Выбор основного перевода
Открыть комментарий или сравнить с другим переводом
Выбор книги основного перевода
Параллельные места
Менга атаб йилда уч марта байрам қилинглар: Абиб ойининг белгиланган вақтида хамиртурушсиз нон байрамини нишонланглар. Сизлар ўша ойда Мисрдан чиққансизлар. Мен сизларга амр этганимдай, етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Ҳар ким Менинг ҳузуримга муносиб назрлар олиб келиши лозим. Буғдой ўримини йиғиштиришни бошлаганингизда, далангизга эккан уруғнинг илк ҳосилидан назр қилинглар. Шу орқали Ҳосил байрамини нишонланглар. Кузда даладаги ҳамма ҳосилингизни йиғиштириб бўлганингизда, Чайла байрамини нишонланглар. Ҳамма эркаклар ҳар йили шу учала байрамда Мен, Эгангиз Раббийнинг ҳузурига келиб сажда қилсин. Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирганингизда қуйидаги қоидага риоя қилинг: Борди–ю, қурбонликни ичган онтингиз бўйича келтирсангиз, ёки кўнгилдан чиқариб берсангиз, гўштини қурбонлик қилган кунингиз ва қолганини иккинчи куни ҳам есангиз бўлади. Агар бирортаси берган ваъдаси устидан чиқиш учун ёки кўнгилдан чиқариб, Эгамизга тинчлик қурбонлигини келтирмоқчи бўлса, подаси ёки сурувидан нуқсонсиз жониворни танлаб олсин. Қурбонлиги қабул бўлиши учун жонивор беками–кўст бўлсин. Эгамиз Шаббат кунидан ташқари бошқа байрамларни ҳам белгилаб берди. Бу байрамларда муқаддас йиғинларни ўз вақтида ўтказинглар. Биринчи ойнинг ўн тўртинчи куни кечқурун Эгамизга бағишланган Фисиҳ зиёфатини нишонланглар. Ўша ойнинг ўн бешинчи куни эса Эгамизга атаб хамиртурушсиз нон байрамини қилинглар. Етти кун давомида хамиртурушсиз нонлар енглар. Байрамнинг биринчи куни бутун халқ муқаддас йиғинга келсин. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Етти кун давомида ҳар куни Эгамизга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Байрамнинг еттинчи куни ҳам муқаддас йиғин ўтказинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига шундай деди: “Мен сизларга бераётган юртга кирганингиздан кейин, ҳар йили йиғиштирган ҳосилингизнинг биринчи боғламини руҳонийга олиб келинг. Шаббат кунининг эртасига руҳоний боғламни Мен, Эгангизга бағишлаганини кўрсатиб юқорига кўтарсин, шунда Мен назрингизни қабул қиламан. Ўша куни бир ёшли нуқсонсиз қўзини Менга куйдириладиган қурбонлик қилинг. Қўзи билан бирга зайтун мойи аралаштирилган саккиз коса сифатли унни дон назри қилинг. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Мен, Эгангизга ёқимли ҳид боради. Булар билан бирга икки коса шароб назрини келтиринг. Илк ҳосил назрини Менга келтирмагунингизча янги буғдойдан ёпилган нонни, қовурилган буғдой ва буғдой бошоқларини тановул қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин. Ҳосилингизнинг биринчи боғламини юқорига кўтариб, Мен, Эгангизга бағишлаган кунингиздан, яъни Шаббатнинг эртаси кунидан бошлаб, тўлиқ етти ҳафтани сананг. Эллигинчи куни, еттинчи Шаббатдан кейин, Менга янги дон назрини олиб келинг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, юқорига кўтариладиган назр учун икки дона нонни олиб келинг. Нонлар саккиз коса сифатли ундан, хамиртуруш қўшиб ёпилган бўлсин. Булар Менга келтириладиган илк ҳосилингиз назридир. Нон билан бирга еттита бир ёшли нуқсонсиз қўзини, битта буқани ва иккита қўчқорни олиб келинг. Буларни дон ва шароб назрлари билан бирга куйдириладиган қурбонлик қилинг. Оловда куйдирилган бу қурбонликдан Менга ёқимли ҳид боради. Булардан ташқари, битта такани гуноҳ қурбонлиги ва иккита бир ёшли эркак қўзини тинчлик қурбонлиги қилинг. Руҳоний иккита қўзини нонлар билан бирга Менга бағишлаганини кўрсатиш учун юқорига кўтаради. Мен — Эгангиз учун муқаддас бўлган бу назр руҳонийларники бўлсин. Ўша куни муқаддас йиғин эълон қилинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин. Далангиз ҳосилини ўрганингизда даланинг энг четидаги буғдойни ўрманг, ерга тушиб қолган буғдой бошоқларини ҳам терманг. Уларни камбағал ва мусофирларга қолдиринг. Мен Эгангиз Худоман.” Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига шундай деди: “Еттинчи ойнинг биринчи кунида тўлиқ дам олинглар. Бу кун карнайларнинг садолари билан нишонланадиган хотира кунидир. Ўша куни муқаддас йиғин ўтказинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар.” Эгамиз Мусога деди: “Еттинчи ойнинг ўнинчи кунида эса Покланиш кунини нишонланглар. Ўша куни муқаддас йиғин бўлсин. Рўза тутиб, Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Ўша куни ҳеч қандай иш қилманглар, чунки бу куни олий руҳоний Эгангиз Худо ҳузурида сизларни гуноҳларингиздан поклайди. Ўша куни рўза тутмаган одам халқ орасидан йўқ қилинсин. Иш билан машғул бўлган одамни ҳам Мен халқ орасидан йўқ қиламан. Ўша куни умуман ҳеч қандай иш қилманг. Қаерда яшашингиздан қатъий назар, бу сизлар учун авлодларингиз оша доимий қонун–қоида бўлсин. Бу куни Шаббат куни сингари тўлиқ дам олинг. Тўққизинчи куни кечқурундан бошлаб, кейинги куни кечқурунгача рўза тутинг.” Эгамиз Мусо орқали Исроил халқига шундай деди: “Еттинчи ойнинг ўн бешинчи кунидан бошлаб етти кун давомида Менга атаб Чайла байрамини нишонланглар. Байрамнинг биринчи куни муқаддас йиғин қилинглар. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Етти кун давомида ҳар куни Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Саккизинчи куни ҳам муқаддас йиғин қилинглар, Менга қурбонлик келтириб, оловда куйдиринглар. Бу охирги муқаддас йиғин кунидир. Ҳар кунги ишларингиз билан машғул бўлманглар. Шаббат кунлари, янги ой ва бошқа белгиланган байрамларда қурбонликлар куйдирилганда ҳам шукроналар айтиб, ҳамду санолар куйлаш уларнинг зиммасида эди. Эгамизнинг ҳузурида доимо хизмат қилаётган левиларнинг сони қоидага мувофиқ бўлиши шарт эди. Эгамизнинг қонунига кўра, ҳар куни эрталаб ва кечқурун, Шаббат кунлари, янги ой шодиёналари ва тайинланган байрам кунлари куйдириладиган қурбонликлар келтирилиши лозим эди. Шоҳ Ҳизқиё ўзининг шахсий мулкидан бу қурбонликлар учун ҳайвонларни берди.
Выбор основного перевода