Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Сўнгра Эгамиз Иброҳимга деди: — Садўм ва Ғамўра аҳолисининг разиллиги, уларнинг оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Менга етиб келди. Мен пастга тушиб кўрай–чи, уларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам шунчалик гуноҳга ботиб кетибдимикан?! Шундан кейин икки киши Садўмга қараб йўл олди. Эгамиз эса Иброҳим билан қолди. Иброҳим Унга қараб, сўради: — Сен гуноҳкорни ҳам, бегуноҳни ҳам бирдай қириб ташлайверасанми? Айтайлик, шаҳарда элликта бегуноҳ одам топсанг, шаҳарни вайрон қилаверасанми? Бегуноҳ одамларнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарга раҳм қилмайсанми? Наҳотки гуноҳсиз одамни гуноҳкор билан бирга йўқ қилсанг?! Асло! Сен гуноҳсизнинг бошига гуноҳкорнинг кунини солмайсан–ку! Ахир, Сен бутун оламнинг Ҳокимисан, адолат ила иш тутасан! — Агар Мен Садўмда элликта бегуноҳ одамни топсам, — деди Эгамиз, — уларнинг ҳақи–ҳурмати учун бутун шаҳарга раҳм қиламан. — Эй Раббий! Мен тупроқ ва кул бўлсам ҳам, Сенга гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим. — Элликта бегуноҳ одамга бешта етмаса–чи? Бешта кам бўлгани учун бутун шаҳарни қириб ташлайсанми? — Агар у ерда қирқ бешта солиҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман. Иброҳим Эгамизга яна гапирди: — Балки у ерда қирқта бегуноҳ одам топилар. — Ўша қирқта бегуноҳнинг ҳақи–ҳурмати учун бу ишни қилмайман, — деди Эгамиз. — Ё Раббий! — деди Иброҳим. — Гапирсам, Ўзинг кечиргайсан. Балки у ерда ўттизта бегуноҳ топилар? — Агар у ерда ўттизта бегуноҳ одамни топсам, шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди У. — Раббий! Гапираётганимда қўполлигим учун кечиргин, — деди Иброҳим. — Балки у ерда йигирмата бегуноҳ одам топилар? — Ўша йигирмата бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деди У. — Раббий! Яна бир марта гапирсам, Ўзинг кечиргайсан, — деди Иброҳим. — Балки у ерда ўнта бегуноҳ одам топилар? — Ўша ўнта бегуноҳ одамнинг ҳақи–ҳурмати учун шаҳарни қириб ташламайман, — деб жавоб берди Эгамиз. Эгамиз Иброҳим билан гаплашиб бўлгач, Ўз йўлига кетди. Иброҳим ҳам чодирига қайтди. Ўша куни кечқурун иккала фаришта Садўмга етиб келди. Лут Садўм дарвозаси ёнида ўтирган эди. Лут фаришталарни кўриб, уларга пешвоз чиқди ва мук тушиб таъзим қилди. — Жаноблар, марҳамат, шу кеча бу қулингизнинг уйига киринглар, оёқларингизни ювайин, меникида тунаб қолинглар. Эртага эрталаб йўлларингизга кетсаларингиз ҳам бўлади. — Раҳмат, биз тунни шаҳар майдонида ўтказамиз, — деб айтишди улар. Лут ҳадеб қистайвергандан кейин, фаришталар Лутникига келишди. Лут хизматкорларига нон ёпиб, зиёфат тайёрлашни буюрди. Зиёфат тайёр бўлгач, улар овқатланишди. Лекин улар энди ухлашга ётмоқчи бўлиб турганларида, Садўм шаҳрининг ҳамма эркаги — ёшу қариси келиб, Лутнинг уйини ўраб олишди. Улар Лутни чақиришиб, сўрашди: — Бугун кечқурун сенинг уйингга келган одамлар қани? Уларни олиб чиқ бизнинг олдимизга! Улар билан бирга бўлайлик. Лут ташқарига чиқиб, орқасидан эшикни ёпиб қўйди. — Биродарларим! — деди у, — ўтинаман, зинҳор бундай қабиҳлик қила кўрманглар! Мана, иккита бокира қизим бор. Қизларимни сизларга олиб чиқиб берайин, улар билан билганларингизни қилинглар. Лекин бу одамларга тегманглар, улар менинг меҳмоним, менинг паноҳим остидадирлар. Лекин улар: — Йўлдан қоч! — деб шовқин солдилар. — Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Биз сенга орамиздан жой бердик, энди эса бизга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми?! Мана энди кўрасан. Анави келган одамларга қиладиганимиздан ҳам баттарроғини сенга қиламиз! Одамлар Лутни сиқиб келиб, эшикни синдирмоқчи бўлдилар. Шу пайт ичкаридаги иккала фаришта қўлларини ташқарига чиқариб, Лутни уйнинг ичкарисига — ёнларига олдилар ва эшикни ёпдилар. Кейин уйнинг эшиги олдида турган ҳамма одамларни — катталарни ҳам, кичикларни ҳам фаришталар кўр қилиб қўйдилар. Шунинг учун одамлар эшикни топа олмай қолдилар. Шундан кейин фаришталар Лутдан сўрашди: — Бу шаҳарда сенинг яна киминг бор? Куёвингми, ўғилларингми, қизларингми — сенга қарашли ким бўлса ҳам, шаҳардан олиб чиқиб кет. Биз шаҳарни бутунлай қириб ташлаймиз. Бу шаҳар аҳолисининг разиллигию оғир гуноҳлари ҳақидаги оҳу фиғонлар Эгамизга етиб борди. “Бу шаҳарни қириб ташланглар”, деб У бизни юборди. Шундан кейин Лут бўлажак куёвлари олдига бориб: — Тезда шаҳардан чиқиб кетинглар! — деди. — Эгам бу шаҳарни қириб ташламоқчи. Лекин Лутнинг гапи куёвларига ҳазил бўлиб туюлди. Тонг отгач, фаришталар Лутни шошилтиришди: — Тез бўл! Хотининг билан иккала қизингни олиб, ҳозироқ бу ердан жўна! Бўлмаса, шаҳарга қирғин келганда, сизлар ҳам ҳалок бўласизлар! Лут ҳали ҳам иккиланиб турганда, фаришталар Лутни, хотинини ва иккала қизини қўлларидан ушлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйдилар. Чунки Эгамиз шафқатли эди. Фаришталар уларни шаҳар ташқарисига олиб чиқиб қўйганларидан кейин, улардан бири огоҳлантирди: — Қочинглар, жонларингни қутқаринглар! Орқага қараманглар, водийдаги бирон жойда тўхтаманглар! Тоққа қараб қочинглар! Бўлмаса, ҳалок бўласизлар! — Йўқ, Ҳазратим! — деб илтижо қилди Лут. — Бу қулингизга кўп иноят кўрсатдингиз, ҳаётимни қутқариб қолдингиз, менга кўп шафқат қилдингиз. Лекин тоғ жуда ҳам узоқ. Мен фалокатга йўлиқиб, у ерга етиб боролмай ўлиб кетаман–ку! Ҳов анави шаҳарчани кўряпсизми? Ўзи кичкинагина шаҳарча, унча узоқ эмас. Мен ўша ёққа қочиб бора қолай. Ўшанда мен жонимни сақлаб қоламан. — Бўпти! — деди фаришта Лутга. — Сен айтгандай бўлсин. Ўша кичкина шаҳарни йўқ қилмайман. Тез бўл, ўша ёққа қоч! Сен ўша шаҳарга етиб бормагунингча, мен ҳеч нарса қилолмайман. Лут шаҳарни кичкина дегани учун, бу шаҳар Зўвар деб юритиладиган бўлди. Қуёш чиқаётганда, Лут Зўварга етиб келди. Шундан кейин Эгамиз Садўм ва Ғамўра шаҳарлари устига ёнаётган олтингугурт ёғдирди. Ёнаётган олтингугурт бу шаҳарлар қаторида водийдаги ҳамма шаҳарларни аҳолисию ўт–ўланлари билан бирга қириб ташлади. Лутнинг ортидан хотини келаётган эди. Хотини орқасига қараган эди, туз устунига айланиб қолди. Кейинги куни эрталаб Иброҳим Эгамиз билан гаплашган жойга қайтиб борди. Садўм, Ғамўра ва бутун водийга қараб, у ерлардан тутун кўтарилаётганини кўрди. Бу манзара гўё тандирдан чиқаётган тутунни эслатарди. Бироқ сенга айтайин: қиёмат кунида сенинг ҳолинг Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади.” Сизларга айтаманки, қиёмат кунида ўша шаҳарнинг ҳоли Садўм шаҳрининг ҳолидан баттар бўлади. Аммо бева аёлларнинг уй–жойларини тортиб оладилар, хўжа кўрсинга узоқ дуо ўқийдилар. Бундай одамлар ниҳоятда қаттиқ жазога мубтало бўладилар. Худо Садўм ва Ғамўра шаҳарларини ҳалокатга маҳкум этди. Худосизларга сабоқ бўлсин деб, бу шаҳарларни куйдириб кул қилди. Ўша фаришталар сингари, Садўм ва Ғамўра шаҳарлари аҳолиси, шунингдек, булар атрофидаги барча шаҳарлар аҳолиси ҳам нотабиий бузуқ эҳтиросларга ва шаҳвоний ҳирсга берилган эдилар. Оқибатда эса абадий ўтда куйиб, ўз жазосини олганлар. Уларнинг қисмати ҳаммага сабоқ бўлди.
Выбор основного перевода