Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Сулаймон Эгамизнинг уйини ва ўз саройини йигирма йилда битирган эди. Сўнгра у шоҳ Хирам берган шаҳарларни қайтадан қуриб, Исроил халқини ўша шаҳарларга жойлаштирди. Сулаймон Хомат–Зўвога юриш қилиб, у жойни қўлга киритди. У саҳродаги Тадмўр шаҳрини ва Хоматдаги омбор шаҳарларни тузатиб мустаҳкамлади. У яна Тепадаги Байт–Хўронни ва Пастки Байт–Хўронни қайтадан қурди, бу шаҳарларни девор билан ўради, тамбаланадиган дарвозалар ўрнатди. Баалат шаҳрини, ўзининг ҳамма омбор шаҳарларини, ҳамма жанг аравалари сақланадиган шаҳарларни, отлиқлари турадиган шаҳарларини қайтадан тузатиб мустаҳкамлади. Бундан ташқари, Қуддусда, Лубнонда, шоҳликнинг ҳамма бурчакларида нима истаса, барпо қилди. Канъонда қолиб кетган Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқлари Исроил халқидан эмасди. Исроил халқи уларнинг бу юртда қолиб кетган авлодларини қириб битирмаган эди. Сулаймон ўша қолиб кетганларини қарол қилиб олди. Улар бугунгача бор. Лекин Сулаймон Исроил халқидан бирортасини қароллик учун қул қилмади. Аксинча, уларни шоҳнинг сипоҳлари, аъёнлари, жанг араваларининг қўмондонлари ва сувориларининг қўмондонлари лавозимига тайинлади. Сулаймоннинг ишбошилари 250 киши бўлиб, улар одамлар устидан назоратчи эдилар. Сулаймон фиръавннинг қизини Довуд қалъасидан унга атаб барпо қилган янги саройга кўчиртирди. У шундай деган эди: “Менинг хотиним Довуд қалъасида ортиқ яшай олмайди, чунки Эгамизнинг Сандиғи сақланган ҳар қандай жой муқаддасдир.” Сулаймон Маъбад айвонининг қаршисида қурган қурбонгоҳ устида Эгамизга қурбонликлар куйдира бошлади. Бу қурбонликларни у Мусонинг талабларига риоя қилган ҳолда, Шаббат кунларида, янги ой шодиёналарида ва йилда бир мартадан нишонланадиган Хамиртурушсиз нон байрамида, Ҳосил байрамида ва Чайла байрамида келтирар эди. Сулаймон, отаси Довуд жорий қилган қоидага кўра, руҳонийлар ва левиларнинг хизматларини тақсимлаб берди. Левилар Эгамизни мадҳ қилишда ва кундалик ишларда руҳонийларга ёрдам берардилар. Сулаймон Маъбад дарвозабонларини ҳам гуруҳларга бўлиб, ҳар бир дарвозада уларнинг ҳар куни қиладиган ишларини тақсимлаб берди. У буларнинг ҳаммасини Худонинг одами Довуднинг фармонига мувофиқ қилди. Шоҳ Довуднинг руҳонийларга, левиларга, хазиналарга ва бошқа нарсаларга оид бирорта кўрсатмаси эътибордан четда қолмади. Шундай қилиб, Сулаймон ҳамма ишни ўз ниҳоясига етказди. Эгамиз уйининг пойдевори қўйилгандан бошлаб, то уй тамомила қурилиб бўлгунча бажарилган ҳамма иш муваффақиятли бўлди. Шундан сўнг Сулаймон Эдом юртидаги Қизил денгиз қирғоғида жойлашган Эзйўн–Гебер ва Элет шаҳарларига кетди. Шоҳ Хирам ўз кемачилари ва тажрибали денгизчилари бошчилигида кемаларни Сулаймонга жўнатди. Улар Сулаймоннинг одамлари билан бирга Офир юртига сузиб бориб, у ердан Сулаймонга 960 пуд олтин келтириб бердилар. Эгамиз уйининг пойдевори Сулаймон ҳукмронлигининг тўртинчи йилида, айнан Зив ойида қўйилиб, ўн биринчи йилнинг саккизинчи ойида — Бул ойида лойиҳага биноан батамом, ҳамма икир–чикиригача қуриб битказилди. Шундай қилиб, Сулаймон уйни етти йил давомида бунёд қилди. Сулаймон ўзига ҳам сарой қурди. У ўз саройини ўн уч йилда қуриб битказди.
Выбор основного перевода