Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
“Бу ой сизлар учун илк ой — йилнинг биринчи ойи бўлади. Исроил халқининг бутун жамоасига етказинглар: шу ойнинг ўнинчи кунида оила бошлиқлари битта қўзи ёки улоқча танлайди. Буни хонадондагилар тановул қилади. Битта жонлиқ бир оилага кўплик қиладиган бўлса, оила аъзоларининг сони ва бир одам тановул қиладиган гўшт миқдори ҳисоблаб чиқилади. Сўнгра ўша оила жонлиқ гўштини ёнидаги қўшниси билан бўлишади. Нуқсонсиз, бир яшар эркак жонлиқни танлаб олинглар. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурунгача қўзиларни алоҳида сақланглар. Сўнгра Исроил халқи жамоасининг ҳар бир хонадони ўзининг қўзисини сўйиши лозим. Сўнг улар қурбонликнинг қонидан олиб, қурбонлик гўшти тановул қилинадиган уйнинг эшиги кесакиси ёнларига ва тепасига суртишсин. Ўша куни кечқурун гўштни оловда пиширишсин ва ўша гўштни, хамиртурушсиз нон ҳамда тахир ўтларни тановул қилишсин. Қурбонлик гўштининг сувда қайнатилганини ёки хомини тановул қилишмасин. Калла–поча ва ичак–човоқларини оловда пишириб ейишсин. Гўштдан эрталабгача қолмасин. Агар ортиб қолса, эрталабга қолдирмай оловда куйдиринглар. Гўштни тановул қилаётганингизда, шай туринглар. Чориғингиз оёғингизда, таёғингиз қўлингизда бўлсин, тез–тез енглар. Мен, Эгангизга бағишланган Фисиҳ қурбонлиги шудир. Ўша тунда Мен Мисрнинг бу бошидан нариги бошигача ўтиб, инсонларнинг ҳар бир тўнғич ўғилларини ҳам, чорванинг биринчи эркак боласини ҳам ўлдираман. Мен, Эгангиз, Мисрнинг ҳамма худоларига қарши ҳукмни ижро этаман. Эшикларингизнинг кесакисига суртилган қон яшаётган уйларингизни белгилайди. Қонни кўриб, сизларни четлаб ўтаман. Мен Мисрни жазолаганимда, ўлат офатидан сизлар омон қоласизлар. Бу кунни сизлар то абад эсда тутишларингиз лозим. Ҳар йили бу кунни Мен, Эгангизга аталган байрам қилиб нишонланглар. Бу байрам авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлиб қолсин. Ўша етти кун давомида хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. Биринчи куниёқ уйларингиздаги хамиртурушни йўқотинглар. Кимки етти кун давомида хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у Исроил халқи орасидан йўқ қилинади. Байрамнинг биринчи куни ҳам, еттинчи куни ҳам бутун халқ муқаддас йиғинга келиши лозим. Шу кунлари, овқат тайёрлашдан ташқари, ҳеч қандай иш қилманглар. Хамиртурушсиз нон байрамини ҳар йили нишонлайсизлар, чунки айнан ўша куни Мен сизларнинг оилаларингизни ва қабилаларингизни Мисрдан олиб чиққанман. Бу байрам авлодларингиз оша нишонланиб, доимий қонун–қоида бўлиб қолсин. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурундан бошлаб шу ойнинг йигирма биринчи куни кечқурунгача хамиртурушсиз нон тановул қилинглар. Уйларингизда ўша етти кун давомида асло хамиртуруш бўлмасин. Кимки хамиртуруш қўшилган нон тановул қилса, у асли Исроил наслиданми, мусофирми, барибир, Исроил халқининг жамоасидан йўқ қилинади. Хамиртуруш қўшилган нонни ҳеч тановул қилманглар. Қаерда яшасангизлар ҳам, хамиртурушсиз нон тановул қилинглар.” Эгамиз ярим кечаси Мисрликларнинг жамики тўнғичларини — тахтда ўтирган фиръавннинг тўнғич ўғлидан тортиб, зиндонда ётган асирнинг тўнғич ўғлигача ўлдирди. Ҳамма чорванинг биринчи эркак боласини ҳам нобуд қилди. Ўша куни кечаси Эгамиз халқига посбонлик қилиб, уларни Мисрдан олиб чиққан эди. Шу сабабдан Исроил халқи ҳам авлодлар оша, ҳар йили ўша тунни Эгамизга бағишлаб, байрам қилишлари керак. Шундан сўнг Мусо халққа деди: “Бугун Абиб ойида сизлар Миср юртидан чиқиб кетяпсизлар. Хамиртуруш қўшилган нонни еманглар. Бу кунни асло эсларингиздан чиқарманглар. Зеро, Эгамиз Ўз қудрати билан сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиқди.
Выбор основного перевода