Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Шоҳ Зидқиё Еремиё пайғамбарнинг олдига Малкиё ўғли Пешхур ва Масиё ўғли руҳоний Зафаниёни юборди. Шунда Эгамиз Ўз сўзини Еремиёга аён қилди. Пешхур билан Зафаниё Еремиёга шундай дедилар: Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен уларнинг бошига уруш, очарчилик ва ўлат балосини келтираман. Уларни еб бўлмайдиган чирик анжирга ўхшатиб қўяман. Аммо Бобил сипоҳлари уларнинг орқасидан қувиб, Ерихо текислигида Зидқиёга етиб олдилар. Улар Зидқиёни қўлга олиб, Хомат юртидаги Ривло шаҳрига — Бобил шоҳи Навухадназарнинг ҳузурига олиб боришди. Шоҳ Навухадназар Зидқиёни ҳукм қилди, Қўриқчилар сардори Набизарадон шаҳарда қолган бутун халқни, Бобил шоҳи томонга ўтган қочоқларни Бобилга асир қилиб олиб кетди. Еремиё Эгаси Худо ўзига аён қилган бу сўзларнинг ҳаммасини бутун халққа айтиб бўлгач, Ҳўшайё ўғли Озариё, Кариёх ўғли Йўханон ва бошқа сурбетлар Еремиёга шундай дедилар: — Ёлғон гапиряпсан! Эгамиз Худо сенга, Мисрга бориб яшаманглар, деб айтмаган. Нериё ўғли Борух сени бизга қарши гижгижлаб юрибди. У бизни Бобилликларнинг қўлига тушириб, ҳалок қилмоқчи ёки сургун қилиб юбормоқчи. Шундай қилиб, Кариёх ўғли Йўханон, лашкарбошилар ва бутун халқ Эгамизнинг амрига итоат қилмадилар, улар Яҳудо юртида қолишдан бош тортдилар. Яҳудога турли юртлардан қайтиб келган ҳамма одамларни Йўханон ва лашкарбошилар ўзлари билан олиб кетдилар. Булардан ташқари, қўриқчилар сардори Набизарадон Охихам ўғли Гадалиё ёнида қолдириб кетган ҳамма эркагу аёлларни, бола–чақа, маликалар, Еремиё пайғамбар ва Нериё ўғли Борухни ҳам улар ўзлари билан олиб кетдилар. Улар Эгамизнинг амрига итоат қилмай, Мисрга жўнаб, Тахпанхас шаҳрига етиб бордилар. Тахпанхасда Еремиёга Эгамизнинг қуйидаги сўзи аён бўлди: “Яҳудийларнинг кўзи олдида катта тошларни ол. Бу тошларни Тахпанхас шаҳридаги фиръавн саройининг кираверишига, ҳовлидаги ғишт йўлаги остига кўмиб қўй. Сўнг яҳудийларга шундай деб айт: «Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: Мен Бобил шоҳи қулим Навухадназарни бу ерга олиб келаман. У мана шу кўмилган тошларнинг устига тахтини ўрнатиб, шоҳона чодирини тикади. У келганда Мисрни вайрон қилади, ҳар бир одам пешанасидагини кўради: Баъзилар ўлатга йўлиқиб, нобуд бўлади, Баъзилар асирликка тушиб, сургун қилинади, Баъзилар қиличдан ўтказилади. Менинг амрим билан Навухадназар Миср худоларининг саждагоҳларига ўт қўяди. Баъзи бутларини ёндиради, баъзиларини ўзи билан олиб кетади. Қўйчивон тўнини бит–бургадан астойдил тозалагандай, Навухадназар ҳам Миср юртини қиртишлаб тозалайди. Сўнг соғ–саломат ўз юртига қайтиб кетади. У Мисрдаги Қуёш саждагоҳига ўрнатилган бутсимон тошларни бузиб ташлайди. Миср худоларининг саждагоҳларини ёқиб юборади.»” Мисрнинг шимолидаги Мигдол, Тахпанхас ва Нуф шаҳарларида, шунингдек, Мисрнинг жанубида истиқомат қилаётган яҳудийлар тўғрисида Еремиёга Эгамиз шу сўзини аён қилди. Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам шундай демоқда: “Мен Қуддус ва Яҳудонинг ҳамма шаҳарларига келтирган барча фалокатларни сизлар ўз кўзингиз билан кўрдингизлар. Ўша шаҳарлар ҳозир хароб бўлиб, ҳувиллаб ётибди. Яҳудо одамлари қабиҳ ишлари билан Мени ғазаблантирдилар. Улар бегона худоларга сиғиниб, қурбонликлар куйдирдилар. Бу бегона худоларни на уларнинг ўзлари, на сизлар, на ота–боболарингиз биладилар. Мен Яҳудо халқи олдига пайғамбар қулларимни қайта–қайта жўнатдим. «Мен нафратланадиган жирканч ишларингизни қилманглар», деб халқимдан ўтинган эдим. Аммо Яҳудо халқи қулоқ солмади, гапларимга эътибор ҳам бермади. Қабиҳликларидан қайтмади, бегона худоларга қурбонликлар қилишда давом этди. Шунда аччиқ ғазабим Яҳудо шаҳарлари билан Қуддус кўчаларига ловуллаган олов бўлиб тушди. Ҳозир ўша жойлар ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди.” Энди Исроил халқининг Худоси, Парвардигори Олам — Эгамиз шундай демоқда: “Нега ўз бошингизга бундай фалокат келтирмоқчисизлар?! Яҳудо юртидан келган эркагу аёл, бола–чақанинг бошига етиб, ҳаммангиз битта қолмай қирилиб кетмоқчимисизлар?! Сизлар Мисрда ўрнашиб олиб, бегона худоларга қурбонликлар қиляпсизлар. Қилмишларингиз билан жаҳлимни чиқаряпсизлар. Эҳтиёт бўлинглар, яна бошингизга балою офат орттириб олманглар. Дунё халқларининг қарғишига қолиб, ҳаммага кулги бўлиб қолманглар. Яҳудо шаҳарларида ва Қуддус кўчаларида қилган қабиҳликларингизни унутдингизми?! Буларни ота–боболарингиз, Яҳудо шоҳларию маликалари, ўзларингиз ва хотинларингиз қилгансизлар–ку! Мана бугунгача сизлар Мендан заррача ҳам қўрқмадингизлар, афсус–надомат қилмадингизлар. Сизлар ота–боболарингизга берган қонун–қоидаларим бўйича яшамаяпсизлар.” Шунинг учун Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: “Мен бошингизга офату фалокат келтираман. Яҳудо халқини йўқ қилишга қатъий қарор қилдим. Мисрда яшашга қарор қилган яҳудийларнинг омон қолганларини ҳалок этаман. Ҳаммаси Мисрда ўлиб кетади. Каттаю кичиги қилич ва қаҳатчиликдан нобуд бўлади. Уларнинг аҳволини кўрганлар ваҳимага тушади. Уларни мазах қилиб, номини қарғишларда ишлатишади. Мисрда яшаган ўшаларни, Мен Қуддусни жазолагандай, уруш, қаҳатчилик ва ўлат ила жазолайман. Мисрда яшайман, деб келган яҳудийларнинг омон қолганларидан биронтаси қочиб қутула олмайди. Улардан ҳеч ким тирик қолмайди, Яҳудо юртига қайтиб боролмайди. Ўз юртига қайтиб боришни орзу қилган одамлардан фақатгина бир–икки қочоқ она юртига қайтиб боришга муваффақ бўлади, холос.” Хотинлари бошқа худоларга қурбонлик келтирганини билган эркаклар, ўша ерда турган аёллар — Мисрнинг шимолий ва жанубий ҳудудида яшаётган яҳудийларнинг кўпчилиги бир овоздан Еремиёга шундай дедилар: “Сен Эгамизнинг номидан бизга башорат қилиб айтган сўзларингга қулоқ солмаймиз. Биз само қироличасига қурбонликлар қиламиз, шароб назрини келтирамиз, деб онт ичганмиз, бу онтимиздан қайтмаймиз. Биз ўзларимиз, ота–боболаримиз, шоҳларимиз, аъёнларимиз Яҳудо шаҳарларида, Қуддус кўчаларида нима қилган бўлсак, шуни қилаверамиз. Нега десангиз, ўша замонларда биз истаганимизча нон ердик, турмушимиз фаровон эди, ғам чекмас эдик. Аммо само қироличасига қурбонликлар қилишни ва шароб назрини келтиришни тўхтатганимиздан бери етишмовчиликдан бошимиз чиқмайди. Қанча одамларимиз очарчиликдан ўлиб, урушда қирилиб кетди.” Хотинлар ҳам шундай деб айтдилар: “Биз само қироличасига қурбонликлар қилаверамиз, шароб назрларини келтираверамиз! Само қироличасига шароб назр қилишимизни, унинг шаклида нонлар ёпишимизни эрларимиз билади–ку!” Сўнг Еремиё бундай жавоб берган эркагу аёлларга ва бутун халойиққа деди: “Сизлар, ота–боболарингиз, шоҳларингиз, аъёнларингиз, бутун юрт халқи Яҳудода ва Қуддус кўчаларида бошқа худоларга назрлар келтирган эдингизлар. Бу назрларингизни Эгамиз унутган, дейсизми?! Ёки Унинг бундан хабари йўқ, деб ўйлайсизми?! Эгамиз ёвуз қилмишларингизга, жирканч ишларингизга ортиқ тоқат қила олмагани учун ҳозир юртингиз ҳувиллаб, ташландиқ бўлиб ётибди. Одамлар юртингизнинг номини қарғишларда ишлатишмоқда. Ахир, сизлар бегона худоларга қурбонликлар келтириб, Эгамизга қарши гуноҳ қилдингизлар. Эгамизга итоат этмадингизлар, Унинг қонун–қоидаларини ва шартларини бажармадингизлар. Шунинг учун бу кўргилик бошингизга келди. Шуларнинг оқибатида ҳозир бу аҳволга тушиб ўтирибсизлар.” Еремиё уларнинг ҳаммасига, айниқса, хотинларга қарата шундай деди: “Эй Миср юртидаги яҳудийлар, Эгамизнинг сўзини эшитинглар. Исроил халқининг Худоси — Сарвари Олам демоқда: «Сизлар хотинларингиз билан бирга: ‘Само қироличасига албатта қурбонликлар қиламиз, шароб назрларини келтирамиз’, деб онт ичибсизлар. Онтингизни ҳам бажарибсизлар. Жуда соз, айтганингизни қилаверинглар! Ичган онтингиздан асло қайтманглар! Лекин, эй Миср юртида яшаб юрган яҳудийлар, Эгангизнинг шу сўзини эшитиб қўйинглар: Мен Ўзимнинг буюк номим билан онт ичиб айтаманки, бундан буён Миср юртидаги биронта яҳудий Менинг номимни тилга олмайди, ‘Эгам Раббий шоҳид’, дея онт ичмайди. Мен уларнинг бошига яхшилик эмас, ёмонлик келтираман. Мисрдаги яҳудийларнинг ҳаммаси, битта ҳам қолмай қиличдан ва очарчиликдан нобуд бўлишади. Бир–иккитагина одам қирғиндан қочиб, Мисрдан Яҳудога қайтиб боради. Ўшанда Мисрга яшагани борган яҳудийларнинг ҳаммаси кимнинг сўзи ҳақ бўлиб чиққанини билишади. Менинг сўзим ҳақмикан ёки уларники?» Эгамиз шундай демоқда: «Мен сизларни мана шу ерда жазолайман. Айтганларимнинг ҳаммаси бажо бўлишига ишонч ҳосил қилишингиз учун сизларга шундай бир аломат бераман: Мен Яҳудо шоҳи Зидқиёни унинг ашаддий душмани бўлган Бобил шоҳи Навухадназарга таслим қилганимдай, Миср фиръавни Хофрани ҳам унинг жонига қасд қилаётган душманига таслим қилиб бераман.» Эгамизнинг каломи шудир.”
Выбор основного перевода