Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Исроил халқига Эгамиз яна ғазабини сочди. Эгамиз халққа зарар етказмоқчи бўлиб, аҳолини рўйхат қилишга Довудни мажбур этди: “Қани, Исроил ва Яҳудо халқини санаб чиқ”, деди. Шоҳ ёнида турган лашкарбошиси Йўабга шундай буйруқ берди: — Исроилнинг ҳамма қабилаларини — Дандан Бершебагача бўлган жойларни кезиб, халқни санаб чиқинглар, токи қанча аҳоли борлигини мен билайин. Лекин Йўаб шундай деди: — Эгангиз Худо халқнинг ҳозирги сонини юз карра кўпайтирсин, шоҳ ҳазратлари ҳам ўша кунларни кўрсин! Шоҳим нимага буни истаб қолдилар? Лекин Йўаб ва лашкарбошиларнинг сўзидан шоҳнинг сўзи устун келди. Шундан сўнг улар шоҳнинг ҳузуридан чиқиб, Исроил халқини санаш учун кетишди. Улар Иордан дарёсини кечиб ўтишди ва Арор шаҳри ёнида чодир қуриб, ўша ерда истиқомат қиладиган Исроил халқини санашди. Арор шаҳри сойликдан жанубда жойлашган эди. Кейин улар Гад қабиласининг ҳудудига бориб, Язир шаҳрининг аҳолисини санашди. Сўнг Гилад ерларини босиб ўтиб, Тахтим–Ходши ерларига боришди. Сўнгра Данёнга, Данёндан эса Сидон атрофларига айланиб бориб, бу ернинг халқини санашди. Яна Тир қалъасидаги, Хив ва Канъон халқларининг ҳамма шаҳарларидаги Исроил халқини санаб чиқишди. Ниҳоят, жанубга — Яҳудонинг Нагав чўлидаги Бершеба шаҳрига келишди. Улар тўққиз ой ва йигирма кун юртни у бошидан бу бошигача айланиб чиққанларидан кейин Қуддусга қайтиб келишди. Йўаб рўйхат натижасини шоҳга маълум қилди: Исроилда жанг қилишга қодир 800.000 одам, Яҳудода эса 500.000 одам бор экан. Халқни санаб чиққандан сўнг Довуднинг виждони қийналди. — Бу ишни қилиб оғир гуноҳга ботдим, ақлсизларча иш тутдим. Ўтинаман, эй Эгам, бу қулингнинг гуноҳини кечир, — деб илтижо қилди. Эртасига эрталаб Довуд уйқудан тургач, Довуднинг хизматида бўлган валий — Гад пайғамбарга Эгамизнинг шу сўзлари аён бўлди: “Бориб Довудга шу гапларни етказ: «Эгам шундай деб айтмоқда: Мен сенга учта жазони таклиф қиламан, шулардан биттасини танла, кейин сенга ўша жазони юбораман.»” Гад Довуднинг ҳузурига бориб, учта жазони бирма–бир баён қилди: — Юртингда уч йил очарчилик бўлсинми? Ёки сени таъқиб қиладиган ғанимларингдан уч ой қочиб юришни истайсанми? Ё бўлмаса, юртингда уч кун ўлат бўлсинми? Энди яхшилаб ўйла, мени Юборганга нима деб жавоб берайин? — Мен жуда оғир аҳволда қолдим–ку, — деди Довуд Гадга. — Нима бўлса ҳам, одамзоднинг қўлига тушмайин. Майли, Эгамнинг Ўзи бизни жазоласин, чунки У ғоят раҳмдил. Шундай қилиб, Эгамиз ўша куни эрталабдан белгиланган вақтгача Исроил юртига ўлат юборди. Бутун юрт бўйлаб — Дандан Бершебагача бўлган жойда 70.000 киши ўлди. Эгамизнинг фариштаси, Қуддусни йўқ қиламан деб, қўл кўтарганда, Эгамиз раҳм қилиб, бало–қазо жўнатмайдиган бўлди. Халқни қираётган фариштага: — Бўлди, бас! Етади! — деб амр берди. Эгамизнинг фариштаси ўша пайтда Қуддусда — Ёбус халқидан бўлган Аравно деган одамнинг хирмонида эди. Довуд халқни ўлдираётган фариштани кўргач, Эгамизга деди: — Гуноҳ қилган менман, мен айбдорман! Қўйдай беозор бу инсонлар нима айб қилибди? Ғазабингни менга ва отам хонадонига соча қол! Ўша куни Гад Довуднинг ҳузурига борди ва унга: — Ёбус халқидан бўлган Аравнонинг хирмонига бориб, ўша ерда Эгамга атаб бир қурбонгоҳ қургин, — деди. Довуд Гаднинг сўзига кириб, худди Эгамиз амр этганидай, хирмонга борди. Аравно шоҳ билан аъёнларнинг ўзига томон келаётганини кўрди ва Довуднинг олдига бориб, ерга мук тушиб таъзим қилди. — Шоҳ ҳазратлари нечун бу қулининг олдига ташриф буюрдилар? — деб сўради. — Эгамга атаб бир қурбонгоҳ қуриш учун хирмонингни сендан сотиб олгани келдим, токи ўлат халқдан даф бўлсин, — деди Довуд. — Шоҳ ҳазратлари нимани маъқул топсалар, Эгамизга ўшани назр қилсинлар, — деди Аравно. — Ана, куйдириладиган қурбонликлар учун ҳўкизлар, ўтин учун эса хўптир ва ҳўкизларнинг бўйинтуруқлари бор. Эй шоҳим, буларнинг ҳаммасини сизга инъом этаман. Кейин қўшиб қўйди: — Эгангиз Худо сиздан рози бўлсин! — Бўлмайди! — деди шоҳ. — Сендан бу нарсаларни ўз баҳосида сотиб оламан. Текин тушган қурбонликларни Эгам Худога куйдириб назр қилмайман. Шундан сўнг Довуд хирмонни ва ҳўкизларни эллик кумуш тангага сотиб олди. Довуд ўша ерда Эгамизга атаб қурбонгоҳ қуриб, куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини атади. Эгамиз эса Исроил юрти учун Довуднинг илтижоларига жавоб берди. Шундай қилиб, Исроилдан ўлат даф қилинди. Довуд Исроил халқини санаб чиққанда, йигирма ёшдан пастини рўйхатга киритмаган эди, чунки Эгамиз: “Исроил халқини осмондаги юлдузлар каби кўпайтираман”, деб ваъда берган эди. Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Уларнинг орасида шайтон ҳам бор эди. Шайтондан Эгамиз: — Қаердан келяпсан? — деб сўради. Шайтон: — Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди. Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган. Шайтон шундай жавоб берди: — Аюб бекордан–бекорга Сендан қўрқармиди?! Унинг хонадонини, ўзини, бор нарсасини ҳимоя қиласан–ку! Ҳар бир қилган ишига барака берасан. Қара, унинг мол–қўйлари бутун юрт бўйлаб ёйилиб кетган. Ҳозир ундан бор нарсасини олиб қўйгин–чи! У юзингга қараб Сени лаънатлайди. Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Майли, Аюбнинг бор–буди сенга, фақатгина унинг ўзига қарши қўл кўтарма! Шундай қилиб, шайтон Эгамизнинг ҳузуридан кетди. Бир куни илоҳий зотлар Эгамизнинг олдига келишди. Шайтон ҳам Эгамизнинг ҳузурига келди. Шайтондан Эгамиз: — Қаердан келяпсан? — деб сўради. Шайтон: — Ер юзининг у ёғидан бу ёғига юриб, айланиб чиқдим, — деб жавоб берди. Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Қулим Аюбни кўрдингми? Ер юзида унга ўхшаган ҳеч ким йўқ. У айбсиз ва солиҳ одам. Мендан қўрқади, фосиқликдан юз ўгирган. Сен эса бекорга Мени унга зарар кўрсатишга ундадинг. Қара, у ҳали ҳам солиҳлигида маҳкам турибди. Шайтон шундай жавоб берди: — Жонига азоб бериб кўр–чи, нима қилар экан?! Кўрасан, инсон ўз жонини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсадан воз кечади. Ҳозир унинг танасини дардга йўлиқтиргин, у юзингга қараб Сени лаънатлайди. Шайтонга Эгамиз шундай деди: — Майли, Аюбни қўлингга топширдим. Уни фақат тирик қолдиргин. Шайтон Эгамизнинг ҳузуридан чиқиб, Аюбни бошидан оёғигача жирканчли яралар билан қоплаб ташлади. Кейин фаришта менга Эгамизнинг фариштаси олдида олий руҳоний Ёшуа турганини кўрсатди. Ёшуанинг ўнг томонида эса шайтон уни айблаб турган эди. Эгамиз шайтонга шундай деди: — Эй шайтон! Гапларингнинг ҳаммаси ёлғон! Мен Қуддусни танлаган Эгангман. Мен сенга айтаман, гапларинг ёлғон! Ахир, бу киши алангадан қутқарилган бир ўтин парчасидай эмасми?! Исо деди: — Шимўн, Шимўн! Мана, буғдойни ғалвирдан ўтказишгандай, шайтон сизларни синовдан ўтказишга изн талаб қилди. Улкан аждарҳо ерга улоқтирилди. Бутун дунёни алдаган бу алмисоқ илон иблис ва шайтон деб аталган. У ўз фаришталари билан ерга улоқтирилди.
Выбор основного перевода