Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Ҳар йили Сулаймонга келиб турадиган олтиннинг оғирлиги 1425 пуд эди. Одамлар ва савдогарларнинг олди–сотдисидан олинадиган солиқ бунга кирмасди. Араб шоҳлари ва Исроил ҳокимлари ҳам Сулаймонга олтин, кумуш олиб келишарди. Шоҳ Сулаймон олтиндан икки юзта катта қалқон ясаттирди. Ҳар бир қалқонни ясашга ярим пуд олтин сарф бўлди. Яна олтиндан уч юзта кичик қалқон ҳам ясаттирди. Ҳар бир қалқон учун 400 мисқол олтин сарфланди. Шоҳ бу қалқонларни “Лубнон ўрмони” деган уйига қўйди. У яна фил суягидан катта тахт ясатиб, уни тоза олтин билан қоплатди. Тахтнинг олтита поғонаси ва ўриндиққа уланган олтин оёқ курсиси бор эди. Ўриндиқнинг икки томонида тирсаги бор эди. Тирсакларнинг ёнида иккита шер тасвири турарди. Ҳар бир поғонанинг икки чеккасида ҳам биттадан шер тасвири бўлиб, тахтнинг олти поғонасида жами ўн иккита шер тасвири бор эди. Бундай тахт бошқа бирорта шоҳликда бўлмаган эди. Шоҳ Сулаймоннинг ичимлик ичадиган ҳамма идишлари олтиндан, “Лубнон ўрмони” деган уйидаги ҳамма идишлар ҳам тоза олтиндан эди. Сулаймон даврида кумуш арзимас нарса бўлиб қолган эди. Денгизда, Хирамнинг кемалари қаторида, Сулаймоннинг ҳам савдо кемалари бўлиб, бу кемалар ҳар уч йилда олтин, кумуш, фил суяги, турли–туман маймунлар олиб қайтарди. Шундай қилиб, Сулаймон бойликда ҳам, доноликда ҳам ер юзидаги ҳамма шоҳлардан ўтиб кетди. Сулаймонга Худо берган доноликни эшитмоқ учун ер юзидаги ҳамма шоҳлар унинг олдига келгани ошиқарди. Келганларнинг ҳар бири кумуш ва олтин идишлар, кийим, қурол–аслаҳа, хушбўй зираворлар, от ва хачирлар ҳадя қилиб олиб келар эди. Бундай ҳол йиллаб давом этарди. Сулаймоннинг отлари ва жанг аравалари учун 4000 та отхонаси, булардан ташқари, 12.000 та учқур оти ҳам бор эди. Сулаймон отларнинг бир қисмини аравалар сақланадиган шаҳарларга, иккинчи қисмини ўз ёнига — Қуддусга жойлаштирган эди. У Фурот дарёсидан то Филистлар ерига қадар ва Миср чегараларига қадар бўлган ҳамма шоҳлар устидан ҳукмронлик қиларди. Унинг ҳукмронлиги даврида Қуддусда кумуш кўчадаги тошдай кўп эди. Садр ёғочлари ҳам худди Яҳудо қир этакларида ўсадиган оддий шикамора–анжир дарахтидай сероб эди. Шоҳнинг савдогарлари Сулаймон учун Мисрдан ва бошқа барча юртлардан отлар олиб келишарди.
Выбор основного перевода