Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Оммон халқи “Энди Довуднинг ғазабига дучор бўлдик”, деб ўйлади. Улар ҳар томонга хабар жўнатиб, Байт–Рехоб ва Зўво шаҳарларидан Орам халқининг 20.000 сипоҳини, Махо шаҳри шоҳидан 1000 нафар сипоҳни ва Тов халқидан 12.000 сипоҳни ёлладилар. Довуд бу хабарни эшитди–ю, лашкарбоши Йўаб бошчилигида қўриқчиларининг ҳаммасини урушга сафарбар қилди. Оммон лашкари шаҳар дарвозаси олдида Довудга қарши саф тортди. Рехоб ва Зўводан келган Орам сипоҳлари, Тов ва Маходан келган сипоҳлар эса ялангликда саф тортдилар. Йўаб ғаним тўдалари орқаю олдиндан ҳужум қилаётганини кўрди. У Исроилнинг сараланган сипоҳларидан танлаб олди–да, Орам лашкарига қарши саф торттирди. Қолганларига эса укаси Абушайни бош қилиб, Оммонларга қарши шай қилиб қўйди. Йўаб Абушайга: — Орам лашкари мендан устун келса, сен ёрдамга келасан, — деди. — Борди–ю, Оммонлар сендан баланд келса, мен ёрдамга бораман. Бардам бўл! Халқимиз ва Худойимизнинг шаҳарлари учун мардларча кураш олиб борайлик. Эгамизнинг хоҳиш–иродаси бажо бўлсин. Йўаб бошчилигидаги сипоҳлар Орам лашкарига қарши ташландилар. Орам лашкари эса уларнинг олдига тушиб қочиб қолди. Уларнинг қочганини кўрган Оммонлар ҳам Абушайдан қочиб, шаҳарга беркиндилар. Шундан кейин Йўаб улар билан жанг қилмай, Қуддусга қайтиб кетди. Орам лашкари Исроил лашкаридан енгилганини англаб етганидан сўнг, яна бир жойга тўпланишди. Шоҳ Ҳададзар Фурот дарёсининг нариги томонидаги ўз лашкарига хабар бериб, уларни чақиртирди. Орам лашкари Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвах бошчилигида Хелам шаҳрига келди. Довуд бу воқеани эшитиб, жамики Исроил лашкарини йиғди, Иордан дарёсини кечиб ўтиб, Хеламга етиб борди. Орам лашкари саф тортиб, Довуд лашкари билан жанг қилди. Аммо Орам лашкари яна Исроил лашкарининг олдига тушиб қочиб қолди. Довуд Орам лашкарининг 700 та жанг араваси аравакашини ва 40.000 нафар отлиқ сипоҳини ўлдирди. У Ҳададзарнинг лашкарбошиси Шўвахни ҳам яралаган эди, Шўвах жанг майдонидаёқ жон берди. Шундай қилиб, Ҳададзарнинг қўли остидаги ҳамма шоҳлар мағлубиятга учраб, Исроил халқи билан сулҳ тузишга мажбур бўлди. Улар Исроил халқига қарам бўлиб қолди. Шундан кейин Орам халқи Оммон халқига ёрдам беришдан қўрқиб қолди.
Выбор основного перевода