан бехабар эдим. — Эй Охималек, ўзинг ҳам, бутун ота хонадонинг ҳам албатта ўласизлар! — деди Шоул. Сўнг у ёнида турган қўриқчиларига буюрди: — Қани, Довудни қўллаган Эгамизнинг руҳонийларини ўлдириб ташланглар! Улар Довуднинг қочиб кетганини билганлари ҳолда, менга хабар беришмади. Шоҳнинг қўриқчилари қўл кўтариб, Эгамизнинг руҳонийларини ўлдиришни исташмади. Шунда шоҳ Шоул Доегга: — Сен бор, руҳонийларни ўлдир! — деб буюрди. Ўша куни Эдомлик Доег муқаддас либос кийган саксон беш руҳонийни бир ўзи чопиб ўлдирди. Сўнгра эркак–аёл, ёш бола, ҳатто чақалоқ демасдан, руҳонийлар яшайдиган Нав шаҳрининг халқини ҳам қиличдан ўтказди. Моллари, эшаклари, қўйларини ҳам чопиб ташлади.
Выбор основного перевода