Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Шундай қилиб, Мусо қурбонгоҳга мой суртиб, уни муқаддас қилгандан кейин, Исроил йўлбошчилари қурбонгоҳнинг бағишланишига олиб келган назрларнинг жами қуйидагича бўлди: ўн иккита кумуш лаган, ўн иккита кумуш тоғорача, ўн иккита олтин пиёла. Йигирма тўртта ҳўкиз, олтмишта қўчқор, олтмишта така, олтмишта бир ёшли қўчқор қўзи тинчлик қурбонлиги қилинди. Мусо қурбонгоҳга мой суртиб, уни муқаддас қилгандан кейин, қурбонгоҳнинг бағишланишига ана шу назрлар тақдим қилинган эди. Назоратчилар лашкарга шундай деб айтсин: “Орангизда янги уй қуриб, ўша уйини ҳали Худога бағишлаб улгурмаган бирорта одам борми? Бор бўлса, уйига қайтсин. Агар у жангда ҳалок бўлса, бошқа одам унинг уйини бағишлайди. Сулаймон 22.000 буқани, 120.000 қўйни Эгамизга атаб тинчлик қурбонлиги қилди. Шу тариқа шоҳ ва бутун Исроил халқи Маъбадни Эгамизга бағишладилар. Улар етти кун қурбонгоҳнинг Худога бағишланишини нишонлашди, кейин яна етти кун Чайла байрамини қилишди. Чайла байрамидан кейин муқаддас йиғин қилишди. Исроил халқи — руҳонийлар, левилар ва сургундан қайтган бошқа одамлар шод–хуррамлик билан уйни Худога бағишладилар. Қуддуснинг янги девори Худога бағишланаётганда Яҳудо юртидаги ҳамма левилар чақирилди. Улар хурсандчилик пайтида шукрона қўшиқлар куйлаб, зил, арфа, чанг чалиб, маросимда иштирок этишлари керак эдилар. Довуд саноси. Эгамизнинг уйи бағишланган пайтда айтилган қўшиқ. Эй Эгам, Сени улуғлайман! Қабр оғзидан мени қутқардинг, Душманларим менинг устимдан кулишига йўл қўймадинг. Сендан мадад сўраб ёлвордим, эй Эгам Худо, Менга Сен бердинг шифо. Эй Эгам, ўликлар диёридан жонимни олиб чиқдинг, Қабрдан мени қутқариб қолдинг. Эй Эгамизнинг тақводорлари! Эгамизга ҳамду сано куйланглар, Унинг муқаддас номини олқишланг. Эгамизнинг ғазаби бир лаҳза давом этади, Лутфу карами бир умр тугамасдир. Шу боис қайғу–алам тун бўйи давом этса ҳам, Тонг билан бирга шодлик ҳам кириб келади. Ишларим юришганда, “Асло қоқилмасман!” дер эдим. Эй Эгам, лутфу караминг билан Мени тоғдай мустаҳкам қилгандинг. Аммо юзингни ўгирганингда, Мен даҳшатга тушдим. Эй Эгам, мен Сенга илтижо қилдим, Шафқат сўраб, эй Раббий, Сенга ёлвордим: Агар мен кириб кетсам қабрга, Менинг ўлимимдан не фойда Сенга?! Тупроқ Сенга ҳамду сано айтарми?! Сенинг содиқлигингни у сўйларми?! Эшит, эй Эгам, менга раҳм қилгин, Эй Эгам, менга мададкор бўлгин! Азамни Сен тўйга айлантирдинг, Аза либосини эгнимдан олиб ташладинг, Шодликни менга кийгиздинг. Қалбим сукут сақламай, Сени куйлаб сано ўқисин, Эй Эгам Худо, Сенга то абад шукур айтаман.
Выбор основного перевода