Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
Параллельные места
Худо ёруғликнинг ажойиб эканини кўриб, ёруғликни қоронғиликдан ажратди. Худо ёруғликни кундуз, қоронғиликни тун деб атади. Кеч кириб, тонг отди. Биринчи кун ўтди. Сўнг Худо: “Сувларни бир–биридан ажратиб турадиган гумбаз пайдо бўлсин”, деб амр қилди. Шундай ҳам бўлди: Худо гумбазни яратиб, гумбазнинг остидаги сувлардан гумбаз устидаги сувларни ажратди. Худо гумбазга осмон деб ном берди. Кеч кириб, тонг отди. Иккинчи кун ўтди. Кейин Худо: “Осмон остидаги сувлар бир жойга тўпланиб, қуруқ ер пайдо бўлсин”, деб амр қилди. Шундай ҳам бўлди. Худо қуруқликка ер деб ном берди. Бир жойга йиғилган сувларни эса денгизлар деб атади. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди. Сўнгра Худо шундай амр берди: “Ерда ўт–ўлан кўкарсин. Дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўссин.” Шундай ҳам бўлди. Ерда ўт–ўлан кўкарди, дон берадиган ҳар хил ўсимликлар, данаги бор ҳар хил мевали дарахтлар ўсди. Худо буларнинг ҳам ажойиб эканини кўрди. Кеч кириб, тонг отди. Учинчи кун ўтди. Кейин Худо шундай амр қилди: “Кундузни тундан ажратиш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин. Булар кунларнинг, йилларнинг, нишонланадиган байрамларнинг вақтини кўрсатсин. Бу ёритқичлар осмон гумбазида нур сочиб, ерга ёруғлик берсин.” Шундай ҳам бўлди. Худо иккита катта ёритқични — қуёш ва ойни яратди: кундузи нур сочиб туриши учун каттароқ ёритқич — қуёшни, тунда нур сочиб туриши учун кичикроғи — ойни яратди. Шунингдек, Худо юлдузларни ҳам яратди. Бу ёритқичлар ерга ёруғлик берсин, кундуз ва тун устидан ҳукмронлик қилсин, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин деб, Худо буларни осмон гумбазига жойлаштирди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди. Бу ёритқичлар ерга ёруғлик берсин, кундуз ва тун устидан ҳукмронлик қилсин, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин деб, Худо буларни осмон гумбазига жойлаштирди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди. Кеч кириб, тонг отди. Тўртинчи кун ўтди. Кейин Худо шундай амр берди: “Сув ҳар хил тирик жониворлар билан тўлиб–тошсин, қушлар пайдо бўлиб, ҳавода парвоз қилсин.” Шундай қилиб, Худо баҳайбат денгиз махлуқларини ва сувда сузувчи турли–туман жониворларни, ҳар турли қушларни яратди. Худо бунинг ҳам ажойиб эканини кўрди. Шунда Худо буларнинг ҳаммасига марҳамат қилиб деди: “Балиқлар ва қушлар серпушт бўлиб, кўпайсин. Денгизлар балиқлар билан тўлиб–тошсин, ер узра қушлар кўпайсин.” Кеч кириб, тонг отди. Бешинчи кун ўтди. Сўнгра Худо: “Ер турли–туман жонзотларни — чорвани, судралиб юрувчи жониворларни, ҳар турли ёввойи ҳайвонларни пайдо қилсин”, деб амр берди. Шундай ҳам бўлди. Худо ҳар турли ёввойи ҳайвонларни, чорванинг ҳар хил турларини, ер юзида судралиб юрувчи жониворларнинг ва ҳашаротларнинг ҳар хил турларини яратди. Худо бунинг ажойиб эканини кўрди. Кейин Худо шундай деди: “Энди инсон зотини яратайлик, улар Ўз суратимиздай, Ўзимизга ўхшаган бўлсин. Инсон зоти денгиздаги балиқлар устидан, осмондаги қушлар, ер юзидаги чорва ҳамда жамики ёввойи ҳайвонлар, ерда судралиб юрувчи ҳар қандай жонивор ва ҳашаротлар устидан ҳукмронлик қилсин.” Шундай қилиб, Худо Ўз суратидай қилиб яратди инсон зотини, Эркагу аёл қилиб яратди уларни. Худо инсонларга марҳамат қилиб, айтди: “Ували–жували бўлинглар, ер юзини тўлдириб, итоат эттиринглар, денгиздаги балиқлар устидан, осмондаги қушлару ер юзида яшовчи ҳар турли жониворлар устидан ҳукмронлик қилинглар.” Худо яна айтди: “Мана, сизларга бутун ер юзидаги ҳар хил донли ўсимликларни ва мевали дарахтларни бердим. Сизлар булардан егулик учун фойдаланасизлар. Ер юзидаги жамики тирик жонзотга — ҳамма ҳайвонларга, ҳамма қушларга емиш қилиб кўк ўт–ўланни бердим.” Шундай ҳам бўлди. Худо Ўзи яратган ҳамма нарсага назар солди. Булар жуда ажойиб эди. Кеч кириб, тонг отди. Олтинчи кун ўтди. “Ҳа, биламан, Сен ҳамма нарсани қила оласан. Сенинг режаларингни ҳеч ким буза олмайди. «Билмай туриб, донолигимга гумон қилаётган ким?» — деб сўрадинг. Ўша менман. Ўзим тушунмайдиган нарсалар ҳақида оғиз очдим. Ақлим етмайдиган ажойиботлар ҳақида гапирдим. Ишларни сирли қилиш — Худонинг шуҳрати, ишларни текшириб билиш эса шоҳ шарафидир. Доноликни билишга, ер юзида бўлаётган ишларни ўрганишга ўзимни бағишладим. Худонинг ҳамма ишларини кўрдим, ҳақиқатан ҳам ҳеч ким бу дунёда Худо нима қилаётганини тушунмайди. Ҳатто уйқудан воз кечиб ҳам, қанча ҳаракат қилмайлик, билолмаймиз, маъносини топа олмаймиз. Донолар: “Биламиз”, деб айтади, аммо улар ҳам ҳақиқатан тушунмайдилар.
Выбор основного перевода