Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
3 Шоҳлар
Параллельные места
Орадан бир неча йил ўтгач, Ёҳушафат Ахабни кўргани Самария шаҳрига борди. Ахаб Ёҳушафат ва унинг ҳамроҳлари шарафига кўплаб мол–қўй сўйди. У Ёҳушафатни Гиладдаги Рамўт шаҳрига ҳужум қилишга кўндирмоқчи бўлиб: — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа мен билан борасанми? — деб сўради. — Мени гўё ўзинг деб бил, халқимни ўзингнинг халқинг деб бил. Биз сен билан бирга урушга борамиз, — деди унга Яҳудо шоҳи Ёҳушафат. Ёҳушафат Исроил шоҳига яна айтди: — Аввал Эгамизнинг хоҳиш–иродасини бил–чи, У нима дер экан. Исроил шоҳи тўрт юз пайғамбарни тўплаб улардан сўради: — Гиладдаги Рамўт учун жанг қилмоққа борайми ёки бормайми? — Бораверсинлар, Худо у шаҳарни шоҳ ҳазратларининг қўлига беради. — Бу ерда улардан бошқа Эгамизнинг бирорта пайғамбари қолмадими? Агар бўлса, ундан ҳам сўраб кўрайлик, — деди Ёҳушафат. — Яна бир киши бор, — деди Ахаб Ёҳушафатга, — Йимлонинг ўғли Михиё. У орқали Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билсак бўлади. Лекин мен уни ёмон кўраман, чунки у мен ҳақимда башорат қилса, хайрли гап айтмайди, ҳар доим хунук гап айтади. — Эй шоҳ, бундай деб айтма, — деди Ёҳушафат. Исроил шоҳи мулозимини чақириб: — Тез бориб, Йимлонинг ўғли Михиёни олиб кел, — деб буюрди. Исроил шоҳи Ахаб ва Яҳудо шоҳи Ёҳушафат шоҳлик либосларини кийиб, ҳар қайсиси ўз тахтида Самария дарвозаси ёнида ўтирар, ҳамма пайғамбарлар эса уларнинг рўпарасида туриб башорат қилаётган эди. Ханано ўғли Зидқиё темир шохлар ясаб, деди: — Эгамиз: “Орам лашкарини қириб битирмагунингча, уларни шу шохлар билан сузаверасан”, деб айтмоқда. Бошқа пайғамбарлар ҳам шоҳга: — Рамўтга бораверсинлар, албатта ғалаба қиладилар, Эгамиз ўша шаҳарни шоҳимизнинг қўлларига беради, — деб башорат қилдилар. Мулозим Михиёни чақириш учун кетди. У Михиёнинг олдига бориб, унга деди: — Қара, ҳозир ҳамма пайғамбарлар бир оғиздан шоҳга яхшиликдан башорат қиляптилар. Сенинг башоратинг ҳам уларникидай бўлсин. Сен ҳам яхшиликдан каромат қил. — Худо ҳақи! Худойим менга нимани аён қилса, шуни айтаман, — деди Михиё. Михиё шоҳ ҳузурига келди. — Эй Михиё, мен Гиладдаги Рамўт шаҳрини қайтариб олиш учун жанг қилмоқчиман. Рамўтга ҳужум қилайми ёки йўқми? — деб сўради шоҳ ундан. — Ҳужум қилаверсинлар, албатта ғолиб келадилар, — деди Михиё. — Ўша шаҳар шоҳ ҳазратларининг қўлига берилади. — Фақат ҳақиқатни айтишинг учун Эгамиз номини ўртага қўйиб, сенга неча марта онт ичдирайин? — деб шоҳ ундан яна сўради. Михиё унга шундай жавоб берди: — Исроил халқини кўриб турибман, улар тоғлар устида ёйилиб юрган чўпонсиз қўйларга ўхшайди. Эгамиз менга деди: “Уларнинг хўжайини йўқ, ҳар бири ўз уйига тинч–омон қайтиб кетсин.” — У мен ҳақимда башорат қилганда хайрли гап айтмайди, балки хунук хабар айтади, деб сенга айтмаганмидим?! — деб хафалигини изҳор қилди Ахаб Ёҳушафатга. — Ундай бўлса, Эгамизнинг сўзларини эшитсинлар, — деди Михиё Ахабга. — Мен Эгамизни Ўзининг тахтида ўтирган ҳолатда кўрдим. Жамики самовий мавжудотлар Унинг ўнг ва чап томонидан жой олган эди. Эгамиз улардан сўради: “Исроил шоҳи Ахаб Гиладдаги Рамўт шаҳрига бориб, ўша ерда ҳалок бўлсин дея, ким уни ўзига оғдира олади?” Бири ундай деди, бошқаси бундай деди. Бир пайт руҳлардан биттаси Эгамизнинг рўпарасида пайдо бўлди ва: “Уни мен кўндираман”, деди. “Қандай қилиб кўндирасан?” сўради Эгамиз. “Мен чиқиб, ҳамма пайғамбарларнинг оғзида ёлғончи руҳга айланаман”, деди у. “Сен уни кўндир, бор, айтганингдай қил, сен уддасидан чиқасан”, деди Эгамиз. Мана кўрдингизми, Эгамиз пайғамбарларингизнинг оғзига ёлғончи руҳ солиб қўйган. У бошингизга фалокат келтиришга қарор қилган. Шу пайт Ханано ўғли Зидқиё Михиёнинг олдига келиб, унинг юзига бир шапалоқ урди: — Наҳотки Эгамизнинг Руҳи мени тарк этиб, сен билан гаплашгани кетган бўлса?! Айт–чи, у қайси йўлдан кетди? — сўради Зидқиё. — Қараб тур, сичқоннинг ини минг танга бўлиб, яширингани ичкари хонага югурганингда кўрасан, — деди Михиё Зидқиёга. — Михиёни ушланглар! — буюрди Исроил шоҳи. — Уни шаҳар ҳокими Омоннинг ва шаҳзода Йўшнинг ҳузурига олиб боринглар. Уларга менинг амримни етказинглар. Улар Михиёни зиндонга ташлашсин. Мен соғ–саломат қайтиб келгунимча, оз–моз нон–сув бериб турсин, холос. — Эй халойиқ! Ҳаммангиз эшитиб қўйинг! Агар шоҳ ҳазратлари соғ–саломат қайтиб келсалар, Эгамиз мен орқали гапирмаган бўлади, — деди Михиё. Исроил шоҳи Ахаб билан Яҳудо шоҳи Ёҳушафат Гиладдаги Рамўт шаҳрига кетишди. — Мен қиёфамни ўзгартириб, жангга кираман, сен эса шоҳлик либосларингни кийиб ол, — деди Ахаб Ёҳушафатга. Ахаб қиёфасини ўзгартириб, жангга кирди. Орам шоҳи жанг аравалари қўмондонига: “Каттаси билан ҳам, кичиги билан ҳам жанг қилиб ўтирманглар, асосий ҳужумни Исроил шоҳининг ўзига қаратинглар”, деб амр берган эди. Жанг аравалари қўмондонлари Ёҳушафатни кўргач: “Исроил шоҳи ана шу!” деб ўйлаб унга ҳужум бошладилар. Ёҳушафат лашкарини жангга даъват қилиб бақирганда, Эгамиз унга ёрдам бериб, ҳужумни қайтарди. Араваларнинг қўмондонлари билдиларки, у Исроил шоҳи эмас экан. Қўмондонлар орқага қайтдилар. Бир одам бехосдан ёйини тортиб қўйиб юборган эди, ўқ тўппа–тўғри Исроил шоҳига келиб тегди. Шоҳнинг устидаги совути уланган жойдан ўқ кириб кетган экан. Шоҳ оғир жароҳатланди. — Отни орқага бур, мен жароҳатландим, лашкар орасидан мени олиб чиқиб кет! — деди шоҳ извошчисига. Ўша куни ғоятда шиддатли жанг бўлди. Шоҳ Ахаб эса араваси устида суяниб, Орам лашкарини кузатиб турди. Кечга томон бориб шоҳ қазо қилди.
Выбор основного перевода