Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Шундан кейин Довуд Эгамиздан: — Яҳудо шаҳарларидан бирортасига борайми? — деб сўради. — Бор! — деди Эгамиз. — Қайси шаҳарга борай? — деб сўради Довуд. — Хевронга бор! — деб жавоб берди Эгамиз. Довуд иккала хотини — Йизриллик Охинавам ва Кармиллик Наволнинг беваси Обигайл билан ўша ёққа жўнади. Одамларини ҳам оилалари билан бирга олиб кетди. Ҳаммалари Хеврон атрофидаги шаҳарларга жойлашдилар. Яҳудо халқи Хевронга бориб, Довуднинг бошига мой суртиб, уни Яҳудо устидан шоҳ қилиб тайинлашди. Шунда улар Довудга: “Гиладдаги Ёбош шаҳри аҳолиси Шоулни дафн қилибди”, деб хабар етказишди. Довуд хабарчилар орқали Ёбош аҳолисига шундай хабар жўнатди: “Шоул шоҳ жанобларига садоқатингизни кўрсатиб, уни дафн қилибсизлар. Бунинг учун сизларни Худо ёрлақасин. Эгам сизлардан марҳаматини ва садоқатини дариғ тутмасин. Қилган хайрли ишингизга яраша сизларга яхшилик қилай. Энди дадил, мард бўлинглар. Шоҳ жаноблари Шоул оламдан ўтдилар. Яҳудо халқи эса менга мой суртиб ўзларига шоҳ қилди.” Нар деган одамнинг ўғли Абнур Шоулнинг лашкарбошиси бўлган эди. Абнур Шоулнинг ўғли Ишбоситни Моханайим шаҳрига олиб келди. Уни Гилад, Ошер, Йизрил, Эфрайим, Бенямин ҳудудларига — бутун Исроилга шоҳ қилди. Ишбосит қирқ ёшида шоҳ бўлиб, у Исроилда икки йил шоҳлик қилди. Лекин Яҳудо халқи Довудга эргашди. Довуд Хевронда Яҳудо халқига етти йилу олти ой шоҳлик қилди. Нар ўғли Абнур Ишбоситнинг одамларини бошлаб Моханайимдан чиқди ва Гивон шаҳрига қараб юрди. Довуднинг одамларига Зеруя ўғли Йўаб бош бўлиб у ерга борганда, Гивон ҳовузи ёнида Ишбоситнинг одамларига дуч келиб қолди. Томонларнинг бири ҳовузнинг бир тарафида, иккинчиси бошқа тарафида тўхтади. Абнур Йўабга: — Қани, ҳар иккала томондан йигитлар рўпарамизда олишсинлар, — деди. — Майли, олишаверсинлар, — деди Йўаб. Ишбоситнинг Бенямин қабиласидан ўн иккитаси, Довуднинг одамларидан ҳам ўн иккитаси чиқди. Улар бир қўли билан бир–бирларининг бошларини ушлашди, иккинчи қўли билан қиличларини бир–бирларининг биқинларига санчишди. Ҳаммалари бирга ерга йиқилиб жон беришди. Шу сабабдан Гивондаги ўша жойга “Тиғлар майдони” деб ном берилган. Ўша кунги жанг жуда қаттиқ бўлди. Барибир, Абнур бошчилигидаги Исроил одамлари Довуднинг одамларидан енгилди. Зеруянинг уч ўғли — Йўаб, Абушай ва Осойил ҳам ўша куни у ерда эдилар. Осойил, худди кийикка ўхшаб, жуда чопағон эди. У ўнгга ҳам, чапга ҳам бурилмай, тўппа–тўғри Абнурнинг изидан қувиб кетди. Абнур орқасига қараб: — Осойил, бу сенмисан? — деб сўради. — Ҳа, менман, — деди Осойил. — Ё ўнгга ёки чапга кет, йигитлардан бирортасига ҳамла қилиб, қурол–яроғини ол, — деди Абнур. Аммо Осойил Абнурнинг ортидан қолмади. Абнур Осойилни яна огоҳлантирди: — Мени қувлама, тағин абжағингни чиқариб юбормай! Акс ҳолда, аканг Йўабнинг юзига қандай қарайман?! Барибир Осойил унинг ортидан қолмади. Абнур найзасининг орқа учи билан Осойилнинг қорнига бир урган эди, найза Осойилнинг орқасидан тешиб чиқди. Осойил ерга йиқилди–ю, жон берди. Ҳамма Осойил йиқилиб ўлган жойга етиб борди–ю, тўхтаб қолди. Йўаб билан Абушай эса Абнурнинг изидан қолмади. Кун ботганда, улар Омоҳ тепалигига етиб боришди. Омоҳ Гивон чўлига борадиган йўлнинг шарқ томонидаги Гиёҳ деган жой яқинида эди. Бенямин қабиласидан одамлар йиғилиб келиб, Абнурнинг атрофига бирлашди ва бир тепаликнинг устида тўхташди. Сўнгра Абнур Йўабни чақириб, деди: — Қачонгача бир–биримизни қирамиз?! Бунинг оқибати ёмон бўлишини биласан–ку! Одамларингга: “Бўлди, энди биродарларингизни таъқиб қилманглар”, деб қачон буйруқ берасан? Йўаб эса шундай жавоб берди: — Худо ҳақи, яхшиямки ўзинг айтдинг. Бўлмаса, одамларим эртага эрталабгача биродарларини таъқиб қилишни тўхтатмасдилар. Йўаб бурғу чалдирди, ҳамма тўхтади. Шундан сўнг улар Исроил лашкарини таъқиб қилмадилар, улар билан жанг қилмадилар. Абнур эса тун бўйи одамлари билан Иордан водийси бўйлаб юриб, Иордан дарёсини кечиб ўтди, улар жарликни ёқалаб, Моханайимга етиб келишди.
Выбор основного перевода