Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Йўшиё юртни ва Эгамизнинг уйини поклагандан кейин, ҳукмронлигининг ўн саккизинчи йилида Озалиё ўғли Шофонни, Қуддус ҳокими Масиёни ва мушовир Йўхоз ўғли Йўхни Эгаси Худонинг уйини тузатишга юборди. Улар олий руҳоний Хилқиёнинг олдига келиб, Худонинг уйига келтирилган кумушни унга топширдилар. Леви дарвозабонлари бу кумушни Манаше, Эфрайим ва Исроил халқининг омон қолганларидан, шунингдек, Яҳудо, Бенямин қабилаларидан ва Қуддус аҳолисидан тўплаб олган эдилар. Улар кумушни Эгамизнинг уйида меҳнат қилаётган ишбошиларга топширдилар. Ишбошилар эса кумушни олиб, Эгамизнинг уйидаги бузилган жойларни таъмирлаётган усталарга тўладилар. Қолганини эса дурадгор ва бинокорларга бердилар. Улар бу кумушга Яҳудо шоҳлари қаровсиз қолдирган хароб биноларни тузатиш учун тош ва ёғочларни сотиб олдилар. Ишчилар сидқидилдан меҳнат қилдилар. Уларга назоратчи қилиб Марори наслидан левилар Яхат ва Ободиё тайинланди, Қоҳот уруғидан эса левилар Закариё ва Машуллом тайинланди. Мусиқа асбобларини чаладиган ҳамма левилар юк ташувчиларга ҳамда турли хизматдаги ишчиларга масъул эдилар. Левиларнинг баъзилари эса котиб, маъмур ва дарвозабон эдилар. Эгамизнинг уйидаги кумуш олиб чиқилаётганда, руҳоний Хилқиё Эгамизнинг Мусо орқали берган Таврот китобини топиб олди. У котиб Шофонга: — Эгамизнинг уйидан Таврот китобини топиб олдим, — деб китобни Шофонга берди. Шофон эса китобни шоҳга олиб бориб, ҳисобот берди: “Қулларингиз топширилган ҳамма ишларни бажаряптилар. Улар Эгамизнинг уйидаги бор кумушни ўша ердаги ишбошиларга ва ишчиларга бердилар.” Сўнг: “Руҳоний Хилқиё мана бу китобни менга берди”, — дея қўшимча қилгач, Таврот китобини шоҳга овоз чиқариб ўқиб берди. Шоҳ Таврот сўзларини эшитгач, ваҳимага тушганидан кийимларини йиртди. Кейин руҳоний Хилқиёга, Шофон ўғли Охихамга, Михиё ўғли Ахборга, котиб Шофонга ва ўзининг мулозими Осоёҳга шундай фармон берди: — Боринглар, топилган бу китобдаги сўзларга мувофиқ, мен тўғримда ҳам, Исроил ва Яҳудо халқларининг омон қолганлари тўғрисида ҳам Эгамизнинг хоҳиш–иродасини сўранглар. Оталаримиз бу китобдаги сўзларга қулоқ солмаганлари учун, Эгамизнинг амрларига риоя қилмаганлари учун Эгамизнинг даҳшатли ғазаби бизнинг устимизга ёғилди. Руҳоний Хилқиё ва шоҳ жўнатган одамлар Хулда исмли пайғамбар аёл ҳузурига бориб, унга маслаҳат солдилар. Хулда пайғамбар Эгамизнинг уйидаги муқаддас либослар посбони Шаллумнинг хотини эди. Шаллум Тихвонинг ўғли, Хархаснинг набираси эди. Хулда Қуддуснинг янги даҳасида яшарди. Хулда уларга шундай деди: “Исроил халқининг Худоси — Эгамиз демоқда: сизларни Менинг ҳузуримга юборган одамга шу гапларимни айтинглар: «Мен бу юртга ҳам, бу юртда яшаётган халққа ҳам фалокат келтираман. Яҳудо шоҳи ҳузурида ўқилган китобдаги ҳамма лаънатларни уларга ёғдираман. Улар Мендан юз ўгирганлари учун, бошқа худоларга қурбонликлар келтириб, ўз қўллари билан ясаган бутлари туфайли қаҳримни келтирганлари учун бу юртга ғазабим ёғилади ва асло босилмайди.» Эгамизнинг хоҳиш–иродасини билиш учун сизларни юборган Яҳудо шоҳига шу хабарни беринглар: Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сен эшитган сўзларинг тўғрисида шуни айтмоқда: «Сен бу юртга ва юртнинг халқига қарши айтган сўзларимни эшитганингдан кейин, юрагинг юмшади, Менга бўйин эгдинг. Сен Менга бўйин эгганинг учун, қайғудан либосларингни йиртиб, ҳузуримда йиғлаганинг учун Мен илтижоларингни эшитдим. Шунга кўра, сен ота–боболаринг ёнига хотиржам кетасан, ўз қабрингга дафн этиласан. Бу юртга ва унинг аҳлига Мен келтирадиган жамики фалокатларни сен кўрмайсан.»” Хилқиё ва унинг ҳамроҳлари бу хабарни шоҳга етказдилар.
Выбор основного перевода