Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Мени «Ё Раббий, ё Раббий!» деб чақирган ҳар ким Осмон Шоҳлигига киравермайди. У ерга фақат осмондаги Отамнинг иродасини бажарган одамларгина киради. Ўша куни Исо уйдан чиқиб, кўл бўйига бориб ўтирди. Унинг атрофида шу қадар кўп оломон тўпландики, У қайиққа тушиб, ўтиришга мажбур бўлди. Оломон эса кўл қирғоғида турарди. Исо масал орқали халққа кўп нарсаларни ўргатди: “Қулоқ солинглар! Бир деҳқон уруғ сепгани чиқибди. У уруғ сепаётганда баъзи уруғлар сўқмоқ йўл устига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди. Баъзи уруғлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ кам бўлгани учун уруғлар тез кўкариб чиқибди. Бироқ қуёш чиққач, қовжираб, илдизи бўлмагани учун сўлиб қолибди. Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди. Яна бошқа уруғлар эса яхши тупроққа тушибди. Баъзилари юз, баъзилари олтмиш, баъзилари эса ўттиз баробар кўп ҳосил берибди. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин!” Шундан кейин шогирдлар келиб, Исодан сўрадилар: — Нега одамларга масаллар билан гапиряпсиз? У шундай жавоб берди: “Осмон Шоҳлигининг сирларини билиш уларга эмас, сизларга берилган. Зеро, кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл–кўлчилик бўлади. Аммо кимда йўқ бўлса, бори ҳам тортиб олинади. Одамларга масаллар билан гапираётганимнинг сабаби шуки, улар қараб туриб кўрмайдилар, қулоқ солиб туриб, эшитмайдилар ва англамайдилар. Ишаёнинг башорати уларда бажо бўлган: «Сизлар тинглаб турасиз–у, лекин ҳеч тушунмайсиз, Қараб турасиз–у, аммо ҳеч англаб етмайсиз. Зеро, бу халқнинг ақли ўтмас бўлиб қолди, Қулоқлари гаранг бўлди, Кўзларини юмиб олишди. Акс ҳолда, кўзлари кўрган бўларди, Акс ҳолда, қулоқлари эшитган бўларди, Ақллари англаган бўларди, Яна Менга қайтган бўлишарди, Мен уларга шифо берган бўлардим.» Сизлар эса ниҳоятда бахтлисизлар! Ахир, сизларнинг кўзларингиз кўради, қулоқларингиз эшитади. Сизларга чинини айтай: қанчадан–қанча пайғамбарлар, қанчадан–қанча солиҳ одамлар сиз кўрганларни кўришни истаганлар, аммо кўрмаганлар. Сизлар эшитганларингизни эшитишни улар истаганлар, аммо эшитмаганлар. Уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини англаб олинглар. Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги каломни эшитган, аммо тушуниб олмаган одамга ёвуз шайтон келиб, унинг юрагига экилган каломни ўғирлаб кетади. Сўқмоқ йўл устига тушган уруғлар ана шуларга ишорадир. Тошлоқ ерга сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитганда, уни дарров севинч билан қабул қиладилар. Лекин уларнинг илдизи бўлмагани учун узоқ вақтга чидамайдилар. Калом туфайли қийинчилик ёки қувғинга дучор бўлишса, дарров чекинадилар. Тиканлар орасига сепилган уруғлар шундай одамларни билдирадики, улар Худонинг каломини эшитадилар, лекин дунёнинг ташвишлари ва бойликка ўчлик каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади. Яхши тупроққа сепилган уруғлар эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитиб, унинг маъносини тушуниб оладилар. Уларнинг баъзилари юз баробар, баъзилари олтмиш баробар ва баъзилари ўттиз баробар мўл ҳосил берадилар.” Исо уларга бошқа бир масал айтиб берди: “Осмон Шоҳлигини ўз даласига яхши уруғ сепган бир одамнинг вазиятига ўхшатса бўлади. Ҳамма ухлаб ётганда, душман келиб, буғдойзорга бегона ўт уруғини сепиб кетибди. Буғдой ўсиб, бошоқлай бошлаганда, бегона ўтлар ҳам ўсиб чиқибди. Хизматкорлар келиб, хўжайинига айтибдилар: — Хўжайин, далангизга яхши уруғ эккан эдингиз–ку! Манави бегона ўтлар қаёқдан пайдо бўлди экан? — Бу душманнинг иши, — деб жавоб берибди хўжайин. Хизматкорлар хўжайинга: — Истасангиз, биз бориб ўша ўтларни юлиб ташлаймиз. — Йўқ, — дебди у, — сизлар бегона ўтларни юлаётганларингизда, буғдойни ҳам қўшиб юлиб олишингиз мумкин. Майли, ўрим–йиғим пайтигача буғдой билан бирга бегона ўтлар ҳам ўсаверсин. Пайти келганда ўроқчиларга: “Аввал бегона ўтларни йиғиштириб, боғланглар–да, ёқиб юборинглар, кейин буғдойни йиғиштириб, омборхонамга жойланглар”, дейман.” Исо уларга яна бошқа бир масални айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги бир одам ўз боғига сепган хантал уруғига ўхшайди. Хантал уруғларнинг энг майдаси бўлса–да, ўсиб чиққанда, ҳамма кўкатлардан баланд бўлади. У шундай дарахт бўладики, қушлар унинг шохларига уя қуради.” Исо уларга бошқа бир масални ҳам айтиб берди: “Осмон Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Аёл бир бўлак хамиртурушни бир тоғора унга қорса ҳам, ҳамма хамир ошади.” Исо буларнинг ҳаммасини оломонга масаллар билан гапирди. Уларга ҳеч нарса тўғрисида масалсиз гапирмасди. Шундай қилиб, пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари бажо бўлди: “Оғзимни масалга очаман, Дунё яратилгандан бери сир сақланганларни Сизга эълон қиламан.” Шундан кейин Исо оломон олдидан кетиб, уйга кирди. Шогирдлари Исонинг олдига келиб: — Бегона ўтлар ҳақидаги масални бизга тушунтириб беринг, — дедилар. Исо шундай жавоб берди: “Яхши уруғ сепувчи Инсон Ўғлидир. Дала оламдир, яхши уруғлар — Осмон Шоҳлигининг одамлари, бегона ўтлар эса ёвуз шайтоннинг одамларидир. Бегона ўтларни сепган душман — иблис, ўрим–йиғим — охирзамон, ўроқчилар эса фаришталардир. Бегона ўтларни йиғиштириб, оловда ёқишгандай, охирзамонда ҳам худди шундай воқеа юз беради. Инсон Ўғли Ўз фаришталарини юборади. Фаришталар Унинг Шоҳлигидан гуноҳга ундаган ҳаммани ва барча бадкирдорларни йиғиб оладилар. Уларни ловуллаб турган ўчоққа ташлайдилар. Бадкирдорлар у ерда қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар. Шунда солиҳлар ўз Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар. Кимнинг эшитар қулоғи бўлса, эшитсин! Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир одам уни топиб олибди. Уни яна яшириб, хурсанд бўлганидан бор–йўғини сотиб, у далани харид қилибди. Осмон Шоҳлиги нодир марварид излаётган бир савдогарга ўхшайди. Савдогар қимматбаҳо марваридни топганда, бор–йўғини сотиб, марваридни харид қилибди. Осмон Шоҳлиги балиқчилар денгизга ташлаган тўрга ўхшайди. Тўрга турли хил балиқлар тутилибди. Тўр тўлгач, балиқчилар уни қирғоққа тортиб чиқаришибди ва ўтириб, яхши балиқларни саватларга солишибди, ёмонларини эса ташлаб юборишибди. Охирзамонда ҳам худди шундай бўлади: фаришталар келиб, фосиқларни солиҳлар орасидан ажратиб олиб, ловуллаган ўчоққа ташлайдилар. Ўчоққа тушганлар қаттиқ пушаймон бўлиб, фиғон чекадилар.” Ҳа, Ўғилга кўз тиккан ва Унга ишонган ҳар бир одам абадий ҳаётга эга бўлиши Отамнинг иродасидир. Мен бундай одамларни охиратда тирилтираман. Агар сизлар амрларимни бажо келтирсангизлар, Менинг дўстларим бўласизлар. Худо уларни азалдан танлаб олган эди ва “Менинг Ўғлимга ўхшаган бўлсинлар”, деб олдиндан белгилаб қўйган эди, токи Ўғил кўп биродарлар орасида тўнғич бўлсин. Шу сабабдан энди биз ҳеч кимга инсоний нуқтаи назардан баҳо бермаймиз. Бир вақтлар Масиҳга ҳам инсоний нуқтаи назардан баҳо берган эдик, энди эса ундай қилмаймиз. Инсонларни гуноҳлардан покловчи Исо ва покланган инсонларнинг ҳаммаси бир оилага мансубдир. Шу сабабдан Исо уларни биродарларим деб аташдан ор қилмай, Худога шундай дейди:
Выбор основного перевода