Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
Параллельные места
Шоҳ Ахашвераш малика Эстердан: — Ким у? Қани ўша одам? Ким шундай қилишга журъат этди? — дея сўради. Сиз: «Худо ғазабини сочмаяпти, Фосиқликка заррача эътибор бермаяпти», деб ўйлайсиз. Шу ишларни қилганингда, сукут сақладим, Мени ҳам ўзингга ўхшаган, деб ўйладинг. Энди–чи, айбингни бўйнингга қўйиб, Сени ҳукм қиламан. Эй улуғворлик тожи бўлган шаҳар! Ҳолингга вой! Эфрайим, маст–аластларининг улуғворлиги эдинг сен! Эҳ, ажойиб, гўзал шаҳар эдинг! Шуҳратинг гулдай сўлмоқда! Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эдинг. Тубанлашдинг шаробдан! Мана, Раббийнинг кучли бир баҳодири бор. У селга, вайрон келтирадиган қуюнга ўхшайди. Ювиб кетадиган, тошқин жалаларга ўхшайди. Ўз қўллари билан у Эфрайимни яксон қилади. Эҳ, Эфрайим маст–аластларининг улуғворлик тожи! Ана энди оёқ остида топталади! Серҳосил водийдаги унумдор шаҳар эди! Энди уларнинг шуҳрати гуллар каби сўнади. Улар илк пишган анжирларга ўхшайди, Пишган заҳоти юлиниб, ютиб юборилади. Ўша куни Сарвари Олам Ўзининг халқидан қолганлари учун Шуҳрат тожию ажойиб гулчамбар бўлади. Ҳукм курсисида ўтирганларга У адолат руҳини беради. Дарвозадан душманга зарба берадиганга У жасорат манбаи бўлади. Руҳоний, пайғамбарлар шароб туфайли, Ўткир ичимликлардан гандираклаб юради. Ҳа, шароб, бўзалардан уларнинг боши айланади, Май дастидан улар йўлларидан адашади, Ўткир ичимликдан гандираклаб юради. Улар ваҳий кўрганларида хато қилади, Қиладиган ҳукмларида адашади. Уларнинг дастурхони қусуққа тўла, Бирорта ҳам тоза жой йўқ. Улар менга таъна қилиб айтади: “Сен кимга таълим бераётганингни биласанми ўзи?! Бизни энди кўкракдан ажратилган гўдак деб ўйлаяпсанми?! Қачон қарама, бидир–бидир қиласан, Гўдакдай гувранасан.” Шундай экан, Худо уларга, Ўзга тилда, тушунарсиз шевада гапиради. Худо уларга қаерда ором топишларини айтган, Тинчликка қандай эришиш кераклигини ўргатган, Аммо улар қулоқ солишни истамадилар. Шу сабабдан Эгамизнинг сўзи Улар учун мазмунсиз сўзлардай бўлади. Гўдакнинг гувранишидай эшитилади. Улар юрмоқчи бўлганларида Орқага йиқилиб, яраланадилар, Тузоққа тушиб, олиб кетиладилар. Шу боис Эгамдан келган бу хабарни эшитинг, Эй Қуддусдаги масхарабоз ҳукмдорлар! Сизлар шундай дедингиз: “Биз Ўлим билан аҳд қилганмиз, Ўликлар диёри ила битим тузганмиз. Даҳшатли офат келиб бошимизга тушмайди. Ахир, ёлғонни паноҳ қилиб олганмиз, Сохталикни чодир қилиб олганмиз.” Шу боис Эгамиз Раббий айтмоқда: “Мана, Мен жойлаштиряпман Қуддусда Синалган бир тошни, пойдевор тошини. Бу қадрли тамал тоши ишончли пойдевордир. Ҳа, унга таянган ҳеч бир инсон умидсиз бўлмайди. Мен адолат билан ҳукм қиламан, Тўғрилик ўлчовим бўлади. Сохта паноҳингизни дўл ювиб кетади, Чодирингизни селлар ювиб кетади. Ўлим билан тузган аҳдингиз бекор бўлади, Ўликлар диёри ила қилган битимингиз барбод бўлади. Даҳшатли офат юртдан ўтаётганда, Сизлар ер билан яксон бўласиз. Ҳа, ҳар тонгда, туну кун Ўша тўфон сизни ювиб кетади.” Эшитганингизни англаб етганингизда, Бу хабар ғоят катта хавфдан дарак беради: Ётгани тўшагингиз калталик қилади, Ёпингани кўрпангиз энсизлик қилади. Перазим тоғидагидай Ўз ишимни қилай, деб Эгам қўзғалади. Гивон водийсидагидай У ғазабга минади. Ҳа, У Ўзининг ажойиб ишини қилади. Унинг ишлари ҳайратда қолдиради. Масхаралашни бас қилинг энди, Бўлмаса занжирларингиз яна оғирлашади. Сарвари Олам — Раббий менга: “Бутун юртни вайрон қиламан”, деб айтди. Тингланг, овозимга қулоқ солинг, Диққат қилинг, гапларимни эшитинг! Деҳқонлар экиш учун ерга ишлов бераверадими?! Тупроқ ковлайверади–ю, ҳеч қачон экмайдими?! Йўқ, улар ерни текислайди, Кейин укроп, зира уруғини сепади. Белгиланган жойларига Ҳар турли буғдой, арпа уруғини экади. Ҳа, деҳқонлар нима қилишни билади, Худо уларга ақл–идрок берган! Ахир, укропни болға билан янчмайди, Зирани арава ғилдираги билан эзмайди. Мана, укропни калтак билан янчиб олади, Зирани таёқ билан эзиб олади. Буғдойдан ун қилинади, Аммо у то абад янчилмайди. Арава ғилдираги буғдой устидан Чанг бўлгунча юргизилмайди. Бу донолик келар Сарвари Оламдан, Унинг маслаҳатлари ажойиб, донолиги буюкдир. — Тўғри кўрдинг, — деди Эгамиз. — Бодом шохи Менинг ҳушёр туришимни билдиради. Айтган сўзларимни Мен тез орада бажо келтираман. Худонинг чексиз меҳрибонлиги ва сабр–тоқатини писанд қилмаётганингни қара. Ахир, Унинг муруввати сени тавбага етаклашини билмайсанми?! Аммо сен ўжарлик қилиб, гуноҳларингдан тавба қилмаяпсан. Худонинг адолатли ҳукми аён бўладиган қаҳр–ғазаб кунида бошингга тушадиган жазони янада кўпайтиряпсан. Баъзилар Раббимиз келмаяпти, берган ваъдасини бажаришга У кечикяпти, деб ўйламоқда. Аслида ундай эмас, У сабр–тоқат қиляпти, чунки ҳеч кимнинг ҳалок бўлишини истамай, ҳамманинг тавба қилишини хоҳлаяпти.
Выбор основного перевода