Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Эгамиз Мусо ва Ҳорун орқали Исроил халқига шундай деди: “Ер юзидаги жамики ҳайвонлардан айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин. Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан қуйидагиларни тановул қилманг: туя кавш қайтаради–ю, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир. Суғур кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир. Қуён кавш қайтаради, лекин айри туёқ эмас. У сизлар учун ҳаромдир. Чўчқа айри туёқ бўлгани билан кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир. Бу ҳайвонларнинг гўштини еманг, уларнинг мурдасига қўл теккизманг. Улар сизлар учун ҳаромдир. Денгиз ва дарёларда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади. Бироқ сувда яшайдиган, сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сузадиган ва бошқа турдаги жониворни еманг. Улардан ҳазар қилинг. Бундай жониворлар сизлар учун жирканчдир. Уларнинг гўштини оғзингизга олманг, мурдасидан ҳазар қилинг. Сузгичи ва тангачалари бўлмаган ҳар қандай сув жонивори сизлар учун жирканчдир. Паррандалар орасидаги қуйидаги қушларни зинҳор еманг, улардан ҳазар қилинг, улар сизлар учун жирканчдир: қумой, болтаютар, тасқара, қизил калхат, қирғий ва унинг зоти, ҳар қандай қарға ва унинг зоти, туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти, япалоқ қуш, балиқчи укки, бойўғли, оқ бойўғли, бирқозон, жўрчи, лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак. Тўрт оёғида юрадиган ҳамма қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир. Лекин қанотли ҳашаротлар орасидаги, тўрт оёқда юрадиган баъзиларини ейишингиз мумкин. Оёқлари сакраш учун бўғинлар билан мосланган чигиртканинг ҳамма турини ва уларнинг зотини ейишингиз мумкин. Бошқа ҳамма тўрт оёқли, қанотли ҳашаротлар сизлар учун жирканчдир. Баъзи ҳайвонлар сизларни булғайди. Уларнинг ўлигига қўл теккизсангиз, кечгача ҳаром бўласиз. Ҳаром ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. У кечгача ҳаром бўлади. Туёқли, лекин туёқлари бутунлай айрилмаган ёки кавш қайтармайдиган ҳар қандай ҳайвон сизлар учун ҳаромдир. Бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам ҳаром бўлади. Тўрт оёғида юрадиган панжали ҳайвонлар ҳам сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан ҳар бир одам кечгача ҳаром бўлади. Бундай ҳайвоннинг мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин, у кечгача ҳаром бўлади. Улар сизлар учун ҳаромдир. Ерда ўрмалаб юрадиган майда жониворлардан сизлар учун қуйидагилар ҳаромдир: каламуш, сичқон, эчкемар ва унинг зоти, геккон, кулранг эчкемар, оддий калтакесак, чўл калтакесаги ва буқаламун. Буларнинг ҳаммаси сизлар учун ҳаромдир. Уларнинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади. Агар бундай жониворнинг мурдаси бирор нарсанинг устига тушса, ўша нарса ҳаром бўлади. Ҳаром бўлган бундай нарса — ёғоч, мато, чарм ёки қанордан бўлишидан ва нимага ишлатилишидан қатъий назар, уни сувга ботириб, чайиб олинг. Бу нарса кечгача ҳаром бўлиб, сўнг яна ҳалол бўлади. Борди–ю, бундай жонивор ўлиб, сопол идишнинг ичига тушса, идишдаги ҳамма нарса ҳаром бўлади. Шунда идишнинг ўзини ҳам синдиринг. Бундай идишдаги сув ҳар қандай овқат устига тушса, овқат ҳам ҳаром бўлади. Ҳаром идишдаги ҳар қандай ичимлик ҳаром ҳисобланади. Жониворнинг мурдаси тушган ҳамма нарса ҳаром бўлади. Мурда тандир ёки ўчоққа тушган бўлса, шу нарсалар ҳаром ҳисобланиб бузиб ташлансин. Уларни ҳаром деб билинг. Лекин мурда булоқ ёки сув йиғиладиган сардобага тушса, булоқ ва сардоба ҳалоллигича қолади. Аммо ўша жониворнинг мурдасига нимаики тегса, бу нарса ҳаром ҳисобланади. Борди–ю, мурда экиш учун ажратиб қўйилган уруғ устига тушса, уруғ ҳалол ҳисобланади. Аммо мурда сувда ивитилган уруғ устига тушса, уруғ ҳаром бўлади. Борди–ю, еса бўладиган ҳайвон ўлса, бундай ҳайвоннинг мурдасига теккан одам кечгача ҳаром бўлади. Унинг гўштидан еган ёки мурдасини кўтарган одам кийимларини ювсин. Бундай одам кечгача ҳаром бўлади. Ерда ўрмалаб юрувчи ҳар қандай жонивор сизлар учун жирканчдир. Уларни тановул қилманг. Қорни билан судралиб юрувчи, тўрт оёқли ва кўп оёқли жониворларни еманг. Улар сизлар учун жирканчдир. Бундай жониворларни еб, булғанманг. Улар туфайли ўзингизни ҳаром қилманг. Зотан, Мен Эгангиз Худоман. Ўзингизни Менга бағишлаб муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман. Ўрмалаб юрадиган жониворлар дастидан ўзингизни булғаманглар. Мен Эгангизман, Худойингиз бўлишим учун сизларни Мисрдан олиб чиққанман. Шундай экан, Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман. Ҳайвонлар, қушлар, сувдаги турли жониворлар ва ерда судралувчи жонзотларга оид қонунлар шудир. Сизлар ҳалолни ҳаромдан ажрата олинг, ейиш мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган тирик жониворларнинг фарқига боринг.” Жирканч ҳайвонларнинг гўштини еманг. Мана бу ҳайвонларни есангиз бўлади: мол, қўй, эчки, оҳу, кийик, буғу, ёввойи эчки, зубр, жайрон, архар. Айри туёқ ва кавш қайтарадиган ҳар қандай ҳайвонни тановул қилишингиз мумкин. Лекин кавш қайтарадиган ёки айри туёқ ҳайвонлардан туя, қуён ва суғурни еманглар, улар кавш қайтарса ҳам, туёғи айрилмаган. Бу ҳайвонлар сизлар учун ҳаромдир. Чўчқани ҳам еманглар, унинг туёғи айрилган, лекин кавш қайтармайди. У сизлар учун ҳаромдир. Бу ҳайвонларнинг гўштини еманглар, мурдасига ҳам тегманглар. Сувда яшайдиган сузгичи ва тангачалари бор ҳар қандай жониворни есангиз бўлади. Сузгичи ва тангаси бўлмаганларини еманг, улар сизга ҳаромдир. Ҳалол қушлардан хоҳлаганингизнинг гўштини есангиз бўлади. Қуйидаги қушларнинг гўштини ейиш мумкин эмас: қумой, болтаютар, тасқара, қирғий, қизил калхат ва унинг зоти, қарға зоти, туяқуш, лочин, қулоқли укки, қарчиғай ва унинг зоти, япалоқ қуш, бойўғли, оқ бойўғли, бирқозон, жўрчи, балиқчи укки, лайлак, оқ қарқара ва унинг зоти, сассиқпопишак, кўршапалак. Қанотли ҳашаротлар сизларга ҳаромдир, уларни еманглар. Аммо баъзи турдаги қанотли ҳашаротларни ейишингиз мумкин. Ўлимтикни еманг, уни шаҳрингизда яшаган мусофирга беринг, у еяверсин, ёки ўлимтикни бегонага сотинг, сизлар Эгангиз Худонинг муқаддас халқисиз. Улоқчани ўз онасининг сутида қайнатманг.
Выбор основного перевода