Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Эгамиз яна Ҳорунга деди: “Исроил халқи Менга олиб келган ҳамма муқаддас назрларни назорат қилишни сенга топширдим. Бу назрларни сенга ва ўғилларингга доимий улуш қилиб бердим. Исроил халқи Менга берадиган энг муқаддас назрларнинг, яъни дон назри, гуноҳ қурбонлиги ва айб қурбонликларининг куйдирилмайдиган қисми сен билан ўғилларингга тегишлидир. Буларни муқаддас жойда тановул қилинглар. Бу назрларни фақат эркаклар тановул қилишлари мумкин. Бу назрларни ғоят муқаддас деб билинглар. Қурбонгоҳ олдида Исроил халқи юқорига кўтариб, Менга берган бошқа ҳамма назрлар ҳам сен билан ўғил–қизларингнинг доимий улушидир. Хонадонингдаги ҳар бир пок одам бу назрларни тановул қилиши мумкин. Одамлар Мен, Эгангизга назр қилган илк ҳосилнинг энг сифатли зайтун мойини, шаробини ва донини ҳам Мен сизларга бердим. Менга назр қилинган бутун юртнинг илк ҳосили сизларники бўлади. Хонадонингиздаги ҳар бир пок одам бу назрларни тановул қилиши мумкин. Исроилда Менга тамомила бағишланган ҳар бир нарса сизларники бўлади. Исроил халқи Менга назр қилган ҳар бир тўнғич ўғил ва ҳайвонларининг биринчи эркак боласи ҳам сизларникидир. Лекин сизлар уларнинг ҳар бир тўнғич ўғли эвазига ҳамда ҳаром ҳайвоннинг биринчи эркак боласи эвазига улардан кумуш олишларингиз шарт. Ҳар бир тўнғич ўғил бир ойлик бўлганда, уларнинг эвазига беш бўлакдан кумуш олинглар. Ҳар бир кумуш бўлакнинг оғирлиги 2,5 мисқол бўлсин. Лекин сигирнинг, қўйнинг ва эчкининг биринчи боласи эвазига ҳеч қандай тўлов олма. Бу жониворлар фақат Менга тегишлидир. Уларнинг қонини қурбонгоҳга сеп, ёғини эса Мен, Эгангизга ёқимли ҳид келиши учун оловда куйдир. Қўчқорнинг юқорига кўтарилган тўши ва ўнг сони сеники бўлгани каби, бу жониворларнинг гўшти ҳам сеники бўлади. Исроил халқи Менга келтирадиган эҳсонларнинг ҳаммасини Мен сенга ва ўғил–қизларингга доимий улуш қилиб бераман. Бу сен ва сенинг наслинг билан Менинг ўртамдаги қатъий аҳддир.” Сўнг Эгамиз Ҳорунга яна деди: “Сизлар Исроил юртида улуш олмайсизлар, халқингиз орасида сизларга бир бўлак ер ҳам берилмайди. Зотан, Исроил халқи орасидаги улушингиз ҳам, мулкингиз ҳам Менман. Левиларнинг Учрашув чодирида қилган хизмати эвазига Мен уларга Исроил юртидаги ҳамма ушрларни хизмат ҳақи қилиб бераман. Бундан буён Исроил халқи Учрашув чодирига яқин келмасин. Акс ҳолда, улар қилган гуноҳи учун жазо тортиб ўладилар. Левилар эса Учрашув чодирида хизмат қилиб, Чодирга нисбатан қилинган ҳар қандай айб иш учун жавобгар бўлишади. Бу авлодларингиз оша абадий қонун–қоида бўлсин. Левилар Исроил халқи орасида ерни улуш қилиб олишмайди. Бунинг ўрнига, Мен уларга Исроил халқининг Менга назр қилган барча ушрларини бераман. Шу сабабли Мен, левилар Исроил халқи орасида улуш олмайди, деб айтган эдим.” Шунингдек, левиларга ҳосилнинг ўзларига тегишли улушлари берилмаганини ҳам билиб қолдим. Шу сабабдан Маъбадда хизмат қилиб юрган левилар ва қўшиқчилар ўзларининг далаларига қайтиб кетишган экан.
Выбор основного перевода