Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Филист беклари юз ва минг кишилик гуруҳлардан иборат бўлган қўшин билан боришарди. Довуд ва унинг одамлари эса шоҳ Охиш билан бирга орқада келаётган эдилар. Филист лашкарбошилари: — Анави ибронийлар бу ерда нима қилиб юрибди? — деб сўраган эдилар, Охиш шундай жавоб берди: — Бу одам Исроил шоҳи Шоулнинг хизматкори Довуд бўлади. Неча ой–йиллардан бери ёнимда юрибди. Мен томонга ўтгандан буён ундан бирор ёмонлик кўрмадим. Лекин Филист лашкарбошилари Охишга: — Бу одамни орқасига қайтариб юборинг! — дейишди жаҳл билан. — Сиз унга ажратиб берган жойга бораверсин. Биз билан урушга боришига йўл қўйманг! Жанг вақтида бизга қарши чиқиши мумкин. У олдинги хўжайинига ўзини қандай қилиб яхши кўрсатишини биласизми? Одамларимизнинг бошини унга тутиб беришдан бошқа яхши йўл топа олармиди?! Ҳалиги: “Шоул мингларчасини ўлдирди, Довуд эса ўн мингларчасини”, деб куйлаб ўйнаб қўшиқ айтган эдилар–ку. Бу ўша Довуд–да. Охиш Довудни ёнига чақириб, деди: — Худо ҳақи, сен яхши одамсан. Ҳузуримга келганингдан бери бирон номаъқул иш қилганингни кўрмадим. Мен билан бирга урушга боришингни истардим–у, аммо бекларимиз урушга боришингни маъқул кўришмаяпти. Майли, бу сафар орқангга қайт, тинчгина кет, тағин Филист бекларининг кўзи олдида бирорта номаъқул иш қилиб қўймагин. — Ахир, мен нима қилдим?! — деди Довуд. — Ҳузурингизга келганимдан бери мендан бирор айб топмадингиз–ку! Энди шоҳ ҳазратларининг ғанимларига қарши урушга нима учун бормаслигим керак экан?! — Биламан, — деди Охиш, — сен менинг назаримда Худонинг фариштасидай поксан. Лекин Филист лашкарбошилари, биз билан урушга бормасин, дейишяпти.
Выбор основного перевода