Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Орадан бир қанча вақт ўтгач, Оммон шоҳи Нахош оламдан ўтиб, ўрнига ўғли Ханун шоҳ бўлди. Довуд: “Нахош менга содиқ эди, мен ҳам унинг ўғли Ханунга содиқ бўлайин”, деб кўнглидан ўтказди. Шундай қилиб, Довуд Ханунга отасининг вафоти муносабати билан тасалли бериш учун ўз элчиларини жўнатди. Довуднинг элчилари Ханунга тасалли бергани Оммон юртига боришгач, Оммон беклари Ханунга шундай деб ўргатишди: “Довуд бу одамларини отангиз ҳурмати учун жўнатган, деб ўйлайсизми? Йўқ, бу элчилар сизнинг ҳузурингизга ёмон ният билан келишган, улар юртни кузатиб, текшириб, кейин қўлга киритишмоқчи.” Шу гапдан сўнг Ханун Довуднинг элчиларини ушлади, уларнинг соқолларини қирдириб, кийимларини сонларигача кестириб, орқага қайтариб юборди. Элчилар қайтиб кетишди. Довуд бу воқеани эшитди–ю, элчиларини кутиб олиш учун одамлар жўнатди. Элчилар жуда шармандали аҳволда қолган эдилар. Шоҳ ўша элчиларига: “Соқолингиз ўсгунча Ерихода қолинглар, кейин менинг олдимга қайтиб келинглар”, деб айттириб юборди. Оммон халқи: “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйладилар. Шунинг учун Ханун ва Оммон халқи Орам–Нахрайимдан, Орам–Маходан ва Зўво шоҳликларидан жанг аравалари ва отлиқлар ёллаш учун 2000 пуд кумуш юбордилар. Ханун 32.000 та жанг аравасини ва Махо шаҳри шоҳини лашкари билан ёллади. Махо шоҳи келиб, Мидаво шаҳри ёнида қароргоҳ қурди. Оммон халқи ҳам ўз шаҳарларидан чиқиб, жангга отланди. Довуд бу хабарни эшитди–ю, лашкарбоши Йўаб бошчилигида қўриқчиларининг ҳаммасини урушга сафарбар қилди. Оммон лашкари шаҳар дарвозаси олдида Довудга қарши саф тортди. Ёрдамга келган шоҳлар ҳам ялангликда алоҳида саф тортдилар. Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўрди. У Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарига қарши саф торттирди. Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди. Йўаб Абушайга: — Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман. Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин. Йўаб бошчилигидаги сипоҳлар Орам лашкарига қарши ташландилар. Орам лашкари эса уларнинг олдига тушиб қочиб қолди. Уларнинг қочганини кўрган Оммонлар ҳам Йўабнинг укаси Абушайдан қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан кейин Йўаб Қуддусга қайтиб кетди. Орам лашкари Исроил лашкаридан енгилганини англаб етгач, хабарчилар юбориб, Фурот дарёсининг нариги томонида турган ўз лашкарини чақиртириб келдилар. Уларга лашкарбоши қилиб, шоҳ Ҳададзар лашкарининг қўмондони Шўвахни тайинладилар. Довуд бу воқеани эшитиб, жамики Исроил лашкарини йиғди. Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Орам лашкарига қарши саф тортди. Орам лашкари ҳужумга ўтди. Аммо улар бу сафар ҳам Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолишди. Довуд Орам лашкарининг 7000 нафар жанг араваси аравакашини ва 40.000 нафар сипоҳини ўлдирди. Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвах ҳам Довуднинг қўлида ҳалок бўлди. Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги шоҳлар Исроилдан мағлуб бўлиб, Довуд билан сулҳ тузишга мажбур бўлишди. Улар Довудга қарам бўлиб қолишди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан бош тортадиган бўлди.
Выбор основного перевода