Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Еттинчи йили руҳоний Ёҳайидо қўрқмай ҳаракатга тушди. У қуйидаги юзбошилар билан аҳд қилди: Ерохам ўғли Озариё, Ёҳуханон ўғли Исмоил, Обид ўғли Озариё, Одаё ўғли Масиё ва Зихри ўғли Элишафат. Улар Яҳудо юртини кезиб чиқдилар, Яҳудонинг ҳамма шаҳарларидан левиларни ва Исроил уруғбошиларини йиғиб, Қуддусга олиб келдилар. Келганларнинг ҳаммаси Худонинг уйига йиғилиб, ўша ерда шоҳ билан аҳд қилдилар. Ёҳайидо уларга шундай деди: — Мана шоҳнинг ўғли! Эгамизнинг Довуд ўғиллари ҳақида берган ваъдасига мувофиқ, бу ўғил ҳукмронлик қилсин. Энди сизлар бундай қиласизлар: Шаббат куни хизмат қиладиган руҳоний ва левиларнинг учдан бир қисми дарвозаларни қўриқласин. Учдан бири — шоҳнинг уйида, учдан бири эса Асос дарвозасида бўлсин. Халқ оммаси Эгамиз уйининг ҳовлиларида турсин. Эгамизнинг уйига руҳонийлар билан хизматдаги левилардан бошқа ҳеч ким кирмасин. Фақат улар кира оладилар, чунки улар муқаддасдирлар. Қолган одамлар Эгамизнинг кўрсатмаларига риоя қилиб, ташқарида қолсинлар. Левилар қўлида қуроли билан шоҳни ҳар томондан ўраб олсинлар, Эгамизнинг уйига ким кирса ўлдирилсин. Шоҳ кирганда ҳам, чиққанда ҳам, унга ҳамроҳ бўлинглар. Левилар ва бутун Яҳудо халқи руҳоний Ёҳайидонинг амрларини сўзсиз бажардилар. Ҳар бир юзбоши Шаббат куни хизматини бошлаган ва хизматини тугатган қўриқчиларини олиб қолди, чунки ўша куни Ёҳайидо қўриқчиларининг бирорта бўлинмасига кетишга ижозат бермаган эди. Руҳоний Ёҳайидо Худонинг уйида турган шоҳ Довуднинг найзаларини ҳамда катта ва кичик қалқонларини юзбошиларга тарқатди. Шоҳни қўриқлаш учун уйнинг жануб томонидан шимол томонигача, қурбонгоҳнинг ва уйнинг атрофига одамларни жангга шай ҳолда жойлаштирди. Ёҳайидо Йўшни ташқарига олиб чиқиб, бошига тож кийдирди. Унга шоҳлик қонунларини берди. Йўш шоҳ деб эълон қилинди. Ёҳайидо ва унинг ўғиллари Йўшнинг бошига мой суртишди, сўнгра: “Шоҳимизнинг умрлари узоқ бўлсин!” дея ҳайқиришди. Оталиё югураётган ва шоҳни олқишлаётган халқнинг шовқин–суронини эшитгач, Эгамизнинг уйига, у ерда йиғилганларнинг ёнига борди. Қарасаки, одатга кўра, Эгамизнинг уйига кираверишдаги устун олдида шоҳ турибди, шоҳнинг атрофини лашкарбошилар, карнайчилар ўраб олган. Юртнинг бутун халқи шод–хуррам, карнай чаляпти, қўшиқчилар мусиқа асбоблари жўрлигида байрам ўтказяпти. Шунда Оталиё ғазабдан либосларини йиртиб: “Хоинлик! Хоинлик!” деб бақирди. Руҳоний Ёҳайидо юзбошиларни чақириб: “У хотинни бу ердан олиб чиқиб кетинглар, кимки унга эргашса, қиличдан ўтказинглар”, деб буйруқ берди. Руҳоний ўша аёлнинг Эгамиз уйида ўлдирилишини истамади. Оталиё ушланди ва саройнинг От дарвозасига келтирилиб, ўша ерда қатл қилинди. Руҳоний Ёҳайидо халқ, шоҳ ва Эгамиз орасида “Биз Эгамизнинг халқи бўламиз” деб аҳд тузди. Сўнг бутун халқ Баалнинг уйига бориб, уни бузиб ташлади, у ердаги қурбонгоҳларни ва Баалнинг тасвирларини синдирди, Баалнинг руҳонийси Маттонни эса қурбонгоҳларнинг рўпарасида ўлдирди. Ёҳайидо Довуд берган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда, Эгамиз уйининг назоратини леви руҳонийларига топширди. Уларга, Мусонинг қонунида ёзилганидай, Эгамизга куйдириладиган қурбонликлар келтиришни ва Довуд амр этгандай, шод–хуррамлик билан қўшиқ айтишни буюрди. Ҳеч ким Эгамизнинг уйига ҳаром бўлиб кирмасин деб, дарвозага соқчиларни жойлаштирди. Сўнгра юзбошиларни, аслзодаларни, халқ йўлбошчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар Юқори дарвозадан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар Оталиё ўлдирилгани учун юрт халқи севинди. Қуддус осойишта бўлиб қолди. Сўнгра юзбошиларни, Харёллик қўриқчиларни, сарой қўриқчиларини ва жамики халқни ёнига олиб, шоҳни Эгамизнинг уйидан олиб чиқди. Улар қўриқчилар дарвозасидан ўтиб, шоҳни саройга олиб келдилар ва тахтга ўтқаздилар.
Выбор основного перевода