Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Аммо мен биламан, Менинг Халоскорим ҳаётдир, Вақти келиб, У мени ҳимоя қилади. Биродарларим, мен ўзим сизларга етказган Хушхабарнинг моҳиятини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Сизлар бу Хушхабарни қабул қилдингиз, у имонингизнинг асосидир. Ўша Хушхабар орқали нажот топасиз, аммо сизлар мен айтган ўша Хушхабар орқали етишган имонингизда маҳкам туришингиз керак, акс ҳолда, имонингиз бекор бўлади. Менга берилган энг муҳим таълимотни сизларга етказдим. Бу таълимот қуйидагичадир: Муқаддас битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлган. Кейин У дафн қилинди, учинчи куни эса тирилди. Буларнинг ҳаммаси Муқаддас битикларга мувофиқ содир бўлди. Аввал У Бутрусга, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди. Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарларга кўринди. Уларнинг аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар. Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган барча ҳаворийларга кўринди. Мен ривожланмай қолган бир ҳомиладай бўлсам–да, ниҳоят менга ҳам кўринди. Ахир, мен ҳаворийларнинг энг арзимасиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман, чунки мен Худонинг жамоатини қувғин қилардим. Аммо Худонинг инояти туфайли энди ҳаворийман. Унинг менга кўрсатган инояти зое кетмади, зеро, мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан ҳам кўпроқ меҳнат қилдим. Лекин аслида меҳнат қилган мен эмас, балки Худонинг иноятидир. Сизлар Хушхабарни мендан эшитдингизми ёки бошқаларданми, фарқи йўқ, чунки биз бир Хушхабарни ваъз қиламиз, сизлар эса ўша Хушхабарга ишонгансиз. Масиҳ ўликдан тирилган, деб ваъз қилинаётган экан, қандай қилиб баъзиларингиз, ўликдан тирилиш деган нарса йўқ, деб айтяпсизлар?! Ахир, ўликдан тирилиш бўлмаса, Масиҳ ҳам тирилмаган экан–да! Масиҳ тирилмаган бўлса, Хушхабарни ваъз қилишимиз бекор, сизларнинг имонингиз ҳам бекор. Агар ростдан ҳам ўликлар тирилмаса ва Масиҳни Худо тирилтирмаган бўлса, бундай ҳолда, биз Худо ҳақида ёлғон шоҳидлик берган бўламиз, чунки биз: “Худо Масиҳни тирилтирди”, деб шаҳодат бериб юрибмиз. Ўликлар тирилмас экан, Масиҳ ҳам тирилмаган бўлади. Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз беҳуда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботганингизча юрибсизлар. Шундай бўлса, Масиҳга ишонган ҳолда ҳаётдан кўз юмганлар бутунлай ҳалок бўлиб кетибдилар–да! Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, энг бахтсиз инсонлар эканмиз. Ваҳоланки, Масиҳ ҳақиқатан ҳам тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, шу тариқа ўликдан тириладиганларнинг орасида ҳосилнинг илк самарасидай бўлди. Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир Инсон орқали содир бўлади. Ахир, бу дунёга ўлим Одам Ато туфайли кириб келди, энди Исо Масиҳ орқали ҳамма тирилади. Ҳамма нарса ўз навбати билан содир бўлади: мана, Масиҳ биринчи бўлиб тирилди, Масиҳ келганда эса Унга тегишли бўлганлар тирилади. Шундан сўнг Масиҳ ҳар қандай ҳокимиятни, ҳукмронлик ва қудратни барбод қилиб, салтанатни самовий Ота — Худога топширганда охират бўлади. Масиҳнинг ҳамма душманлари Унинг оёқлари остига пойандоз қилинмагунча, У ҳукмронлик қилиши керак. Шунда охирги душман — ўлим ҳам барҳам топади. Ахир, Муқаддас битикларга кўра, Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилиб, Унинг оёқлари остига ташлаган. Гарчи шундай бўлса–да, борлиқни Унга тобе қилган Худо бундан истиснодир. Худо ҳамма нарсани Масиҳга тобе қилгандан кейин, Ўғил ҳам Худога тобе бўлади, токи Худо борлиқ устидан бутунлай ҳукмрон бўлсин. Баъзиларингиз ўлганлар учун сувга чўмдирилаётган экансиз. Ўликлар тирилмас экан, уларнинг ўрнига чўмдирилишнинг қандай фойдаси бор? Хўш, нима учун бизлар ҳар дақиқа ўз ҳаётимизни хавф–хатар остига қўйяпмиз? Ҳар куни ўлимга рўбарў бўлаётганим рост! Биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ сизларнинг ҳаётингизда қилаётган ишларидан фахрланаётганим чин бўлганидай, айтаётган гапларимда ҳам бирор ёлғон йўқ. Агар фақатгина бу дунёга умид боғлаган бўлсам, нима учун Эфес шаҳрида ҳаётимни хавф остига қўйдим?! Агар ўликлар тирилмас экан, унда “келинглар, еб–ичиб қолайлик, эрта–индин ўлиб кетамиз–ку” дейиш ўринли бўлмайдими?! Лекин адашманглар, ахир, “ёмон улфатлар яхши ахлоқни бузади”, дейишади–ку! Кўзларингизни очиб, ўзингизга келинглар! Бас энди, гуноҳ қилаверманглар. Кўриниб турибдики, баъзиларингиз Худони билмайсизлар. Сизларни уялтирай деб, буларни айтяпман. Эҳтимол, бирор киши: “Ўликлар қандай қилиб тириларкан? Уларнинг таналари қанақа бўларкан?” деб сўрар. Қандай аҳмоқона савол–а бу! Ахир, экилган уруғ ўлмаса, ўсимлик ўсиб чиқмайди–ку! Буғдой бўладими ёки бошқа бирор нарсами, экин экканингда, ўсиб чиқадиган ўсимликни эмас, унинг уруғини экасан–ку! Худо уруққа Ўзи истаган бир жисмни бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида бир жисмни ҳосил қилади. Кўриб турибмизки, жонзотларнинг ҳам таналари ҳар хил, инсонларники бошқача, ҳайвонларники бошқача, қушларники бошқача, балиқларники бошқача. Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа. Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Ахир, юлдузлар ҳам ўз кўркига яраша бир–биридан фарқ қилади. Ўликларнинг тирилиш жараёни ҳам қуйидагига ўхшайди: экилган уруғдан ўсимлик ўсиб чиққандай, ўладиган танамиз ўлмайдиган бўлиб тирилади. Ҳозирги ожиз ва хор бўлган танамиз, қудрату улуғворликка тўла равишда тирилади. Ҳозирги танамиз моддий бир жисм бўлса, тириладиган танамиз руҳий бир тана бўлади. Ахир, моддий тана бор экан, руҳий тана ҳам бор–да! Муқаддас битикларда ёзилгани бўйича: “Биринчи одам — Одам Ато тирик жон бўлди.” Охирги Одам Ато, яъни Исо Масиҳ эса ҳаётбахш руҳ бўлди. Мана шундан кўриниб турибдики, руҳий тана эмас, моддий тана биринчи келган. Моддий тана ўтиб кетгандан кейингина, руҳий тана келади. Биринчи одамнинг танаси моддий жисмдир, у тупроқдан яратилган, иккинчи Одам, яъни Масиҳ эса самовийдир. Тупроқдан яратилган илк одам қандай бўлса, қолган ҳамма одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам, яъни Масиҳ қандай бўлса, самодагилар ҳам худди Унга ўхшайдилар. Биз тупроқдан яратилган одамга ўхшар эканмиз, бир кун келиб, самовий Одамга ҳам ўхшаган бўламиз. Эй биродарлар! Сизларга қуйидагиларни айтмоқчиман: қон ва этдан иборат бўлган таналаримиз Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўла олмайди. Бу фоний тана мангу ҳаётга эга бўла олмайди. Мен сизларга бир сирни билдирмоқчиман: биз ҳаммамиз ҳам ўлмаймиз, аммо ҳаммамиз ўзгарамиз. Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгарамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз ҳам ўзгарамиз. Зотан, Раббимиз Исо Масиҳ буюк бир садо, бош фариштанинг овози ва Худонинг карнайи садоси остида самодан тушиб келганда, биринчи бўлиб Унга ишонган ҳолда ўлганлар тирилади.
Выбор основного перевода