Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Ҳизқиё ҳукмронлигининг ўн тўртинчи йилида Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудо юртига ҳужум қилди. Унинг ҳамма мустаҳкам шаҳарларини босиб олди. Кейин Оссурия шоҳи ўзининг бош қўмондони, бош вазири ва мулозими бошчилигида катта лашкарни Лахишдан Қуддусга, шоҳ Ҳизқиёнинг устига сафарбар қилди. Лашкар Қуддусга бораётиб, Юқори ҳовуз ариғи ёнида тўхтади. Бу ариқ кир ювувчининг даласига борадиган йўл ёнида эди. Улар шоҳ Ҳизқиёга хабарчи юборган эдилар, Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Осиф ўғли Йўх Қуддусдан чиқиб, Оссурияликларнинг ёнига бордилар. Шоҳ Ҳизқиёнинг саройида Элияқим бош вазир бўлиб, Шавна котиб, Йўх эса мушовир бўлиб хизмат қилар эдилар. Мулозим уларга шундай деди: “Улуғ Оссурия шоҳининг шу гапларини Ҳизқиёга етказинг: «Нимангга ишоняпсан ўзи? Ҳарбий маҳоратингдан ва куч–қудратингдан гапиряпсан, лекин булар қуруқ гаплар–ку. Кимингга ишониб менга итоат этмаяпсан? Ҳа, сен Мисрга ишоняпсан. Лекин Миср ёриқ қамишдан қилинган ҳассага ўхшайди–ку. Унга суянсанг, қўлингга санчилади. Миср фиръавнига ишонганларнинг ҳаммаси шу аҳволга тушади. Балки сизлар: ‘Биз Эгамиз Худога ишонамиз’, деб айтарсизлар менга. Ахир, Ҳизқиё ўша Эгангизнинг саждагоҳу қурбонгоҳларини бузиб ташлаб, Яҳудо халқига ва Қуддусликларга: ‘Фақатгина Қуддусдаги қурбонгоҳнинг олдида сажда қилинглар’, деб айтган экан–ку!» Келинглар, энди жаноби олийлари Оссурия шоҳи номидан сизлар билан бир гаров ўйнайлик. Биз сизларга икки мингта от берамиз, қани, уларни минишга одам топинглар–чи! Қани, кўрайлик–чи, шоҳимнинг қуллари орасидаги энг кичик бир лашкарбошисини мағлуб қила оласизми?! Ахир, ўзингиз Мисрнинг жанг араваларию отлиқларига умид боғлаб ўтирибсиз. Қолаверса, бизни Эгангизнинг хоҳишисиз бу юртни вайрон қилишга келган, деб ўйлайсизларми? Эгангизнинг Ўзи бизга: «Ўша жойга бориб, у ерни вайрон қилинглар», деб амр берган–ку!” Хилқиё ўғли Элияқим, Шавна ва Йўх Оссуриялик мулозимга: — Бу қулларингга орамийча гапиравер, орамийчани тушунамиз. Ибронийча гапирма. Тағин девор устидагилар бизнинг гапимизни эшитиб қолмасин, — дедилар. Мулозим эса шундай жавоб берди: — Шоҳим бу сўзларни фақат ҳукмдорингизга ва сизларга гапирсин деб, мени юборибдими?! Девор устида тўпланган одамларга ҳам гапиряпман–да. Улар ҳам, сизлар каби, тезакларини еб, сийдикларини ичишга гирифтор қилинган. Сўнгра у тик туриб, баланд овоз билан ибронийча гапирди: “Улуғ Оссурия шоҳининг гапларини эшитинг! Шоҳ ҳазратлари шундай айтмоқда: Ҳизқиё сизларни йўлдан урмасин. У барибир сизларни менинг қўлимдан қутқара олмайди. «Эгамиз бизни албатта қутқаради, бу шаҳар Оссурия шоҳи қўлига таслим бўлмайди», деб Ҳизқиё сизларни Эгангиздан умидвор қилмасин. Шоҳингиз Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Мана, Оссурия шоҳи айтмоқда: мен билан сулҳ тузиб, менинг олдимга чиқинглар. Шунда ҳар кимга ўз узумзорию анжир дарахти ҳосилидан ейишга, ўз сардобасидан сув ичишга ижозат берилади. Сўнгра мен сизларни ўз ўлкангизга ўхшаган бир юртга олиб бораман. У жой буғдой, шароб, нон, узумзорларга, зайтун мойи ва асалга бой юртдир. Ўлимни эмас, ҳаётни танланглар. «Эгамиз бизни қутқаради», деб сизларни алдамоқчи бўлган Ҳизқиёга қулоқ солманглар. Қайси халқнинг худоси ўз юртини мен, Оссурия шоҳининг қўлидан қутқарибди?! Хомат билан Арпад шаҳарларининг худолари қани?! Сефарвайимнинг, Хана ва Иввахнинг худолари–чи?! Бирорта худо Самарияни менинг қўлимдан қутқара олмади–ку! Жамики халқларнинг худоларидан қайси бири ўз юртини менинг қўлимдан қутқарибдики, Эгангиз Қуддусни қутқара олса?!” Аммо халқ жим тураверди. Биронтаси ҳам жавоб бермади. Чунки шоҳ Ҳизқиё: “Унинг гапига жавоб қайтарманглар”, деб фармон берган эди. Шундан кейин бош вазир Элияқим, котиб Шавна ва мушовир Йўх қайғудан либосларини йиртиб, Ҳизқиёнинг олдига келдилар–да, Оссуриялик мулозимнинг гапларини Ҳизқиёга айтиб бердилар. Шоҳ Ҳизқиё садоқат билан бажарган бу ишларидан кейин, Оссурия шоҳи Санхарив Яҳудога бостириб келди. У мустаҳкам шаҳарларни эгаллаб олиш мақсадида уларни қамал қилди. Омиз ўғли Ишаёнинг Яҳудо ҳамда Қуддусга оид башорати. Бу даврларда Яҳудода Уззиё, Йўтом, Охоз ва Ҳизқиё каби шоҳлар ҳукмронлик қиларди.
Выбор основного перевода