Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Агар орангизда бирор пайғамбар ёки туш таъбирловчи пайдо бўлиб: “Аломат ёки мўъжиза кўрсатаман”, деб айтса, унинг айтганлари бажо бўлса, кейин у: “Юр, сен билмаган бошқа худоларга эргашайлик, уларга хизмат қилайлик”, деса, ўша пайғамбар ёки туш таъбирловчининг сўзларига қулоқ солманглар. Эгангиз Худо: “Қани билай–чи, улар бутун қалби билан, жону дили билан Мени севадими ёки йўқми”, деб сизларни синаётган бўлади. Сизлар фақатгина Эгангиз Худога эргашинглар. Ундан қўрқинглар, Унинг амрларига итоат этинглар. Эгангизга қулоқ солинглар, Унга хизмат қилинглар, Унга содиқ бўлинглар. Эгангиз Худо сизни Миср юртидан олиб чиққан, Мисрдаги қулликдан озод қилган. Ўша пайғамбар ёки туш таъбирловчи эса сизни Худойингиздан юз ўгиртиришга ҳаракат қилди. Эгангиз Худо амр қилган йўлдан сизни оздирмоқчи бўлди. Шунинг учун уни ўлдиринглар. Орангиздан ёмонликни йўқ қилинглар. Ҳатто ака–укангиз ёки ўғлингиз, қизингиз, севикли хотинингиз ё жонажон дўстингиз сизни яширинча ўзингиз билмаган, ота–боболарингиз ҳам билмаган бегона худоларга сажда қилишга ундаши мумкин. Атрофингизда яшаётган узоқ–яқиндаги, ернинг бу четидан нариги четигача ўрнашган халқларнинг худоларига сиғинишга ундаши мумкин. Аммо сизлар рози бўлманглар. Бундай одамга қулоқ солманглар, унга раҳм–шафқат қилманглар, унинг ёнини олманглар. Уни ўлдиринглар. Биринчи бўлиб сен, кейин бутун халқ унга тош отинглар. Уни тошбўрон қилиб ўлдиринглар. Чунки у сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Эгангиз Худодан юз ўгиришга ундади. Бу воқеани Исроил халқи эшитиб қўрқади, бундан кейин орангизда бундай қабиҳлик қилинмайди. Эгангиз Худо сизларга яшаш учун бераётган шаҳарларнинг бирортасида манфур одамлар чиқиб, улар шаҳар аҳлини: “Юринглар, ўзларингиз билмаган бошқа худоларга хизмат қилайлик”, деб йўлдан урганини эшитсангиз, сўраб–суриштиринглар, яхшилаб текширинглар. Бу жирканч воқеа ҳақиқатан юз берган бўлиб, эшитганларингиз рост бўлиб чиқса, ўша шаҳарнинг бутун аҳолисини, ҳайвонларигача қиличдан ўтказинглар. Шаҳарни ва ундаги ҳамма нарсани бутунлай вайрон қилинглар. Эгангиз Худо сизга бераётган шаҳарларнинг бирида орангиздан бирорта эркак ёки аёл Эгангиз олдида қабиҳлик қилиб, Унинг аҳдини бузса, бегона худоларга хизмат қилса, ўша худоларга ёки қуёшга, ойга ва самовий жисмларга топинса, тақиқланган бу ишларни қилса, бу воқеадан сизлар хабардор бўлсангиз, эшитганларингизни яхшилаб текширинглар. Исроил халқи орасида ҳақиқатан ҳам бундай жирканч иш қилинган бўлса, ўша гуноҳкор эркак ёки аёлни шаҳар дарвозасидан ташқарига олиб чиқиб, тошбўрон қилиб ўлдиринглар.
Выбор основного перевода