Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Аммо Исроил халқи бағишланган нарсалар ҳақида Эгамиз берган амрни бузди. Охун исмли бир киши бағишланган нарсаларнинг бир нечтасини олган экан. Охун Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси, Кармининг ўғли эди. Эгамиз Исроил халқидан қаттиқ ғазабланди. Шу орада Ёшуа бир неча кишини танлаб, уларга: “Бориб, Ай шаҳрини текшириб келинглар”, — деди. Ай шаҳри Байтилнинг шарқида, Байт–Обун яқинида жойлашган эди. Улар бориб, текширдилар. Қайтиб келиб, Ёшуага: “Ҳаммамиз боришимиз шарт эмас, икки–уч мингта одам чиқиб ҳужум қилса, бас. Ай аҳолисининг сони кам, шунинг учун бутун халқ у ерга бориб овора бўлмасин”, дедилар. Шундай қилиб, уч мингтача одам шаҳарга ҳужум қилди, лекин улар Ай аҳолисининг олдига тушиб қочдилар. Айликлар шаҳардан чиқиб, Исроил жангчиларини тош қазиладиган жойгача қувиб бордилар. Қир ён бағрида ўттиз олтитача Исроил одамларини ўлдирдилар. Бу ҳодисадан кейин бутун Исроил халқининг юраги орқага тортиб кетди. Шунда Ёшуа билан Исроил оқсоқоллари қайғудан кийимларини йиртиб, бошларига тупроқ сочдилар. Эгамизнинг Сандиғи олдида ерга мук тушишди–да, кечгача шу ҳолда қолишди. Ёшуа шундай деди: “Эй Эгамиз Раббий! Нима учун бу халқни Иордан дарёсидан олиб ўтдинг? Наҳотки бизларни Амор халқининг қўлига бериб, йўқ қилиш учун шундай қилган бўлсанг?! Биз Иорданнинг нариги томонида қолаверсак бўлмасмиди?! Эй Раббий, яна нима ҳам дердим, мана, Исроил халқи душманларининг олдига тушиб қочди. Энди Канъон халқлари ва мана шу ерлар аҳолисининг ҳаммаси бу ҳақда эшитиб бизни қуршаб оладилар. Номимизни ер юзидан ўчириб юборадилар. Агар шундай бўлса, улуғворлигингни қандай қилиб кўрсатасан?” Эгамиз Ёшуага деди: “Ўрнингдан тур! Нима учун мук тушиб ётибсан? Исроил халқи гуноҳ қилди, улар билан қилган аҳдимни бузди. Улар Менга бағишланган нарсалардан ўғирлаб олишди. Бунинг устига, алдаб, ўғирланган нарсаларни ўзларининг нарсалари орасига яшириб қўйдилар. Шунинг учун Исроил халқи душманларига бас кела олмаяпти. Чунки уларнинг ўзи ҳам йўқ қилинадиган, Менга бағишланган нарсадай бўлиб қолган. Энди улар душманларига мағлуб бўлиб қочадилар. Менга бағишланган нарсаларни орангиздан йўқ қилмасангиз, Мен сизлар билан бирга бўлмайман. Энди Исроил халқини покла. Уларга шундай дегин: ўзингизни эртанги кун учун тайёрлаб, покланг. Исроил халқининг Худоси — Эгамиз шундай айтмоқда: «Эй Исроил, орангизда Менга бағишланган нарсалар бор. Орангиздаги шу нарсаларни олиб ташламагунингизча, душманларингизга бас кела олмайсиз.» Шунинг учун эрталаб барча қабилалар бирма–бир Эгамизнинг ҳузурига келишади. Эгамиз бир қабилани танлайди. Ана шу қабиланинг уруғлари ҳам бирма–бир келади. Эгамиз улар орасидан бир уруғни танлайди. Ўша уруғнинг оилалари бирма–бир келишади. Эгамиз бир оилани танлайди. Ўша оиланинг аъзолари бирма–бир келади. Лаънатланган нарсаларни олган одамни Эгамизнинг Ўзи кўрсатади. Ўша одам бор нарсаси билан оловда ёндирилади, чунки у Эгамиз билан қилинган аҳдни бузиб, Исроилда ақл бовар қилмайдиган иш қилди.” Шундай қилиб, эртаси куни тонгда, Ёшуанинг буйруғига кўра, Исроил қабилалари бирма–бир Эгамизнинг ҳузурига келишди. Эгамиз Яҳудо қабиласини танлади. Энди Яҳудо қабиласининг уруғлари бирма–бир келди, шунда Зерах уруғи танланди. Зерах уруғининг оилалари бирма–бир келганда, Зимри оиласи танланди. Зимри оила аъзолари бирма–бир келишди, Карми ўғли Охун танланди. У Яҳудо қабиласидан бўлиб, Зерах уруғидан бўлган Зимрининг невараси эди. Ёшуа Охунга шундай деди: “Ўғлим, ҳақиқатни айтаман, деб Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг номи билан қасам ич, гуноҳингни тан олгин. Нима қилганингни яширмай менга айтиб бер.” Охун Ёшуага шундай жавоб берди: “Ҳа, тўғри. Исроил халқининг Худоси — Эгамизга қарши гуноҳ қилган менман. Ўша куни ўлжа орасида Шинардан келтирилган чиройли тўнни, 500 мисқол кумуш ва оғирлиги 125 мисқол келадиган бир бўлак тиллани кўриб қолдим. Кўнглим тусаб, уларни олдим. Уларни чодиримнинг ичида ерга кўмиб қўйганман, кумуш энг тагида.” Ёшуа бир нечта одамни юборди. Улар чодирга югуриб бориб қарашса, у нарсалар ростдан ҳам ўша ерда яширилган экан. Уларнинг энг тагида кумуш бор эди. Улар нарсаларни чодирдан олиб, Ёшуа ва бутун Исроил халқига олиб келишди. Улар нарсаларни Эгамиз олдига ёйиб қўйишди. Кейин Ёшуа ва бутун Исроил халқи Зерах ўғли Охунни ўғирланган кумуш, тўн, тилла бўлаги ҳамда ўғил–қизлари, мол–қўйлари, эшаклари, чодирию бор нарсаси билан бирга Охор сойлигига олиб боришди. Ёшуа: “Бошимизга роса ҳам кулфат келтирдинг–ку. Мана энди бугун Эгамиз сенинг бошингга ҳам кулфат келтиради”, — деди. Бутун Исроил халқи Охунни ва унинг оиласини тошбўрон қилиб ўлдирди–да, уларнинг жасадларини оловда куйдирди. Кейин уларнинг устига катта бир тош уюмини тўплади, тошлар бугунгача ўша ердадир. Шунинг учун ушбу ер ўша пайтдан бери Охор сойлиги деб аталади. Шундан кейин Эгамиз ғазабидан тушди.
Выбор основного перевода