Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16
Параллельные места
Бироқ Мен тирилганимдан кейин, сизларни Жалилада кутаман. Бу ҳодисалардан кейин Исо Жалила кўли бўйида яна шогирдларига зоҳир бўлди. Бу шундай рўй берди: Бутрус, Тўма, яъни Дидимус, Жалиладаги Каъна қишлоғидан бўлган Натанил, Забадиёнинг ўғиллари ва бошқа икки шогирд — ҳаммалари бирга йиғилган эдилар. Бутрус ёнидагиларга: — Мен кетдим, балиқ тутаман, — деди. — Биз ҳам сен билан борамиз, — дейишди улар. Сўнг қайиққа тушиб, жўнаб кетишди. Лекин ўша кеча ҳеч нарса тутишолмади. Кун ёришганда, Исо қирғоқда турган эди. Шогирдлари эса Унинг Исо эканлигини билмадилар. — Йигитлар, балиғингиз борми? — деб сўради Исо улардан. — Йўқ, — деб жавоб берди улар. — Тўрингизни қайиқнинг ўнг томонига ташланглар, шунда тутасизлар, — деди Исо. Улар тўрни ташладилар. Балиқ кўплигидан уни тортиб ололмадилар. Шу пайт Исонинг севикли шогирди: — Бу Раббимиз Исо–ку! — деди Бутрусга. Бутрус буни эшитиши биланоқ, узун кўйлагининг этакларини белига қистирди–ю, кўлга сакради. Бошқа шогирдлар эса балиқ тўла тўрни судраганча, қайиқда келдилар. Улар қуруқликка яқин, тахминан икки юз тирсак масофада эдилар. Қирғоққа чиққанларида, нонни ва ёнган кўмир устида пишаётган балиқни кўрдилар. Исо уларга: — Ҳозир тутган балиғингиздан олиб келинглар, — деди. Бутрус бориб, тўрни қирғоққа тортиб чиқарди. Тўр катта балиқларга тўла эди. Ҳаммаси бўлиб 153 та балиқ бор эди. Балиқлар кўплигига қарамасдан, тўр йиртилмади. Исо шогирдларига: — Қани, келинглар, нонушта қилиб олинглар, — деди. Улардан ҳеч бири: “Сиз кимсиз?” деб сўрашга ботинолмади, чунки Унинг Раббимиз Исо эканлигини билар эдилар. Исо уларнинг олдига бориб, нондан берди, балиқдан ҳам берди. Шу йўсин Исо тирилгандан кейин учинчи марта шогирдларига зоҳир бўлди. Исо нонуштадан кейин Шимўн Бутрусдан сўради: — Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени улардан кўпроқ яхши кўрасанми? — Ҳа, Раббим! Мен Сизни яхши кўришимни Ўзингиз биласиз–ку, — деди Унга Бутрус. — Қўзиларимни ўтлат, — деди унга Исо. Исо иккинчи марта Бутрусдан сўради: — Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми? — Ҳа, Раббим! Сизни яхши кўришимни Ўзингиз биласиз–ку, — деди Бутрус Унга. — Қўйларимни боқ, — деди унга Исо. Сўнг учинчи марта Бутрусдан сўради: — Юҳанно ўғли Шимўн, сен Мени яхши кўрасанми? Исо учинчи марта яна шу саволни бергани учун Бутрус хафа бўлди. — Раббим! Сиз ҳамма нарсани биласиз, мен Сизни яхши кўришимни ҳам биласиз, — деди Бутрус. Исо унга шундай деди: — Қўйларимни ўтлат! Сенга чинини айтайин: ёш бўлганингда камарингни ўзинг боғлар эдинг, хоҳлаган жойингга борар эдинг. Қариганингда эса қўлларингни узатасан, бошқа биров сени боғлайди, сени хоҳламаган жойингга олиб боради. Исо бу сўзлар орқали Бутруснинг қай йўл билан ўлиб, Худони улуғлашини билдирди. Сўнгра унга: — Ортимдан юр! — деди. Бутрус бурилиб, Исонинг севикли шогирди орқаларидан эргашиб келаётганини кўрди. Бу шогирди кечки зиёфатда энгашиб, Исодан: “Ҳазрат, Сизни ким тутиб беради?” — деб сўраган эди. Бутрус уни кўриб, Исодан: — Раббим, унинг тақдири нима бўлади? — деб сўради. Исо унга: — Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?! Сен ортимдан юравер, — деди. Шундай қилиб, имонлилар орасида бу шогирд ўлмайди деган гап–сўз тарқалиб кетди. Ҳолбуки, Исо уни ўлмайди, демаганди. У фақат: “Агар Мен келгунимгача унинг тирик қолишини истасам, бундан сенга нима?!” — деб айтган эди.
Выбор основного перевода