Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Бу дунёда ўзларингиз учун бойлик ғамламанглар. Ахир, бундай бойликни куя ейди, занг босади, ўғри тушиб ўғирлайди. Аксинча, ўзларингиз учун самода хазина йиғинглар. Бундай бойликни куя емайди, занг босмайди, ўғри ҳам ўғирлай олмайди. Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади. Тананинг чироғи — кўз. Агар кўзингиз яхши бўлса, бутун танангиз ёп–ёруғ бўлади. Аммо кўзингиз ёмон бўлса, бутун танангиз зулматга тўлади. Агарда ичингиздаги нур зулмат бўлса, зимзиё зулматда қолган экансиз. Ҳеч ким икки хўжайинга хизмат қилолмайди. У ё бирини ёмон кўриб, бошқасини яхши кўради, ёки бирига бағишланиб, бошқасини менсимайди. Сизлар ҳам Худога, ҳам бойликка бирдек хизмат қила олмайсизлар. Шунинг учун сизларга айтаман: тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?! Қушларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборга дон йиғади. Шунга қарамай, осмондаги Отангиз уларнинг ризқини беради. Сизлар эса улардан анча қадрлисизлар–ку! Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! Нега кийим учун ташвишланасизлар? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биронтасидай кийинмаган. Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар?! Шундай экан, нима еймиз, нима ичамиз, нима киямиз, деб ташвишланиб юрманглар. Бутпарастлар ҳадеб бу нарсаларнинг ташвишида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларнинг ҳаммасига муҳтож эканингизни билади–ку! Сизлар аввало Худонинг Шоҳлиги ва Унинг иродасини бажариш пайида бўлинглар, шунда қолган ҳамма нарса сизга берилади. Хуллас, эртанги кун учун ташвиш тортманглар. Эртанинг ташвиши эртанинг ўзига тегишлидир. Ҳар бир куннинг ғам–ташвиши ўзига етади. Исо шогирдларига деди: — Сизга чинини айтайин: бой одамнинг Осмон Шоҳлигига кириши қийин бўлади. Исо уларга шундай масал айтди: “Бир бой одамнинг даласи мўл ҳосил берибди. Бой кўнглида: — Нима қилсам экан, ҳосилимни сақлашга етарли жойим йўқ–ку, — деб ўйлабди. Ниҳоят, у шундай дебди: — Энди бундай қиламан: омборларимни бузиб, каттароқларини қураман. Ҳамма дон–дунларимни, бойликларимни ўша ерда сақлайман. Шунда ўзимга ўзим дейман: “Кўп йилларга етадиган мол–мулк тўпладим. Энди роҳатланаман, еб–ичаман, кайфу сафо қиламан.” Аммо Худо унга шундай дебди: — Эй нодон! Шу тундаёқ жонинг олинади. Йиғиб–терган мол–мулкинг энди кимга қолади?! Ҳа, ўзи учун бойлик йиққан, аммо Худонинг назарида бой бўлмаган одамнинг қисмати шундай бўлади.” Бу дунёга мослашманглар, фикр–зикрингизни янгилаб, тубдан ўзгаринглар. Шунда Худонинг иродасини тушуна оладиган бўласиз, яъни нима яхши, Худога манзур ва мукаммал эканлигини била оладиган бўласиз. Донолар қани? Тафсирчилар ва бу дунёнинг файласуфлари қаерда? Худо бу дунёнинг ҳикматини ақлсизликка айлантирди–ку, ахир! Бу дунёнинг худоси имонсизларнинг онгини кўр қилиб қўйган. Шунинг учун улар Хушхабарнинг нурини кўра олмайдилар. Бу Хушхабар Худонинг аниқ тасвири бўлган Масиҳнинг улуғворлигини кўрсатади. Исо Масиҳ бизни ҳозирги ёвуз замондан қутқарай деб, бизнинг гуноҳларимиз учун Ўзини фидо қилди. У шу йўсин Отамиз Худонинг иродасини адо этди. Сизлар бу дунёнинг одатлари бўйича, ёвуз руҳий кучларнинг ҳокими бўлган шайтонга бўйсуниб, гуноҳга ботиб яшардингиз. Худога итоат қилмай яшаётганларнинг юракларида амал қилаётган шайтондир. Бойликка ўч бўлганлар эса васваса тузоғига тушадилар, улар кўп бемаъни ва зарарли ҳавасларга берилиб, ҳалокат гирдобига ғарқ бўладилар. Пулпарастлик ҳар қандай ёмонликнинг негизидир. Мана, баъзилар бойлик кетидан қувиб, имондан қайтиб кетдилар ва ўзларини кўпгина азобларга дучор қилдилар. Бу дунёда бойлик топган биродарларга айт, мағрурланмасинлар, бевафо бойликка умид қилмасинлар. Аксинча, умидини Худога боғласинлар. Худо бизга ҳамма нарсани хурсанд бўлишимиз учун саховат билан беради.
Выбор основного перевода