Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Сулаймон Тир шоҳи Хирамга шу хабарни етказди: “Бир вақтлар сиз отам Довудга саройини қуриш учун садр ёғочларини жўнатганингиз каби, менга ҳам садр ёғочларини жўнатинг. Мен Эгам Худога атаб бир уй қурмоқчиман. У ерда хушбўй тутатқилар тутатилади, доимий равишда муқаддас нонлар назр қилиниб, хонтахта устига терилади. Эрталаб ва кечқурунлари қурбонликлар куйдирилади, шунингдек, Шаббат кунларида, янги ой шодиёналарида ва Эгамиз Худо белгилаган байрамларда куйдириладиган қурбонликлар келтирилади. Исроил халқи буларга доимо, авлодлар оша риоя қилади. Мен қурмоқчи бўлган уй ҳашаматли бўлади, чунки Худойимиз бошқа худолардан буюкдир. Лекин ким Унга бир уй қура олар?! У осмонга, ҳатто фалак тоқига ҳам сиғмайди–ку! Мен ким бўлибманки, Унга уй қура олсам?! Фақат Унга қурбонликлар келтириш учун бир жой тайёрлай оламан, холос. Шундай экан, менга моҳир бир устани юборинг. У ўймакорликдан ташқари, олтин, кумуш, бронза ва темирга ишлов бера оладиган, сафсар, қизил ва кўк матолар тўқий оладиган бўлсин. У Яҳудо ва Қуддусда, отам Довуд саралаган моҳир усталарим билан бирга ишлайди. Менга Лубнондан садр, сарв ва сандал ёғочларини жўнатинг. Сизнинг хизматкорларингиз Лубнон дарахтларини кесишга уста эканини биламан. Менинг одамларим сизнинг одамларингиз билан бирга ишлайдилар. Улар мен учун катта миқдорда ёғоч тайёрлаб беришсин. Мен қурмоқчи бўлган уй улкан ва ҳашаматли бўлиши керак. Мен ёғоч кесадиган хизматкорларингизга иш ҳақи қилиб 200.000 тоғора янчилган буғдой, 200.000 тоғора арпа, 40.000 кўза шароб ва 40.000 кўза зайтун мойи юбораман.” Шундан кейин Тир шоҳи Хирам мактуб орқали Сулаймонга шундай жавоб берди: “Эгамиз Ўз халқини севгани учун улар устидан сизни шоҳ қилди.” Хирам яна шу гапларни айтди: “Еру кўкни яратган Исроил халқининг Худоси — Эгамизга ҳамду санолар бўлсин. У шоҳ Довудга доно, ақлли, фаҳм–фаросатли ўғил ато қилибди. Шу ўғил Эгамизга атаб Маъбадни ва ўзи учун саройни бунёд қилади. Сизга Хуром исмли ақлли, моҳир бир устани юборяпман. Унинг онаси — Дан қабиласидан, отаси эса — Тирлик. Унинг ўзи олтин, кумуш, бронза, темир, тош ва ёғочга ишлов берадиган моҳир устадир. У сафсар, кўк, қизил матоларни ва майин зиғир матосини ҳам тўқишни билади, шунингдек, турли ўймакорлик ишларини бажара олади, ҳар қандай нақшни сола олади. Хуром сизнинг усталарингиз ва отангиз бўлмиш хўжайиним Довуд етиштирган усталар билан бирга ишлайди. Жаноби олийлари! Ўзингиз айтган буғдой, арпа, зайтун мойи, шаробни қулларингизга юборинг. Сизга керак бўладиган ҳар қандай дарахтни биз Лубнондан кесиб берамиз, ёғочлардан сол қилиб, денгиз соҳили бўйлаб Яффага қадар келтириб берамиз. Сиз ўша ердан ёғочларни Қуддусга олиб кетаверасиз.”
Выбор основного перевода